Туман ҳокимлари ҳудудида инфляцияни жиловлашга шахсан жавоб беради

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.08.2023
Oбуна бўлиш
Президент ҳокимларни нархларни жиловлаш тадбиркорларга маҳсулотини мажбурлаб арзон нархларда соттириш ҳисобидан бўлмаслиги кераклигидан огоҳлантирди.
ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Ўзбекистонда бундан буён туман ҳокимлари ҳудудида инфляцияни жиловлашга шахсан жавоб беради. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Бухородаги йиғилишда маълум қилди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Йиғилишда давлат раҳбари такрорий экинлар экилиши ҳолатига тўхталиб ўтди.
Маълум қилинишича, июль ойида йиллик инфляция даражаси 8,9 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотларида эса 10,7 фоизни ташкил қилди. Бу борада картошка, пиёз, ун ва ёғ маҳсулотлари ўтган йилга нисбатан арзонлашгани муҳим омил бўлди.
Лекин такрорий экин экиш ишлари тўғри ташкил этилмагани боис айрим ҳудудларда сабзи нархи 52 фоизгача ошган, помидор 2 баробар қимматлаган, бодринг нархи 1,7 баробаргача ўсган.
Бундан ташқари, республика бўйича бор-йўғи 44 минг гектарга картошка такрорий экин сифатида экилган.
Йиғилишда бундан буён туман ҳокимлари ҳудудида инфляцияни жиловлашга шахсан жавоб бериши таъкидланди.
“Шу ўринда ҳокимларни қатъий огоҳлантираман. Нархларни жиловлаш тадбиркорларга маҳсулотини мажбурлаб арзон нархларда соттириш ҳисобидан бўлмаслиги керак. Бу ишлар фақат ва фақат такрорий экинларни кўпайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш орқали таъминланиши шарт”, - деди Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев икки кунлик ташриф билан Бухоро вилоятида бўлиб турибди. Президент ташриф давомида саноат корхоналари ва маҳаллалар ҳаёти билан танишди, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширди.
Янгиликлар лентаси
0