17:30 18 Август 2017
Эфир
Игорь Николайчук

Мирзиёев, Трамп ва миллий манфаатлар

© Facebook
Аналитика
Ҳавола олиш
75854

АҚШ ва Ўзбекистонда деярли бир вақтда президентлар алмашди, улар олдидаги вазифалар турлича, лекин улар сиёсатида ўхшаш жиҳатлар ҳам мавжуд

Игорь Николайчук, РСТИ эксперти —Sputnik Ўзбекистон учун

Мамлакатлар раҳбарлари миллий манфаатларни ҳимоя қилиш сиёсати — бу мураккаб, кўп ўлчовли ва ривожланиб борадиган тизим эканлигини ёдда тутишлари лозим.

АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампнинг инаугурациясига бағишланган дабдабали маросим жаҳон ОАВ томонидан илк марта расмийлик қоидалари эмас, шоу-бизнес қонунларига асосан ёритилди. Бу худди "Барча Оскарларнинг Оскари"ни топшириш маросимига ўхшади.

Мазкур тантаналар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги илк сиёсий қадамидан кескин фарқ қилиши билан бирга экспертларга уларнинг сиёсий вазифалари параллел эканлиги ҳақида фикр юритиш имкониятини ҳам беради…

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги фарқ, шубҳасиз, жуда катта. Бунинг соф объектив сабаблари бор. Бу сабаблар майдон, география, тарихдан бошланиб этник-конфессиал ва цивилизацион омилларда тугайди. Айни ҳолатда эса аввало бу давлатлар раҳбарларининг бошланғич нуқталарини белгилаб берадиган айрим тафовутларни таъкидлаш ўринли.

Мамлакатни "сўлиган" ҳолда олган Дональд Трампга ҳавас қилиб бўлмайди. Буни ҳамма билади. Бунинг устига, америкаликларнинг ўзлари (балки бунда яширин инжиқлик бордир) ўз миллатларини бўлиниб кетган деб аташади. Гап шундаки, бу дарзлар (майда бўлсаям) шунчалик кўпки, уларни ёпиш жуда қийин, улар дунёдаги англосаксон ҳукмронлигининг сусайишига сабабчи бўлди. Ҳарҳолда, парчалаб ташламади ҳам.

Советлардан кейинги Ўзбекистонга нисбатан "нодўстона совуқ" муносабатда турувчи хорижий аналитиклар Каримов чорак аср раҳбарлик қилган ўзбек халқи ҳали ҳам советча фикр юритадиган — "бошқа мафкура йўқлиги" учун оталарга бўйсунувчи халқлигича қолган деб таъкидлашдан чарчашмаяпти. Уларнинг фикрича, "қудратли давлат машинаси" давлат раҳбарига садоқатли фуқароларни тарбиялаган.

Шундай қилиб, Трамп яна "Американи буюк қилиш" учун ишлаши лозим — биринчи навбатда давлатга садоқатли фуқароларни тарбиялаш орқали. Шахсий мақсадларни қондиришга бўлган "телбаларча чексизлик"ка эътибор сусаяди. Собиқ советларнинг (аслида эса миллий-давлатчилик) "Аввал Ватан ҳақида ўйла, кейин ўзингни ўйла" шиорига амал қилиш кўзда тутилмоқда. Истаганингизча киноя қилишингиз мумкин! Лекин туби кўринмайдиган америкача худбинликнинг тубини яратиш бошланди.

Инаугурациядан бир неча дақиқа ўтганидан сўнг Оқ уй сайтидан ЛГБТ-жамиятлар (лесбиянкалар, гейлар, бисексуаллар, трансгендерлар)ни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги бўлим ўчириб ташланди. Ноанъанавий жинсий йўналишдаги шахсларга бағишланган мазкур саҳифа озчиликнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга чақирадиган қонунчилик ташаббусларини чоп этишга мўлжалланганди. Бундан буён бошқаларни, масалан, яхши ҳаёт кечириш умидида Трампни қўллаб-қувватлаган "ўрта ва кекса ёшдаги ишчилар" ҳуқуқларини ҳимоя қилишади. Эҳтимол, Мексика билан чегарада девор қуришади — иш ўринларини тортиб олаётган мигрантларга қарши.

Гейлар ва бошқа ижтимоий қатламлар билан ўйин олиб бориш сайловларда фойда келтирмаслиги аён бўлиб қолди. Халққа суяниш (ҳар қандай ҳолатда) манфаатли эканлиги маълум бўлди.

Мирзиёев учун эса амалга оширадиган вазифалар бошқача — азалий аҳиллик асосида миллий давлатчиликни ривожлантириш ва жамиятни такомиллаштириш.

Йўналиш ва шакли эса ҳукумат тепасидаги Ўзбекистон раҳбарларининг суверен танловидир. 2016 йилнинг 7 декабрида Конституция кунини нишонлаш маросимида Мирзиёев келаётган йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб аташни таклиф қилди. Мазкур йилдаги асосий тамойиллардан бири "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган тамойилдир. Мирзиёев амалдорларни фуқаролардан ажралиб ўз кабинетларида ўтирмасликка, балки одамлар билан мулоқот қилиш ва уларни тинглашга чақирди.

Ибораларда айтилганидек, ким қаршилик қилади! Лекин негадир "Горбачев услубидаги қайта қуриш" зарурати ҳақидаги гап-сўзлар пайдо бўлди. Кимлардир дарҳол "Мирзиёев ҳам Горбачев сингари давлат тизимини ислоҳ қилишда узоқ сиёсий уйқудан эндигина уйғонган одамлар билан муаммоларга дуч келади" деб ёзиб ташлади. Бундай дейишдан мақсад озми-кўпми — миллатни сиёсий жиҳатдан уйғотиш. Геосиёсий қўшнилар борасида нима гап?

