14:48 24 Май 2017
Эфир
Эксперт Российского института стратегических исследований Игорь Николайчук

Мирзиёев ташқи сиёсат саҳнасида қандай ролни ижро этади

© Sputnik/ Алексей Тихомиров
Аналитика
Ҳавола олиш
1013103

Шавкат Мирзиёевнинг апрель ойида Москвада Владимир Путин билан учрашувида қандай жиҳатлар аҳамиятли эканлиги ҳақида муаллифлик мақоласи орқали танишинг

Игорь Николайчук, сиёсатшунос —Sputnik Ўзбекистон учун

Мен мамлакат ташқарисида, асосан Россияда деярли уч миллион нафар ўзбекистонлик меҳнат қилаётгани ҳақида эшитиб, озгина каловланиб қолдим. Бу рақам Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида меҳнат миграцияси бўйича келишув имзоланиши режалаштирилгани муносабати билан эълон қилинди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси президентининг апрель ойида Москвага амалга оширадиган ташрифи чоғида имзоланиши кутилмоқда.

Ҳайратга тушишимнинг сабаби қуйидагича. Менимча, Марказий Осиёдан келган меҳнат мигрантларига ҳар бир москваликнинг кўзи тушган. Бир пайтлар улкан мамлакатнинг фуқаролари бўлганимиз ҳақидаги "коллектив хотира" ҳалигача сақланиб қолган.

Ўзаро мулоқотда айтарли муаммолар йўқ. Лекин иш излаб келган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашганингда, қурилиш ёки қишлоқ хўжалигида ишлашни истайдиган этник ўзбеклар жудаям камлигини сезасан. Кўпинча "Биз ўзбекистонлик тожиклармиз" ёки "Биз ўзбекистонлик қирғизлармиз" деган сўзлар қулоққа чалинади. Бу қандайдир ғалати.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик мигрантлар масаласи тўлалигича тартибга солинмаганлиги боис мигрантлар ўзларини гоҳ тожик, гоҳ қирғиз деб аташади.

Лекин Ўзбекистоннинг янги ҳукумати мазкур ташқи сиёсий муаммони бартараф қилишга киришди. Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Ольга Голодецнинг айтишича, апрелда меҳнат миграцияси соҳасида иккита ҳукуматлараро ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Биринчи ҳужжатда Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун Ўзбекистон фуқароларини оммавий жалб этиш ва ёллаш кўзда тутилади.

Иккинчи ҳужжат эса икки давлатнинг миграция соҳасидаги мутасадди органларининг ўзаро ҳамкорлиги билан боғлиқ.

Бу шубҳасиз, Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ташқи сиёсат борасида оқил эканлигини, тўпланиб қолган муаммоларни ечишга уринаётганлигини билдиради. Шу ерда яна бир нарса ҳақида сўз юритсак.

"Ислоҳотчи президент" ва турк гамбити

Хорижлик шарҳловчилар Мирзиёевни "буюк ишлар"га "йўллаш" учун жон-жаҳдлари билан тиришмоқдалар. Бу ерда иккита "модда" бор. Биринчидан, Шавкат Миромоновични Горбачев услубидаги "ислоҳотчи президент" деб таърифлашмоқда. Улар аниқ ислоҳотлар ўтказишни таклиф қилишмаяпти, лекин кучли ислоҳотчиликни талаб қилишмоқда. Аллақандай янгича тамойил: мақсад йўқ, асосийси ҳаракат. Шунчаки бу ҳаракат "демократия" сари бўлиши ва "авторитар"ликдан холи бўлиши лозим.

Игорь Николайчук
© Sputnik/ Алексей Тихомиров

Иккинчидан, нима учундир Мирзиёевни гўёки Путинга унинг мақсадларини қондириш учун Украина ўрнига Марказий Осиёни таклиф қилувчи геосиёсий савдогар ролини бажаради деб ҳисоблашмоқда (ёш — демак, довюрак). Бунда Марказий Осиёни АҚШ сиёсий манфаатлар харитасидан ўчириб ташлаб ушбу минтақани "оқ доғ"га айлантирган сиёсий томоша кўрсатувчи Трамп айбдор. Нима учун — деб тавсия беришмоқда Ғарбдагилар — Шавкат Мирзиёев вазиятдан фойдаланмаслиги ва ўз ўйинини ўйнамаслиги керак?

