16:55 11 Декабр 2016
Эфир
Сайловга бағишланган плакат

Ўзбекистондаги сайловлар: дунёни титратмайдиган 10 кун

Sputnik / Стрингер
Аналитика
Ҳавола олиш
70302

Ўзбек менталитетини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, ўтган йиллардаги сайловларда бўлгани каби 4 декабр кунги сайловда ҳам барча фуқаролар қатнашишади

ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда Президентлик сайловлари бўлиб ўтишига 10 кун қолди. Мазкур муҳим сиёсий воқеага мамлакатда қандай тайёргарлик кўрилаётгани, номзодлар сайловчиларни ўз томонларига оғдириш учун қандай ҳаракат қилишаётгани ҳақида Sputnik Тожикистон мухбири фикр юритади.

Сайловлар илк марта Ўзбекистоннинг узоқ йиллик раҳбари Ислом Каримов иштирокисиз ўтиши аҳолининг улкан қизиқишига сабабчи бўлиши керакдек эди. Аммо сиёсат майдонида узоқ вақт давомида ягона номзоднинг етакчилиги ва муносиб номзодларнинг бўлмаслиги аҳолининг қизиқиши деярли йўқолишига олиб келди.

Биз танлаймиз, бизни танлашади

Ўзбекистонликлар ҳозирда номзодлар дастурини ўрганишдан кўра қишга тайёргарлик, доллар курсининг ошиши ва озиқ-овқат нархларига кўпроқ эътибор қаратишган. Бунга бир неча сабаблар бор, лекин асосийси, оддий ҳайдовчидан тортиб сиёсатчиларгача бўлажак президентлик сайловлари натижаси қандай якунланишини яхши билишади.

СССР тарқалганидан буён мамлакат фақат биргина сиёсатчи — Ислом Каримовни биларди. Узоқ вақт давомида вазирлар, вазир ўринбосарлари ва бошқа амалдорлар матбуотда деярли кўринмадилар. Аксарият фуқаролар бош вазир – Шавкат Мирзиёевнинг қиёфасини кўришмаганди.

Икки ой илгари вазият ўзгарди. Аввалига республика бош вазирининг батафсил таржимаи ҳоли чоп этилди, маҳаллий телевидениеда эса томошабинлар катта қизиқиш билан томоша қилишган Мирзиёев ҳақидаги кўрсатув намойиш қилинди.

Мамлакатда кейинги йигирма йил давомида шаклланган тизим ҳам халқ дардига қулоқ соладиган, ҳам масъулиятсиз амалдорларни жазолайдиган фақат биргина етакчини намоён этиб келди. Табиийки, бундай ҳолатда илгариги раҳбар билан ёнма-ён қадам ташлаган, амалда синовдан ўтган сиёсатчигина етакчиликни ўз қўлига олиши мумкин эди.

Ўзбек менталитетини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, ўтган йиллардаги сайловларда бўлгани каби 4 декабр кунги сайловда ҳам барча фуқаролар қатнашишади.

Дарвоқе, буни ижтимоий сўров натижалари ҳам тасдиқлайди. Лекин аксарият фуқаролар овоз бериш борасида бир қарорга келиб бўлишган —омма Мирзиёевни бошқалардан кўра кўпроқ танийди.

Тарғибот ва амалиёт

Ўзбекистонда сайловолди кампанияси якуний босқичга етиб келди, бироқ ундан Клинтон ва Трампда бўлганидек эҳтиросни кутмаслик лозим.

Сайловолди тарғиботлари бошланишидан илгари экспертлар бош вазирдан ташқари уч номзод — Отамуратов, Кетмонов ва Умаровлар ностандарт кампания ўтказсаларгина, амалда одамлар билан ҳақиқий мавжуд муаммолар ҳақида гаплашсаларгина ғалаба учун имконият бўлиши мумкинлигини айтишганди. Лекин афсуски, бундай бўлмади.

