Ўзбекистон аралаш сайлов тизимига ўтадими — депутатлар фикри

© Пресс-служба Законодательной палатыЗаседание Законодательной палаты Олий Мажлиса
Заседание Законодательной палаты Олий Мажлиса - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.10.2023
Oбуна бўлиш
Партия рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланмоқда.
ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Энди Ўзбекистонда депутатлар сайлови мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ўтказилаётган навбатдаги ялпи мажлисда маълум қилинди.
Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасини муҳокама қилишмоқда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, сайлов кодексига Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш таклиф этилмоқда. Жумладан, сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда.
© Законодательная палата Олий Мажлиса Депутат Жахонгир Ширинов
 Депутат Жахонгир Ширинов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.10.2023
Депутат Жахонгир Ширинов

"Партия ўз дастури орқали халқни ишонтира олсагина муайян овозга эришади. Бу эса жамиятда сиёсий хилма-хилликни таъминлайди", — деди депутат Жаҳонгир Ширинов.

Унинг сўзларига кўра, аралаш сайлов тизимига ўтилиши муносабати билан Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрсидаги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тўғрисидаги Конституциявий қонунлардан ва Сайлов кодексидан Қонунчилик палатасига сайлов фақатгина ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича ўтишини назарда тутувчи нормалар чиқариб ташланмоқда.
Сайловларнинг мажоритар ва пропорсионал тизимини назарда тутувчи қоидалар Сайлов кодексига киритилмоқда. Жумладан, сайлов округлари етмиш бешта ҳудудий бир мандатли ҳамда ягона сайлов округига бўлинмоқда.

"Бунда партия рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланмоқда. Яъни Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати амалдагидек мажоритар тизим асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхат бўйича янги таклиф этилаётган пропорсионал тизим асосида ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда", — дея қўшимча қилди депутат.

Шунингдек, партия рўйхатига ҳам гендер тенглигини таъминлаш мақсадида худди мажоритар тизим бўйича номзодларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлиши назарда тутилмоқда.
Агар пропорционал тизим асосида шакиллантирилган депутатлик ўрни бўшаб қолса, тегишли партия рўйхатдаги кейинги навбатдаги мандатга эга бўлмаган номзодлар ҳисобидан тўлдирилиши белгиланмоқда.
"Ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида 7 фоизи овозини олган партия белгиланган тартибда депутатлик ўрнига эга бўлиши белгиланмоқда. Агар хеч қайси партия камида 7 фоиз овозни тўплай олмаса, сайлов ўтмаган деб топилади", — деди Ширинов.
Ягона сайлов округи бўйича сайловчиларнинг овози асосида депуталик ўринларини партиялар ўртасида тақсимлашнинг аниқ тартиби ўрнатилмоқда. Бунда пропорционал сайлов тизимида 7 фоизлик чегарадан ўтган партияларга ёқлаб берилган умумий овозлар сони 75 та депутатлик ўрнига бўлинади ва бундан келиб чиқадиган рақам сайлов коэффициенти ҳисобланади. Сўнгра ҳар бир партияга ёқлаб берилган овозлар сони сайлов коэффициентига бўлинади. Ундан чиққан сон эса ҳар бир партияга бериладиган депутатлик ўрнига тенг бўлади.
Агар яхлит бўлмаган қолдиқ сонлар вужудга келиб, баъзи депутатлик ўринлари тақсимланмасдан қолса, уларни ҳам тақсимлашнинг аниқ тартиби Кодексда очиб берилмоқда.
Шунингдек Сайлов кодексига сайлов комиссияларининг вертикал тизимини назарда тутувчи қоидалар, хусусан Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссияси, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссияси ва участка сайлов комиссияси тузилмаси таклиф этилмоқда. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнига ҳудудий сайлов комисссияларини тузиш назарда тутилмоқда.

"Президент ва депутатлик сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузиш тартибидан вос кечиш ҳамда уларнинг вазифаларини ҳудудий комиссияларга юклаш таклиф этилмоқда. Округ сайлов комиссиялари фақатгина, халқ депутатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича тузилиши мумкин бўлади", — деди депутат.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси (МСК) аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши белгиланмоқда.
МСКнинг доимий асосда ишловчи аъзолари сонини 7 нафардан 9 нафарга оширилмоқда. Жамоатчилик асосида ишловчилар фаолияти тугатилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Яъни, мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда.
Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳасини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали ҳамда Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши юзасидан қарор қабул қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистон аралаш сайлов тизимига ўтиши хабар қилинган эди.
Маълумот учун, халқаро тажрибада сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш турлари мавжуд. Шу кунгача Ўзбекистонда сайлов жараёнлари мажоритар сайлов тизимида ўтказилган.
"Ma'no" илмий ташаббуслар маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг мажоритар сайлов тизимидан аралаш сайлов тизимига ўтиши мамлакатда сиёсий партияларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аралаш сайлов тизими депутатлик мандатларининг бир қисми ҳукуматнинг барқарор шаклланишига ҳисса қўшадиган мажоритар тизим тамойиллари бўйича, иккинчи қисми эса пропорционал тизим тамойилларига мувофиқ тақсимланади. Овозларни тўлиқроқ ҳисобга олиш ва мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг ҳақиқий манзарасини аниқроқ акс эттиради.
Янгиликлар лентаси
0