20:51 23 Август 2017
Эфир
Ўзбекистон болалари

Ёшлар ва жиноятчилик: Президент кўтарган муаммога ечим қидириб...

© Flickr / Steve Evans
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
69952

"2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси"да кўплаб муҳим масалалар қатори ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган

ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Хўш, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш учун нималар қилиш керак? Энг аввало, насиҳатларни камайтириш лозим бўлади, деган фикрдаман. Чунки бугун ахборотлар уммонида яшаётган ёшларга "яхши бўлсанг яхши бўлади, ёмон бўлсанг – ёмон", деган маънодаги насиҳатларнинг қизиғи кам. Нафақат кам, балки уларнинг жиғига тегиб, тескарисини қилишга ундайди.

Бунинг учун, аввало, уларни жиноят  қилишга ундайдиган сабаблар, ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш керак.

Ёшлар ўзига хос жўшқинлик билан ўзини намоён этишни, орзуларига жуда тез ва осон эришишни истайди. Улар кутишни ёқтиришмайди. Сабр-қаноат фақат кексаларга хос. Ёшлар орасидаги жиноятларнинг илдизини ҳам худди шу жиҳатлардан қидиришга тўғри келади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан бериб борилаётган ахборотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бугун ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сарасига – ўғрилик, талончилик, босқинчилик киради. Буларнинг эса тагзаминида мулкий манфаатдорлик ётади. Мулкий муаммоларни – бировларнинг бурнини қонатиш ҳисобига ҳал этишга интилиш эса кишининг маънавий қашшоқлигини англатади. Бекорга юқорида қайд этиб ўтилган Ҳаракатлар стратегиясида ёшларнинг маънавиятини ошириш масаласига жиддий эътибор қаратилаётгани йўқ.

Ёшларнинг бугунги кунда энг ожиз жиҳатларидан бири бу — буюмга сиғиниш. Бу ҳолат нафақат ёшлар ўртасида, балки барча авлодларда ҳам мавжуд, лекин ёшлар муаммони ўз билганича ҳал этишади-да.

Эътибор қаратилса, ёшлар томонидан содир этилаётган ҳар уч-тўрт жиноятнинг бирини қўл телефони ва шунга ўхшаш замонавий жиҳозларга эгалик қилиш учун уринишлар ташкил этади. Бу нафақат ушбу жиҳозларнинг бозори чаққонлигидан, балки ёшларнинг уларга муккасидан кетиши сабабли ҳам.

Маълумки, маънавий қашшоқликнинг ўрнини тўлдириш учун жуда катта бойлик  керак бўлади. Шундаям унинг тўлиши гумон.
Ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш масаласига "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид давлат дастури"да жиддий эътибор қаратилган. Бу китоб ўқишни тарғиб қилиш, санъатни ривожлантириш, ёшларнинг иқтидорини намоён этиш имкониятларни яратиш, спортни ривожлантириш, улар ўртасида ҳар хил танловлар, мусобақалар ўтказиш каби масалалар.

Дастурда белгиланган тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилиши сўзсиз ижобий натижаларга олиб келади. Бироқ, адабиёт, санъатнинг тарбиявий аҳамиятига ҳаддан ортиқ берилиб кетиш ва уларни фақат шу мезонлар орқалигини баҳолаш охир оқибатда ёшларда уларга бўлган қизиқишни сўнишига, ҳеч бўлмаганда расмий ва норасмий соҳаларга бўлиниб кетишига олиб келиши мумкин.

Ёшлар насиҳатни, ортиқча эзмаликни ёқтирмайди. Уларга янгилик, жўшқинлик, ўзига хослик керак. Адабиёт, санъатда насиҳатга урғу беравериш ёшларнинг улардан совишига олиб келади. Бугунги кунда жамият ҳаётида буни кўриш, илғаш қийин эмас. Дейлик, давлат томонидан маъқулланадиган адабиёт деярди ўқилмайди, давлат маблағларига ишланадиган фильмларнинг томошабини йўқ. Ижодкорлар эса одамларнинг ақлий салоҳиятидан, санъатни, адабиётни тушунмаслигидан нолишдан ўзгасига ярамайди. Шундай, расмий адабиёт, санъат халқдан узилиб қолаган. Улар ёшларни ўз ортидан эргаштиролмайди. Ёшлар компьютер ўйинлари, қўл телефони ва шунга ўхшаш нарсаларнинг қулига айланиб қолган.

Албатта, ҳар қандай давлатда ҳам оммавий ўқиладиган енгил адабиёт ва давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган жиддий адабиёт бўлади. Давлат енгил елпи асарлар, кўринишларни қўллаши керак ҳам эмас.

Бир вақтнинг ўзида расмий санъат ва адабиёт билан давлат қўллайдиган санъат ва адабиёт ўртасида ҳам жиддий узилиш бўлиши маъқул эмас.

