ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Чеченистон раҳбари ўзига суиқасд уюштирилаётгани ҳақидаги миш-мишларни киноя ила қарши олди, деб хабар қилади РИА Новости.
Илгарироқ ОАВларда Рамзан Қодиров тез-тез қадамранжида қиладиган қароргоҳлардан бирида фитначилар томонидан портловчи модда жойлаштирилгани ҳақида маълумот чоп этилган эди. "Куч ходимлари Беной қишлоғида тайёрланган суиқасдни бартараф этишга муваффақ бўлдилар", — дейилган эди хабарда.
Ушбу янгилик чоп этилгач, ушбу борада изоҳ қолдираётганлар орасида kadyrov_95 аккаунти остида "мақола қаҳрамони"нинг ўзи ҳам пайдо бўлган ва "нега бундан мен бехабарман?" дея савол ташлаган.
Рамзан Қодиров 2007 йилнинг феврал ойидан буён Чеченистонга раҳбарлик қилиб келади. Жорий йилнинг 18 сентябр куни у қайта сайланди. Қодиров учун мамлакатнинг 98% аҳолиси овоз берган.