Ўзбекистон ИИВ академик лицейлари ташкил этилди

© СтрингерМилиция автомобили
Милиция автомобили - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Академия кундузги таълим шаклига қабул фақат ИИВ академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек ички ишлар органлари ходимлари таркибидан амалга оширилади

ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Республикада мавжуд 2 та коллеж ва 12 та академик лицей негизида, ҳар бир минтақада биттадан, жами 14 та ИИВнинг академик лицейлари ташкил этилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.

Академия МВД - Sputnik Ўзбекистон
Келаси йилдан ИИВ Академиясига талабалар имтиҳонсиз қабул қилинади
Таъкидланишича, академик лицейлар Ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган дастлабки касбий билим, юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш, ИИВ олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш бўйича самарали тартибни жорий этиш мақсадида ташкил қилинган.

Жумладан:

Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 2-сонли Нукус академик лицейи негизида ИИВ Қорақалпоқ академик лицейи;

Андижон машинасозлик институти қошидаги академик лицей негизида ИИВ Андижон академик лицейи;

Бухоро давлат университети қошидаги 4-сонли академик лицей негизида ИИВ Бухоро академик лицейи;

Жиззах педагогик институти қошидаги 2-сонли академик лицей негизида ИИВ Жиззах академик лицейи;

Қарши иқтисодиёт институти қошидаги 2-сонли академик лицей негизида ИИВ Қашқадарё академик лицейи;

Навоий ахборот ва электрон саноат касб-ҳунар коллежи негизида ИИВ Навоий академик лицейи;

Наманган давлат университети қошидаги 2-сонли академик лицей негизида ИИВ Наманган академик лицейи;

Самарқанд давлат хорижий тиллар институти қошидаги академик лицей негизида ИИВ Самарқанд академик лицейи;

Ўзбекистон ИИВ Академиясида рус ва хитой тиллари курслари ташкил этилади
Гулистон давлат университети қошидаги 4-сонли академик лицей негизида ИИВ Сирдарё академик лицейи;

Термиз давлат университети қошидаги 5-сонли Жарқўрғон академик лицейи негизида ИИВ Сурхондарё академик лицейи;

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Учтепа академик лицейи негизида ИИВ 1-сонли Тошкент академик лицейи;

Байтқўрғон хизматлар соҳаси ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи негизида ИИВ 2-сонли Тошкент академик лицейи;

Фарғона политехника институти қошидаги 3-сонли академик лицей негизида ИИВ Фарғона академик лицейи;

Урганч давлат университети қошидаги 3-сонли академик лицей негизида ИИВ Хоразм академик лицейи ташкил этилган.

ИИВ академик лицейларининг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, уларга амалий жиҳатдан ва ахборот-ресурс­лари орқали кўмаклашиш — Академия томонидан, уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш, ташкилий-кадрлар ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари билан ҳамкорлигини таъминлаш эса Ички ишлар вазирлиги Кадр­лар бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Шу муносабат билан Академияда "Академик лицейлар билан ишлаш бўлими" ташкил этилди.

ИИВ академик лицейлари директорларининг лавозимлари "полковник" унвонидаги Академия касбий тайёргарлик факультети бошлиғига тенглаштирилди. Улар лавозимга Ички ишлар вазири томонидан тайинланади.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Академия кундузги таълим шаклига қабул фақат ИИВ академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек ички ишлар органлари ходимлари таркибидан амалга оширилади.

ИИВнинг бошқа олий таълим муассасаларига ўқишга киришда ИИВ академик лицейларининг битирувчилари учун имтиёзли шартлар белгиланди.

ИИВ олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган ИИВ академик лицейларининг битирувчилари Ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган тартибда устунлик асосида ички ишлар органлари хизматига қабул қилинади.

Янгиликлар лентаси
0