Бизнинг асрни бемалол "реклама асри" дейиш мумкин. Давлат томонидан ўтказиладиган танловларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, уларда иқтидорлиларгина иштирок этиши ва ғолиб бўлиши ёшлар онгида адолатга, ҳақиқатга бўлган ишончни шубҳасиз оширади. Ёшлар ҳар қандай ҳолатда жиддий ва тезлик билан муносабат билдиради.

Бир вақтнинг ўзида ёшларга романтика керак. Ҳатто, компьютер ўйинларидан бўшамайдиан ёшлар ҳам романтика тарафдори. Улар, албатта ўқишни, ўрганишни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам интернет орқали бўлар-бўлмас нарсалар, бир-бирларининг ярим-чала ёзишмаларини мутолаа қилади.

Расмий нашрлар, омавий ахборот воситалари эса жамиятнинг китоб ўқийдиган қисмини ва ўқилаётган адабиётни масхара қилиш, ерга уриш билан овора. Албатта, улар санъат асари даражасида битилган асарлар эмасдир, лекин ҳаммани бирдай "ақлли китоб"ларни ўқишга мажбурлаб бўлмайди, бунинг кераги ҳам йўқ. Инсон бадиий асарни ақлли бўлиш учун ўқимайди, балки кўнгил хотиржамлиги, руҳий тўлқинланиш учун мутолаа қилади.

Яна бир жиҳат —  ёшларни мутолаага қайтарамиз деб кўп уринишлар қиляпмиз. Кўпчилигимиз, улар электрон китоблар ўқияпти, деб хурсанд бўляпмиз ҳам. Аслида эса бу билан биз ўзимизни, ёшлар эса бизни алдамоқда, холос.

Тўғри, интернетдан илмий асарлар олиш, кўплаб маълумотларга эга бўлиш мумкин. Бундан ўқишга кирмоқчи бўлган, илм эгаламоқчи бўлган ёшлар оқилона фойдаланмоқда. Лекин бадиий адабиётни электрон кўринишда ўқиб бўлмайди. Чунки ҳозиргина ўйин ўйнаган, завқ билан рангли соқачаларни ҳар ёққа сочиб, уларни йўқ қилиб ўтирган экрандан "Ўтган кунлар"ни ўқиш кишига қанчалик завқ бағишлаши мумкин!? Асардаги ҳис-туйғу, ҳаяжон қанчалик ўқувчи онгига етиб бориши мумкин?

Китоб эса ундай эмас. У бутунича бир воқеа-ҳодисага бағишланган. Уни қўлга олиб фақат ўша воқеанигина тасаввур қиласиз, ҳис этасиз.

Ёшларимиз бадиий асарни ҳам маълумот олиш учунгина ўқиши, улардан завқ олмай қўйганини уларни электрон ҳолда ўқиш мумкин, деган гапларидан ҳам билса бўлади.

Бадиий адабиёт маълумот олиш учун эмас, балки эстетик завқ учун ўқилади. Бадиий адабиёт санъат, хусусан, кино, театр, тасвирий санъатдан шуниси билан фарқ қиладики, ундаги воқеа-ҳоисалар бевосита инсон онгида, унинг кўнглида юз беради. Бадиий асарни ўқувчи ўз хоҳлаганича тасаввур қилади, саҳналаштиради ва унинг ичида яшайди.

Ёшлар ишлашни хоҳлайди, улар келажакка ишониши керак. Бугунги кунда давлат томонидан амалга оширилаётган сиёсат эса айнан шунга йўналтирилган – арзон уйлар қуриш, иш ўринларини кўпайтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тадбиркорликка кенг йўл очиб, бунинг учун кредитлар ажратиш борасида амалга оширилаётган ишларни ҳамма кўриб, билиб турибди.

Албатта, жазонинг муқаррарлиги деган тушунча бор. Ҳар қанай жиноят жазосиз қолмаса, уларнинг сони камаяди. Лекин бу инсонларни қўрқув орқали жиноят қилишдан тўхтатиш демакдир. Жиноятнинг олдини олишнинг энг маъқул усули — бу фуқаронинг онги, маънавиятини ошириш орқали эришиш.  Одамлар қанчонки онгли тарзда жиноят қилишдан қочса, шундагина жиноячиликнинг ҳақиқатан камайишига эришиш мумкин.

Албатта, шукр қилиш керак, ҳозир Ўзбекистон кўчаларида бошқа мамлакатлардаги каби кечалари юришдан ҳеч ким чўчимайди, Ўзбекистон жаҳондаги энг тинч ва хотиржам мамлакатлар сарасига киради. Бироқ бу шундай бир соҳаки, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолиб бўлмайди. Вазият жуда тез ўзгариб кетиши мумкин.

Теглар:
"Ҳаракатлар стратегияси", жиноятчилик, мутолаа, Ёшлар сиёсати, ИИВ, Ўзбекистон

Асосий мавзулар