Ўзбекистон стратегик тарғибот зарбаси остида

© Sputnik / Алексей ТихомировИгорь Николайчук
Игорь Николайчук - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатишнинг янги технологиялари Ўзбекистон ҳукумати ва ўзбек халқининг қай даражада мустаҳкам эканлигини синовдан ўтказади

Игорь Николайчук, Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти

Мен Американинг Ўзбекистонга мўлжалланган ахборот узатиш тизимини эшакка ўхшатган бўлардим. Айнан ўзбек мақолида келтирилган маънода: эшакнинг гўшти ҳаром, меҳнати ҳалол. Нима назарда тутилмоқда? Ўзига хос ва ўзбеклар ҳазм қила олмайдиган ахборот – бу албатта гўшт. Журналистларнинг тиришқоқлик билан малакали иш олиб боришлари – бу эса ўз навбатида халқ мақолида тилга олинган эшакнинг ҳалол меҳнати.

Дарвоқе, АҚШ ташқи сиёсий тарғибот органлари ходимларининг ҳамма ишлари беш, дея ўйламаслик лозим. Бу органлар инсониятни америкалик ташкилотчилар кузатуви остида америкача орзуга мойил қилиш бўйича олиб борилаётган ишларда самарасиз фаолият кўрсатаётгани учун аёвсиз танқидга дуч келишмоқда. Қўшма Штатларда демократик маъмуриятнинг республикачи рақиблари томонидан мунтазам равишда чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурламоқда: барча "Америка овози" ва "Озодлик"ларни тарқатиб юбориш керак; "Овоз"ни Америкада яшаш яхши эканлиги ҳақида ҳикоя қилиб беришлари учун дипломатларга бериш керак, дунё халқлари тилларидаги янгиликлар ресурсларини эса тижоратлаштириб, таҳририятларни давлат грантларига ўтказиш керак. Лекин буларнинг барчаси, рус таъбири билан айтганда, ўликни даволаган билан баробар бўлади.

Акежан Кажегелдин - Sputnik Ўзбекистон
Эксперт: АҚШ учун Ўзбекистондан қизиқроқ давлат йўқ

Бунга оддийгина изоҳ бор. Ўз миллий манфаатларини Марказий Осиё мамлакатларида ҳимоя қилар экан (нафақат АҚШда, балки дунёнинг барча давлатларида амалдорлар, хусусан журналистларга айнан шунинг учун ҳақ тўланади) минтақадаги ахборот-коммуникацион хуружлар стратеглари Ўзбекистоннинг (бу уларнинг таъбири, бизнинг эмас) "ёпиқ", у ерда "автократик режим" ҳукм суришидан келиб чиқиб фикрлашади, демак, бечора ўзбекистонликлар ҳаққоний ахборотдан маҳрум. Шунинг учун зудлик билан Ўзбекистон Республикасини муқобил ахборот билан тўлдириш керак. Ана шунда Ўрта Осиёнинг қадим заминида ҳам демократия қуёши нур сочади.

Ўзбек ёшларининг қайсидир қисми елкасини қисиши мумкин: нима бўпти, улар қонунни бузишмаяпти, ишлари ёмонмас. Лекин қариялар эслашади, Совет Иттифоқини ҳам худди шу тарзда парчалашган: "тоталитар" телевидение — Москвадаги ўзбек маданияти кунлари ҳақида кўрсатув беради, "Америка овози" эса — қандайдир миллатчи, ўзгача фикрловчи йигитнинг ҳибсга олингани ҳақида. Бу ҳибсга олинишмиди ёки шунчаки тегишли органларда профилактик суҳбатмиди, умуман шундай йигит аслида борми — бу муҳим эмас!

Хўш, ўшандан буён нималар ўзгарди? 2005 йил майида "Озодлик"/"Озод Европа" радиоси Андижон воқеаларини шундай "муқобил" ёритдики, шу заҳоти аккредитациядан маҳрум бўлиб Ўзбекистондан учиб кетди. Учганда ҳам анчагина қушлар учиб кетишди! Ўша пайтда "Озодлик"нинг Тошкентдаги ўзбекча ресурсида тўққиз нафар ижодий ходим бор эди. Радиостанция кунига олти соат ўзбек тилида эшиттириш берарди. "Ҳукуматга қарши" янгиликларни дунё бўйлаб 23 нафар ахборот тўпловчи йиғарди. Мана, мамлакатлар бўйича тақсим: Ўзбекистон — 14 киши, Россия — 1, Тожикистон — 2, Туркия — 1, Афғонистон — 2, Қирғизистон — 1, Буюк Британия — 1. Тушунарлики, бундай турдаги тармоқлардан олинадиган янгиликлар нафақат муқобилчи журналистлар учун, балки АҚШ разведка хизмати учун ҳам бебаҳо совғадир.

