ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Интерактив мунозара клуби ташкил этилди, деб хабар қилди Ўзбеккино миллий агентлиги матбуот-хизмати.
Қайд этилишича, интерактив мунозара клубида кинолойиҳалар ва филмларни профессионал баҳолаш жамоатчилик асосидаги экспертлар гуруҳи томонидан амалга оширилади. Кенгаш таркибига маданият ва санъат арбоблари, киношунослар, ссенарист ва режиссёрлар, кинематография ташкилотлари вакиллари киритилади.
Киноижодкорлар ўзларининг лойиҳалари ёки тайёр филмларини Интерактив мунозара клуби муҳокамасига қўйиш ва малакали мутахассисларнинг зарур тавсияларини олиш орқали бадиий жиҳатдан сифатли кино асарлари яратиш имкониятига эга бўладилар.
Интерактив мунозара клуби Кинематографияни ривожлантириш марказида фаолият юритиб, кинолойиҳалар ва филмларни муҳокамага қўйиш учун маблағ ундирилмайди.