Энди йўл қоидаси бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида келмаса, бекор бўлиши мумкин

© Sputnik / Abdubakir YunusovОсень в Ташкенте
Осень в Ташкенте  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.04.2024
Oбуна бўлиш
Йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида келмаса бекор бўлади.
ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида келмаса, бекор бўлади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ялпи мажлисда маълум қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан қуйидаги ҳолларда ишни кўриб чиқишни тугатиш белгиланмоқда:
автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса;
махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга 48 соат ичида юборилмаса.
“Амалдаги қонунчиликда аниқ муддат кўрсатилмагани сабабли фото ва видео қайд этиш воситалари ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида улар содир этилган вақтдан бошлаб бир неча кун, айрим ҳолларда бир неча ой ўтгандан сўнг ижрога келиб тушаётганлиги фуқароларнинг содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатини тан олмаслик ёки тўпланиб қолган жарималарни тўлашда қийналишга олиб келган ва асосли эътирозлар келиб чиқармоқда. Шу сабабли мазкур масалани ҳал этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17-1-моддасини 6-қисми билан тўлдириб, унда фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликларни қайд этишнинг янги тартибини белгилаш таклиф этилмоқда”, — деди Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев.
Унинг сўзларига кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги маъмурий амалиёт тизимига келиб тушиши керак. У эса 15 кун ичида жарима солиш тўғрисида қарор чиқариши лозим, акс ҳолда ҳайдовчи жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш белгиланмоқда.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17-1-моддаси 5 қисмига тез тиббий ёрдам ва ёнғин қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши билан боғлиқ нормани чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда”, — дея қайд этди Абдуллаев.

Ички ишлар вазири ўринбосари маълум қилишича, 2020-2023 йилларда жами 20 минг 596 та ҳолат, ундан 10 минг 444 таси мамурий ишлар тугатилган. 10 минг 173 тасида ёнғин қутқарув ва тез ёрдам ҳайдовчиларига жарималар олинган.
Шунингдек, лойиҳада кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситалари ҳамда индивидуал ҳаракатланиш воситаларини (скутер, мопед, велосипед ҳайдовчи, индивидуал ҳаракатланиш воситасини, уловли аравани бошқариб борувчи шахс томонидан содир этилиши) бошқариш жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Янгиликлар лентаси
0