Бу ерда эса мавзуни ўзгартиришимизга тўғри келади. Лекин ўзгартириш бу бир қарашда холос.

Демак, Трамп Хитой билан муносабатларга устувор ўрин ажратмоқда. Бошқача кўринишдаги таҳдидлар ҳақидаги барча гап-сўзлар гўёки тўхтатилади. Трамп геосиёсатининг мақсади ХХРни заифлаштиришдир. Одатда бундай ҳолларда "режимни қайта шакллантириш" вазифаси ҳам режалаштирилади, лекин бу Трампнинг қўлидан келадиган иш эмас.

Агарда Чубайснинг Давосдан берган "телефон орқали интервью"сига ишонадиган бўлсак, Хитой коммунистлари раҳбари Си Цзиньпин жаҳон иқтисодий минбарида чиқиш қилиб, глобализмни қўллаб-қувватлаш ва либерал (Чикагоча тақриз бўйича) иқтисодиёт борасидаги етакчиликка нисбатан Хитойнинг эътирозларини билдирди. Бу ҳақда шарҳловчилар баҳслашишсин, лекин Хитой Трампнинг иқтисодий сиёсатига мутлақо қарши чиқаётганлигини барча эътироф этмоқда. АҚШнинг Хитой билан кураши шубҳасиз, "Россия қартаси"ни ишга солиш ҳисобига амалга оширилади, гарчи Россия ва АҚШ муносабатларида "гуллар очилаётган" бўлса-да.
"Россия қартаси"нинг ўйналиши аввало ХХР ва Россияни Марказий Осиё ҳудудидан чиқариб юборишни кўзда тутади. Ўзбекистон эса Марказий Осиё ҳудудида мустақил ўйин олиб бориш учун етарлича қудратга эга. Ҳатто қўшниларнинг сиёсий ва ҳарбий-сиёсий яқинлашувига нисбатан ҳам.

Мирзиёев учун Трампнинг инаугурациясидан кейин Россия-Хитой танлови пайдо бўлмоқда. Обама даврида АҚШдан узоқда жойлашган Осиёнинг бу қисми тақдир ҳукмига ташлаб қўйилганди. Энди ундай эмас.

2017 йил январи бошида ХХР давлат кенгаши Хитойнинг Осиё-Тинч океани ҳудудида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик соҳасидаги сиёсатига бағишланган "Оқ китоб"ни чоп этди. "Хитойнинг Осиё-Тинч океани ҳудудида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик соҳасидаги сиёсати" деб номланган ҳужжатда СССР тарқалганидан буён илк марта халқаро кўп томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга эътибор қаратилади. Шу пайтгача у ёки бу масалада икки томонлама ҳамкорлик шакли ХХР ҳукумати учун маъқул бўларди. Эндиликда Хитой "жаҳоннинг масъул давлати"га айланмоқда.

Ҳужжатда ШҲТнинг кўп томонлама механизмларига рўйхатнинг охирроғида, тўққиз ўриндан саккизинчисида жой ажратилган. Бундан Хитойнинг ШҲТдаги фаолиятида хавфсизликка эмас, иқтисодиётга устуворлик берилган деб тахмин қилиш мумкин. Аналитикларнинг фикрича, Пекин ШҲТнинг ҳудудий антитеррор тузилмасининг самарадорлигига шубҳа билан қарамоқда.

Дарвоқе, "Оқ китоб"да Хитой, Афғонистон, Покистон ва Тожикистон қуролли кучлари ўртасида тузилган ҳамкорликнинг янги механизми алоҳида тилга олинади. Бундай шаклдаги фаолият асосида оператив маълумот алмашиш ва таҳлил қилиш, ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари ва терроризмга қарши курашда ўзаро ёрдам кўрсатиш ётади.

Россиялик экспертларнинг фикрича, бундай тузилманинг пайдо бўлиши сабабларидан бири Ипак йўли иқтисодий камарининг муҳим қисмини ташкил этувчи Покистон-Хитой иқтисодий йўлаги хавфсизлигини таъминлаш эҳтиёжидир. Мазкур тўрт мамлакатнинг бу шаклдаги ҳамкорлиги мустаҳкамланишидан келиб чиқиб, келажакда ҳудудда КХШТни эслатувчи, лекин ХХР етакчилик вазифасини бажарувчи янги тузилма пайдо бўлиши мумкин деган фикрни истисно қилиб бўлмайди.

Юқорида айтилганлардан ва янги йилда Россия Евросиё минтақасидаги интеграция жараёнларини фаоллаштиришни режалаштирганини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг аҳамияти ва "минтақадаги масъул давлат"га айланиши имконияти ошиб бормоқда. Москвада 19 январда бўлиб ўтган навбатдаги сиёсий маслаҳатлашувларга ана шу нуқтаи назардан қараш лозим.

Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар доирасида шов-шувли воқеалар юз бермаган бўлса-да, "Тошкентда бўлиб ўтадиган МДҲ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишига тайёргарлик кўриш ва икки томонлама ҳамкорлик доирасидаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратил"ганлигини эътироф этиш жоиз. МДҲ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши 7 апрель куни Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Нима ҳам дердик! Гапни Трампнинг лавозимга киришишидан бошлаб, Ўзбекистоннинг МДҲдаги фаолияти кучайишида тугатдик. Ҳаммаси оддий. Мамлакат етакчилари: Мирзиёев ҳам, Путин ҳам, Си Цзиньпин ва Трамп ҳам сиёсат тизимли эканлигини тушунишади (тушунишлари шарт). Аниқ вазифани эса миллий манфаатлар белгилаб беради.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиш мумкин.

Асосий мавзулар