Энди кўп квартирали уйларни қарздорлик бўлмагандагина сотиш мумкин бўлади

© Sputnik / Актан ТемиркановТашкент-Сити.
Ташкент-Сити. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.08.2023
Oбуна бўлиш
Кўп квартирали уйлардаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан қарздорлик мавжуд эмаслиги текширилгандан кейин тасдиқланади.
ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Энди Ўзбекистонда кўп квартирали уйлардаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар қарздорлик мавжуд эмаслиги текширилгандан сўнг тасдиқланади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган ПҚ–278 сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, республикадаги чегаралари белгиланмаган кўп квартирали уйларнинг туташ ер участкалари чегаралари белгиланиб, “YERELEKTRON” ахборот тизимига киритилади.
2024 йил 1 январдан:
кўп квартирали уйлардаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан мулкдорнинг мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги текширилгандан кейин тасдиқланади;
мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг энг кам миқдори Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланади;
агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни тозалашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларида ёки чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш операторлари билан келишилган махсус жойларда йиғишга рухсат этилади.
Ширкатлар ва бошқарувчи ташкилотларнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари олдидаги қарздорлиги ва улар учун ҳисобланган жарималарнинг тўлов муддати 2024 йил 1 октябргача кечиктирилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилади:
кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ва жойлар мулкдорлари томонидан иссиқлик таъминотидан фойдаланишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулк ва уларга туташ ер участкаларида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш ишларининг қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда шу йилнинг биринчи ярим йиллигида кўчмас мулкнинг олди-сотди бўйича битимлар сони деярли 131 мингтани ташкил этиб, йиллик ўсиш 3,9%га ошди.
Ўтган йили Тошкент ҳокимлиги аҳолини квартира сотиб олаётганда ҳушёр бўлишга чақирган эди. Қайд этилишича, сўнгги пайтларда айрим қурилиш ташкилотлари қурилиш лойиҳалари ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши томонидан тасдиқланмаган ва экспертизадан ўтмаган кўп қаватли уйлардаги хонадонларни сотмоқда.
Янгиликлар лентаси
0