Мирзиёевнинг барча рақиблари чақириқли баннерлар илиш, ТВ учун ролик тайёрлаш ва сайловчилар билан учрашувлар уюштириш билан чекландилар. Уларнинг олдида Мирзиёевнинг аниқ ва режали кампанияси анча ишончли. Бош вазир жамоаси биринчи навбатда халқ орасидаги у ҳақидаги қаттиққўл сиёсатчи деган тасаввурни тарқатиб юборишга киришди. Мамлакатнинг Биринчи Президенти вафотидан сўнг Мирзиёев қаттиққўллик қилиши ва вазият ёмонлашиши ҳақида гап-сўзлар болалаганди. Лекин амалда ҳаммаси бошқача бўлди.

Биринчидан, мамлакат тарихида илк бор бундай юқори даражадаги мансабдор шахс интернет орқали ҳар қандай фуқаро мурожаат қилиши мумкин бўлган виртуал қабулхона очиб, омма билан мулоқотга киришди. Сўнгра мавжуд муаммолар ва уларнинг ҳал қилинганлиги ҳақида мақолалар чоп этилди.

Иккинчидан, бош вазир пойтахт Тошкентга алоҳида эътибор қаратди. У муаммоли туманларга шахсан ўзи бориб, қўлидан иш келмайдиган раҳбарларни бўшатишдан ташқари, анчадан буён оғриқли бўлиб келаётган муаммоларни ҳал қилишга – метро йўли қуриш, Сергелида янги уйлар барпо этиш, уй-жой коммунал соҳасидаги масалаларни ечишга ваъда берди. Бундан ташқари, Мирзиёев Тошкент марказида илгари ёпиб қўйилган ва машиналар қатновида муаммо туғдираётган кўчаларни очди.

Ташқи сиёсатда эса Президент вазифасини бажарувчи Мирзиёев қўшнилар, айниқса Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатларни яхшилашга киришди. Бу йўналишда олға силжиш дарҳол сезилди — томонлар баҳсли ҳудудлардаги чегара чизиқлари бўйича келишувларни фаоллаштирдилар.

Аксарият қисми у ёки бу тарзда Россия билан боғлиқ бўлган аҳоли ҳам асосий номзоддан кўп нарсани умид қилмоқда. Мигрантларнинг оила аъзолари Россияда ўзбекларни ишга қабул қилиш жараёнлари соддалашишидан, рус тилида сўзлашувчи аҳоли эса Тошкентнинг Москва билан янада мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишидан умидвор. 

Бундан ташқари, Мирзиёев рақибларидан фарқли ўлароқ, Президентликка сайланадиган бўлса таклиф этаётган лойиҳаларини амалга ошириш учун аниқ рақамларни келтирмоқда.

Сиёсатдан кўра тинчлик муҳимроқ

Хорижлик экспертларнинг фикрича, Каримовнинг вафотидан сўнг юқори лавозимли мансабдорлар Президентнинг вориси ҳақида келишиб олишган. Шу нуқтаи назардан давлат сиёсий тизимида иштирок этаётган қолган уч номзод бу йилги сайловларда кўп овоз олмаган ҳолда келгусида устунлик  қозонишга умид қилишлари мумкин.

Шуни ҳам унутмаслик лозимки, сўз эркинлиги ва демократияни ҳамма нарсадан устун деб биладиган европалик ва америкаликлардан фарқли равишда ўзбекистонликлар учун хавфсизлик ва барқарорлик ҳар доим устувор бўлиб келган. Афғонистон, ИД, экстремистик гуруҳлар томонидан таҳдид мавжуд бўлган Марказий Осиё минтақасида эса кўпчиликнинг таъкидлашича, кучли қўл даркор.

Ўзбекистонда деярли ҳамма, ҳаттоки мактаб ўқувчилари ҳам сайловлар қачон бўлиб ўтишини ва сайлов участкалари қаерда жойлашганлигини билишади. Лекин аҳолининг аксарият қисми ишдан бўш вақтини сиёсатга эмас, дам олиш ва кўнгил очишга сарфлашни маъқул кўради.

Жамоат транспорти, дўкон ва ошхоналарда ҳам суҳбат мавзуси ким Президент бўлиши ҳақида эмас, номзод ҳокимият тепасига келганидан кейин қандай ишларни амалга ошириши ҳақида бўлади.

Асосий мавзулар