Маданият ва санъат ходимларига уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратилади — муносабат

© Sputnik / Нина Зотина / Медиабанкка ўтишУй калити
Уй калити - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.11.2023
Oбуна бўлиш
Бугунги кунда маданият ва санъат соҳасида 36 мингдан ортиқ ходимлар фаолият олиб бормоқда.
ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Маданият вазирлиги санъат соҳаси вакилларига уй олиш учун субсидия берилиши ҳақидаги қарор атрофидаги муҳокамаларга расмий муносабат билдирди. Бу хақда Маданият вазири маслаҳатчиси Шавкат Ортиқов Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
“Маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ҳаммаси ҳам бир хилда тўй-ҳашам, туғилган кун ёки бошқа тадбирларда хизмат кўрсатиш, қўшимча даромад топиш имкониятига эга эмас. Санъат соҳаси жуда кенг доирани ўз ичига қамраб олади. Улар орасида чироқ усталари, техник ходимлар, созандалар бор, театр пардаси ортида минглаб ходимлар ишлайди. Албатта, уларнинг маоши уй сотиб олишга етмайди”, - дейди Шавкат Ортиқов.
Бугунги кунда маданият ва санъат соҳасида 36 мингдан ортиқ ходимлар фаолият олиб бормоқда.
“Маданият ва санъат соҳасидагиларнинг 850 нафардан зиёди олий таълим тизимида, 2500 нафари ўрта ва ўрта махсус таълим тизимида, 12 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар болалар мусиқа ва санъат мактабларида, 9 минг нафардан кўпроқ мураббийлар маданият марказларида, 6 минг нафардан ортиқ ижодкорлар театр ва цирк соҳасида, 2 900 нафардан ортиқ санъаткор ва ижодкорлар концерт-томоша соҳасида меҳнат қилиб келмоқда”, - дейди Ортиқов.
Унинг таъкидлашича, маданият ва санъат соҳаси ривожига катта ҳисса қўшаётган маданият вакилларининг аксарияти оилавий ётоқхоналарда истиқомат қилмоқда.
“Қолаверса, халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаб, Ватанимиз номини улуғлашга ҳамда маданият ва санъат соҳаси ривожига катта ҳисса қўшаётган маданият ва санъат соҳаси вакилларининг аксарияти узоқ йиллардан буён оилавий ётоқхоналарда яшаб келмоқда” – дея қўшимча қилди у.
“Мен билган кўплаб эски санъаткорлар ўз уй-жойи бўлмаганидан асосан ижарада яшаб ўтиб кетишган. Фикримча, санъаткор эркин ижод билан шуғулланиши учун унда бундай муаммолар бўлмаслиги керак”, - деди Маданият ва санъат институти катта ўқитувчиси Хайрулла Лутфуллаев Sputnik мухбирига.
© Махфуза ГаффароваХайрулла Лутфуллаев
Хайрулла Лутфуллаев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.11.2023
Хайрулла Лутфуллаев
Маълумот учун, “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун маданият ва санъат ходимларига субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси борасидаги таклифлар 22 ноябрга қадар қабул қилинади.
Соҳага доир зарурий маълумотларни вазирлик матбуот хизмати ёки расмий веб-сайтидан олиш мумкин.
Янгиликлар лентаси
0