Бунга нима дейиш мумкин? Ўйлаймизки, Путин ва уни қўллаб-қувватловчи Россия жамияти Марказий Осиё билан муносабатлар борасидаги сиёсатни ўзлари ҳал қилишади. Бу йўналишдаги ишлар фаол олиб борилмоқда.

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсатдаги реал ҳаракатларини баҳолайдиган бўлсак, унинг хорижга амалга оширган илк расмий ташрифлари ва мулоқотлари, Мирзиёевнинг сиёсий ва бошқа рақобатчилари мени кечирсинлару, ички сиёсий барқарорликка қаратилган энг оддий ва тўғри йўналиш эканлигини кўрсатмоқда. Биз "турк гамбити"нинг минтақавий (Марказий Осиёча) вариантини кўрмоқдамиз. Гапимни тушунтираман: турк дипломатлари "қўшнилар билан муаммолар пайдо бўлмаслиги" учун биринчи навбатда худди шу йўналишда иш олиб бориш кераклигини ўн йил илгари таклиф қилишганди. Жудаям оқилона қарор — Мирзиёев айнан шу ишни амалга оширмоқда.

Рус тили фақат мигрантлар учунгина эмас

Россия билан мигрантлар муаммоларини тартибга солиш ички барқарорликни сақлашнинг муҳим жиҳатларидан биридир. Буни эса мамлакатларимизни яқинлашлаштириш бўйича янги (ҳайбаракалла-геосиёсий бўлмаса ҳам реал ва амалий) қадамларсиз тартибга солиш имконсиз. Ислом Каримов давридагидан ҳам кўра янада олға қадам ташлаш лозим бўлади.

Гап жуда оддий нарса ҳақида бормоқда. Россия ўзбекистонликларнинг миллий ўзликларини англаш борасида ривожланишлари учун хавфли эмас. Шунинг учун биринчи навбатда рус тили ва медиа бозорида Россия ОАВларининг бўлишига нисбатан эҳтиёткорликдан воз кечиш керак бўлади. Бу ўзбекистонлик ёшларнинг Россия меҳнат бозорида рақобатбардошликлари ошишига замин яратади.

Марказий Осиёдан келганларнинг микроижтимоий қатлами қандай шаклланишини қуролланмаган кўз билан ҳам кўриш мумкин. Рус тилини биладиганлар ҳамиша "бошлиқ" — "хўжайин"лар билан музокаралар олиб боради, ўзи деярли ишламайди, русчани билмайдиган ёшлардан иборат "жамоа"ни назорат қилади холос.

Челябинсклик олима Анастасия Магнитова менга қуйидаги рақамларни айтди. Ўзбекистонда этник руслар сони 1 миллионга яқин кишини ташкил этади, рус тилини у ёки бу даражада биладиганлар эса 10 миллиондан ошиқ.

Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги қонуни рус тилидан кенг фойдаланиш имконини беради. Ўша қонунда муайян миллат вакиллари зич яшайдиган жойларда мазкур миллат тилида таълим олиш мумкинлиги белгилаб қўйилган. Руслар учун Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийсидаги айрим аҳоли масканлари ана шундай жойлар ҳисобланади.

Мамлакатда рус тилида қатор газета ва журналлар нашр этилади, давлат теле ва радиоканалларида ҳамда хусусий радиостанцияларда қисман рус тилида кўрсатув ва эшиттиришлар берилади. Рус тилидан кўчадаги реклама воситаларида, айниқса барча рекламаларнинг 30%и рус тилидан бўлган Тошкент шаҳрида кўп фойдаланилади. Бироқ Россия телевидениеси фақатгина кабелли хизмат кўрсатувчи маҳаллий провайдерлар томонидан тақдим этилади.

Республикада таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар фаолият кўрсатади. Эскирган маълумотларга қараганда, рус тилида таълим олувчилар сони 350 минг кишини ташкил қилган. Лекин агар меҳнат миграцияси масалаларини тартибга солиш режаси амалга ошса ҳамда МДҲ доирасида таълим жараёнлари кенгаядиган бўлса, рус тилини ўрганишни истовчи ўзбекистонлик ёшлар сони ошади.

Демак, Шавкат Мирзиёевнинг муҳим стратегик вазифаси "Марказий Осиёни сотиш" эмас, балки рус тили ўқитувчилари сонини ошириш учун маҳаллий кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш бўлиб чиқмоқда. Истеъдодларга бой Ўзбекистонда мазкур геосиёсий лойиҳада иштирок этишни истайдиганлар кўплаб топилишига эса ишончим комил.

Асосий мавзулар