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева - Sputnik Ўзбекистон
Эксперт: Ғарбнинг Ўзбекистон ҳақидаги тахминлари пуч бўлиб чиқди

Америкаликлар Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатларни тўғри ўрната олишмади – бўптуради. Хулоса чиқаринг, йўлини топинг, ҳаммасини воқеликка мослаштиринг. Миллий манфаатлар ҳақида ҳам ўйлаш керак-ку! Аммо йўқ! "Америка овози"нинг ўзбек таҳририяти қандайдир қайсарлик билан энди нейтрал ҳудудда туриб бу давлатга муқобил ахборот тайёрлаш ва узатишни давом эттирди. Аммо бу ерда муҳим тафсилот бор. Мақола бошида эслатиб ўтилганларга пиар, ўзини реклама қилиш зарур. Шунинг учун америкалик журналистлар Ўзбекистон Президенти Каримовнинг вафотидан ўзларининг ишдаги муваффақиятлари ҳисоботи сифатида фойдаланишди.

Энг аввало, Ислом Каримовнинг вафоти ва ҳокимият алмашиши билан боғлиқ воқеаларни ёритишда америкалик журналистлар "рақамли технологиялар имкониятидан фойдаланиб Ўзбекистон фуқароларининг эътиборини тортишгани", бу эса ўз-ўзидан "юқори даражада ёпиқ бўлган бу мамлакатда ҳокимиятнинг ахборот оқимини назорат қилиш истагини йўққа чиқариши" ҳақида баёнот беришди. Ҳукуматга қарши ахборот эндиликда ўзбекистонликлар орасида ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётганлиги оламшумул натижа деб эътироф этилди. Ўзбек таҳририяти раҳбари Алишер Сидиқовнинг "Озодлик" радиоси фаолияти ҳақидаги сўзларига кўра, замонавий медиа технологияларидан фойдаланиш мураккаб минтақавий сиёсий воқеликларга мослаштирилди ва шунинг учун "энди авторитар режимлар медиа маконини назорат қила олишмайди; бу бурилиш даври!".

Албатта, буларнинг барчаси рақамлар билан мустаҳкамланган. 2016 йилнинг 28 августи-4 сентябри оралиғида "Озодлик" ахборотлари билан танишиш учун смартфонлар учун мўлжалланган Telegram бепул мессенжери орқали 3,8 млн марта ташриф буюрилган, бу ўзбек аудиторияси томонидан кириладиган оддий оқимга нисбатан уч марта кўпдир. Ўзбекистонда тақиқланганига қарамасдан, ресурснинг вебсайтига 1,5 млн марта ташриф буюрилган, фойдаланувчиларнинг ярмидан оз бўлмаган қисми айнан Ўзбекистон ҳудудидан кирган. 2 сентябр куни, Каримовнинг вафоти эълон қилинганида "Озодлик"/"Озод Европа" сайтига 2 млн киши кирган; бу натижа 2014 йил 20 февралда Киевдаги Мустақиллик майдонида Украина таҳририятининг снайперлар ўқ узиши ҳақидаги жонли эфирида эришилган натижадан кейинги ўринда турибди. Каримов вафотидан олдинги кунларда "Озодлик" Ўзбекистондан 40 мақола, 15 видеолавҳа ва 8 фотолавҳа уюштирган.

Бироқ, бизнингча, бажарилган бу ишлар касбий ҳурмат уйғотса-да, бу рақамлардан ҳеч қандай оламшумул нарса келиб чиқмайди.

Аммо, ижтимоий тармоқлар мамлакатдаги жамоатчилик фикрига жиддий путур етказади деб ўйламайман. Бундан қўрқинчлироқ бошқа нарса бор. Бу айнан нималигини бошқа "осиё" таҳририятлари мисолида кўрсатган маъқул. 26 октябр куни Афғонистондаги Кхор вилоятида террорчилик хуружи содир этилди. 30 нафар тинч аҳоли қурбон бўлди. 25 октябр куни Покистондаги полиция академиясига ҳудкушлар ҳужум қилди. 59 нафар талаба ҳалок бўлди. Террорчилик ҳужумлари учун жавобгарликни албатта ИШИД ўзига олди. Бу шунчаки. Америкалик журналистлар иккала ёвузликни ҳам ўзбеклар содир этишганини атайлабдан ажратиб кўрсатишди. Кимлиги номаълум, лекин ўзбеклар!

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.

Янгиликлар лентаси
0