07:30 28 Апрел 2017
Эфир
Елена Шестопал

Елена Шестопал: ИДга ҳаётда мақсади йўқ инсонлар қўшилади

© Youtube / Канал пользователя msupolit
Аналитика
Ҳавола олиш
28310

Кейинги икки ҳафта ичида МДҲнинг қатор давлатлари махсус хизматлари "Ислом давлати" тарафдорларини ва Москвада теракт тайёрлаётган жангариларни қўлга олишди

ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik, Антон Курилкин. Sputnik Ўзбекистон мухбири М.В.Ломоносов номидаги МДУ сиёсатшунослик факультети социология ва сиёсат психологияси кафедраси мудири, профессор Елена Шестопал билан кишиларни ИШИДга қўшилишга нималар сабабчи бўлаётгани ҳақида суҳбатлашди.

— Одамлар нима учун ИШИДга қўшилишга уринишади?

— Радикал ҳаракатларга, айниқса, исломий ҳаракатларга қўшилишга уриниш ёшларнинг оддий ҳаётда юксак даражага эга бўлган ғоя ва мақсадларга эга бўлмасликлари билан боғлиқ.

Бундан ташқари, кишининг бирор ҳаракат ёки ташкилотга, айниқса, "Ислом давлати" сингари кучли, мафкуравий безатилган ташкилотга қўшилиш истаги нафақат унинг мафкуравий мазмуни, балки кишининг ёлғизлик, маънавий бўшлиқ, яқинларидан ажралиш қайғуси ва шу каби шахсий хусусиятларига ҳам боғлиқ.

Айрим ёшларга эса аксинча, ёрқин таассуротлар, ўз ҳиссасини қўшиш учун бирор йирик иш, лойиҳа етишмайди. Радикал исломий ҳаракатлар диний тусга эга бўлиб, эътиқод кучли омилдир. Шунинг учун уларга қўшилишнинг асосий сабабларидан бири – ёшлар ўзларини қуршаб турган муҳитда уларнинг мавжудлигига маъно бағишловчи қадрли нарсани топа олмаслиги.

Одамларни бундай ташкилотларга жалб этиш ҳам шахсиятга босим ўтказиш техника ва технологияси билан алоқадор. Шунинг учун одамлар нега бундай радикал ҳаракатларга қўшилади деган саволга аниқ жавоб йўқ.

Варя Караулова – яхши оиланинг қизи, фалсафа факултети талабаси – бунга ёрқин мисол. Унга нима етишмасди? Маълумотларга қараганда, Караулова билан боғлиқ ҳолатда қизнинг даъватчига руҳан боғланиб қолгани кўринади. 

— Ҳаётда ўз ўрнини топа олмаслик, молиявий муаммолар ҳам сабаб бўлиши мумкинми? 

— Ижтимоий сабаблар – асосий ҳаракатлантирувчи омил эмас. Жамиятда ўз ўрнига эга бўлмаслик — сабаблардан бири, лекин асосий сабаб эмас. 

Ҳа, собиқ иттифоқ республикаларида молиявий муаммоларини шундай ташкилотларга қўшилиш орқали ҳал этишга уринаётганлар топилади. Лекин қўшилганларнинг аксарият қисми ҳаётдан маъно излаганлардир. Буни европалик "кўнгиллилар" мисолида кўриш мумкин. Даъватчиларнинг қармоғига кўпинча моддий аҳволи яхши кишилар тушишади.

Эсга олайлик, бизнинг тарихимизда инқилобга нафақат "эзилган ва хўрланганлар", балки моддий жиҳатдан ўзига тўқ оилалардан ҳам кишилар қўшилишган. Улар ҳаётларини ёрқин ва таассуротли қилувчи глобал ғоя, жиддий мақсадлар етмаганлиги учун шу йўлни танлашган. 

— Яъни ёшларга ҳозирги кун зерикарли бўлиб бормоқдами?

— Ҳа. Лекин бу шунчаки зерикиш эмас, бу йирик ғоя, ўзини фидо этиш ғоясининг йўқлигидир. 

