23:36 19 Феврал 2017
Эфир
Ражаб Тойиб Эрдўғон

Эрдўғон Ўзбекистонга нега келмоқда?

© REUTERS/ UMIT BEKTAS
Аналитика
Ҳавола олиш
815 0 0

Туркия раҳбари Ўзбекистонга 13 йил ичида илк бор унинг таъбири билан айтганда, икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очиш учун ташриф буюрмоқда

ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik, Антон Курилкин. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон катта турнега отланмоқда. Давлат раҳбари 16 ноябр куни Покистонга ташриф буюрди, 17 ноябр куни эса Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонга келади. Туркия давлати етакчиси Ўзбекистонда икки кун давомида бўлади.

Эрдўғон парвоз олдидан ўтказилган матбуот анжуманида "Биз ўзбек биродарларимиз билан муносабатларнинг янги саҳифасини очишни истаймиз" деди.

Муносабатларнинг жонланиши

Бундай юқори даражадаги сўнгги учрашув бундан 13 йил илгари бўлган – ўшанда бош вазир бўлган Эрдўғон Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан келганди — 1999 йилда Анқарага Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташриф буюрганди.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, архив сурат
Пресс-служба президента Украины

Ўшандан кейин Каримов ҳам, Эрдўғон ҳам ўзаро ташрифларни амалга оширмадилар ва аналитикларнинг айтишларича, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ташқи сиёсатдаги келишмовчиликлар сабабли сезиларли даражада совиб кетди. Масалан, Туркия Ўзбекистонда давлатга хиёнат қилишда айбланган сиёсатчи ва адиб Муҳаммад Солиҳга бошпана берди.

Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ҳам ҳавас қиладиган даражада эмас. Ўтган йили савдо ҳажми рекорд даражада қисқариб кетди. Туркия ТИВ маълумотларига қараганда, 2015 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил этди, бунда асосан Ўзбекистондан Туркияга экспорт ҳажми қисқарди: 2011 йилда 939 миллион доллар, ўтган йили эса 711,5 миллион долларлик маҳсулот. 

Ҳамкорлик йиллари давомида Туркиянинг Ўзбекистонга киритган инвестициялари умумий миқдори 1 миллиард долларни ташкил этди — таққослаш учун, фақатгина 2015 йилда Ислом Каримовнинг Жанубий Кореяга қилган бир ташрифи давомида томонлар 5,5 миллиард долларлик шартномаларга имзо чеккан.

Туркиянинг TIKAси Кореянинг KOICA ва Япониянинг JICA ҳамда JETRO компанияларидан ортда. Агарда корейс ва япон агентликлари Ўзбекистонга йилига бир неча миллионлаб доллар киритаётган бўлса, турк агентлиги сайти маълумотига кўра, Ўзбекистонда атиги битта лойиҳа амалга оширилган – Қарши шаҳрида компьютер синфи жиҳозланган. Бироқ 2014 йилда TIKAнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида Туркия элчиси гапириб берганди.

Намик Гюмер Эрпулнинг айтишича, TIKA таълим, соғлиқни сақлаш ва экология соҳаларида бир нечта лойиҳаларни амалга оширган. Бироқ TIKA томонидан нечта лойиҳа амалга оширилганига элчи аниқлик киритмади.

Геосиёсий сабаб

Россия ФА шарқшунослик институтининг катта илмий ходими Владимир Аҳмедовнинг Sputnik Ўзбекистонга айтишича, Эрдўғоннинг ташрифи Туркия етакчисининг мамлакат геосиёсий мавқеини мустаҳкамлаш истаги билан боғлиқ.

"Эрдўғон Туркиянинг ички муаммоларини фаол ташқи сиёсат эвазига ёпиши лозим. У Ироқда, Сурияда фаол ҳаракат қилмоқда ва Ўзбекистон билан алоқаларни тиклаш истагида", — деди эксперт.

Аслида, мазкур ташриф тўқсонинчи йилларда СССР тарқалганидан кейин Туркия кириб келган минтақасига яна қайтиши учун керак. Фақатгина 1990-йилларда Анқара ушбу минтақага 10 миллиард долларлаб пул тикканди. Турклар қўшма корхоналар тузишдан ҳам манфаатдор.

Экспертнинг фикрича, Туркиянинг Марказий Осиёга қайтишини бир неча омиллар қийинлаштириши мумкин: булар Россия ва Эроннинг хавотири, Туркиянинг Яқин Шарқдаги фаол сиёсати ва араб инқилоблари ҳамда Яқин Шарқдаги инқироз сабабли Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг ҳушёрлиги.

Умуман олганда, Аҳмедовнинг айтишича, Эрдўғоннинг ҳозирги ташрифи президент Путин билан суҳбатларда муҳокама қилинган — Туркияга бомбардимончи самолёт билан юз берган ҳодисадан сўнг ўзаро алоқалар зўрға тикланган Россиянинг хавотирланиши учун ортиқча важлар керак эмас. Ҳа, эҳтимол Эрдўғон муносабатларда янги саҳифа очиш истаги билан бирга минтақада хавфсизликни кучайтириш бўйича таклифлари билан ҳам ташриф буюради.