04:53 23 Июн 2017
Эфир
Станислав Притчин

Эксперт: ҳукуматдаги ўзгаришлар Мирзиёевнинг янгича сиёсати билан боғлиқ

© Sputnik/ Murad Orujov
Аналитика
Ҳавола олиш
116422

Sputnik Ўзбекистон мухбири РФА Шарқшунослик институти Марказий Осиё, Кавказ ва Урал-Волгабўйи тадқиқотлари маркази илмий ходими Станислав Притчин билан Ўзбекистон ҳукуматидаги ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашди

ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik, Антон Курилкин. Ўтган ҳафта ҳукумат таркиби кадрлар ўзгаришига бой бўлди: Ўзбекистонда янги бош вазир тасдиқланди, Сенатда иккита янги лавозим ташкил қилинди ва бир нечта янги вазирлар тайинланди.

Sputnik Ўзбекистон мухбири РФА Шарқшунослик институти Марказий Осиё, Кавказ ва Урал-Волгабўйи тадқиқотлари маркази илмий ходими Станислав Притчин билан Ўзбекистон ҳукуматидаги ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашди.

- Энг катта ўзгариш Ариповнинг бош вазирликка тасдиқланиши бўлди. Нима учун айнан у?

— Мирзиёев дастурининг асосий йўналишларидан бири халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмини яратишдир. Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси ташкил этилиши бу йўлдаги дастлабки синов бўлди. Бу эса ўз самарасини берди ва айтиш мумкинки, "электрон ҳукумат" ташкил қилишга  туртки бўлди.

Бош вазирликка тасдиқланган Арипов эса узоқ вақт давомида ҳукуматда IT-технологиялар соҳасида раҳбарлик қилган ва ахборот тизимлари билан ишлашда катта тажрибага эга. Бундан ташқари, у ҳозирги президент билан ҳукуматда бирга ишлаган ва синовдан ўтган шахс эканлиги яна бир муҳим жиҳатдир.

- Иккинчи йирик ўзгариш — Олий Мажлис Сенати тизимида. Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ташкил этилди. Қўмитага Сафоев раҳбар этиб тайинланди. Бунинг сабаби нимада?

— Қўмита раиси учун Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозими ташкил этилиши сенатнинг роли ошиб бораётганлигини кўрсатади. У президентдан кейинги иккинчи шахс — Сенат раисининг ўринбосари бўлади.

Бу тайинлов хорижий инвесторларни жалб этиш йўналиши учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Сафоев ғарблик ҳамкорлар билан мулоқотда тажрибага эга ва хорижлик инвесторлар билан муносабат ўрнатган.

Сенатда ташкил этилган яна бир лавозимга эътибор беринг – бу Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий асосда фаолият кўрсатадиган вакили лавозими.

Гап шундаки, ҳозирда мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнини тезлаштириш учун ижрочи ва қонун чиқарувчи ҳокимиятлар ўртасида янада яқин алоқа ўрнатиш учун шароит яратилмоқда.

- Умуман, ҳукумат таркибидаги бу ўзгаришлар нима билан боғлиқ?

— Ҳукумат таркибини қайта шакллантириш ва президентнинг ғоя ва мақсадларига муштарак бўлган, энг асосийси, давлат раҳбарининг топшириқларини бажара оладиган жамоа тузиш президентнинг ташаббуси.

Мирзиёевнинг ташаббус ва ғоялари Ўзбекистон учун янгиликдир. Мамлакат узоқ вақт протекцион сиёсат йўлидан борди, ҳозирда эса янада шаффоф ва самарали тизим яратиш ва хорижлик инвесторларни жалб этиш вазифаси турибди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада республика ҳукуматида бир нечта кадрлар ўзгаришлари юз берди. Абдулла Арипов мамлакат бош вазири бўлди, Ачилбай Раматов бош вазир ўринбосари этиб тайинланди. Рустам Азимов, Зойир Мирзаев, Ғуломжон Ибрагимов, Улуғбек Розуқулов, Адҳам Икрамов ва Танзила Норбоева бош вазирнинг ўринбосарлари этиб тайинланишди.

Ботир Ходжаев молия вазири лавозимига тайинланди.

Содиқ Сафоев Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари бўлди.

Асосий мавзулар