Улар ўлишлари ва бор нарсасидан айрилишлари мумкинлигини англаган ҳолда қўшилишмоқда. Лекин улар бунинг эвазига диний даъватлар орқали ва улкан ижтимоий ғоя кўринишида ўзларининг мавжудликларини оқлашга уринишади.

Ҳаётда мавжудлик мазмунининг йўқолиши – бу глобал муаммо. Замонавий психоанализ замонавий жамиятга аллақачон ташхис қўйиб бўлган: айнан ҳаёт мазмунининг йўқолиши инсониятнинг энг катта кулфати ва аксарият асабийликларнинг манбаидир. Бу фалсафий мавзу бўлиб, уни ўлчаш қийин бўлсада, у ёшлар учун жудаям аҳамиятлидир. Оила, фарзандлар, ишга эга бўлгандан кейин бундай саволлар ортга сурилади. Лекин ёшлар учун ҳаётда мавжудлик масаласи биринчи ўринда туради.

Бугунги ёшларимизнинг катта қисми истеъмол буюмларига ишқибоз. Лекин кўпчилик учун бундай буюмларнинг ўзигина етарли эмас.

Зерикиш — ўта содда изоҳ. Инсон нима учун яшаётганини англаши лозим. Давлат унга йирик лойиҳалар бермаса, у ҳолда ғояни инсоннинг ўзи топади ва барча қаршиликларга қарамасдан ҳаётини унга бағишлайди.

Қаранг, аслида ИШИДнинг мафкураси омонат. Лекин улар ўзларини адолат учун курашувчилардек кўрсатишмоқда ва бу давлат, оила ёки дўстлар тўлдира олмаётган бўшлиқни тўлдирмоқда.

— Демак, бундай ҳаракатлар ҳақидаги маълумотларни тақиқлаш эмас, бу маълумотларни янгиликлар маконидан сиқиб чиқариш муҳимроқ эканда? 

— Ҳозирда бу маълумотларни тақиқлашнинг имкони йўқ. Ёшлар интернетдан фаол фойдаланишади ва бундай маълумотларни буткул тўсиш имконсиз. 

Жамиятда шахсий ҳаётдаги мақсадлардан кўра йирик ижобий мақсадлар бўлиши даркор. Ижтимоий аҳамиятга эга муҳим лойиҳаларда иштирок этиш ана шу бўшлиқни тўлдиради. Бугунги кунда волонтерлик ҳақида кўп гапирилади — бу ҳам ана шундай "дахлдорлик"ка мисол бўлади.

Лекин бу экстремистлар ва уларнинг ташкилотларига қарши курашувчи махсус хизматларнинг фаолиятини тўхтатмайди. Терроризмга қарши кураш масаласини ҳеч ким кун тартибидан олиб ташламайди. Лекин муаммони фақатгина махсус хизматлар ёрдамида ҳал қилиб бўлмайди.

— Кишининг диний оқим таъсирига тушиб қолганини қандай билиш мумкин?

— Бу унинг ўзини тутишидан маълум бўлади, айниқса қўрқитиш эмас, "зомбилаштириш" орқали таъсирга тушиб қолганида. Бундайлар одамови бўлиб қолишади, оиласи ва дўстларидан ўзларини олиб қочишади.

Умуман, ўсмир, ёшларнинг хулқидаги ҳар қандай ўзгариш уларнинг яқинларини ҳушёр торттириши даркор. Хулқнинг ўзгариши кишининг номаъқул гуруҳга қўшилиб қолганидан дарак бериши мумкин. Бу эса жуда хавотирлидир.

Бир сўз билан айтганда, одамовилик, ўз қобиғига ўралиб олиш, кўп ўйланиш бунинг асосий белгиларидир. Баъзида ғайриоддий гапларни гапириб юбориши ҳам мумкин.

Бундайларга ёрдам қўлини чўзиш учун ёт мафкурага қўшилиб қолганлар ўзларини қандай тутишларини атрофдагиларга тушунтириш лозим.

Асосий мавзулар