14:47 24 Май 2017
Эфир
Бошловчи

Теле-журналистика камчилиги ҳақида бир чимдим

© Телеканал UZREPORT TV
Аналитика
Ҳавола олиш
2277201

Айни вақтда, Ўзбекистондаги ОАВларида чоп этилаётган, телерадио тизимида эфирга узатилаётган материалларда, жамиятнинг оғриқларисиз, ҳеч кимнинг хайриҳоҳлиги ёки ғазабига сабаб бўлмайдиган юмшоққина материаллар эълон қилимоқдаки, бу ҳақли равишда оммани ўйлантиради..

ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30-март куни видео-мулоқоти чоғида Миллий телерадокомпанияси фаолиятига "Ахборот" ва "Давр" информацион дастурларидан келиб чиқиб айтган танқидий фикрлари Ўзбекистон журналистлари орасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев
Пресс-служба президента РУз
Бу танқидий фикрлар нафақат Ўзбекистон МТРК, шунингдек, босма ва интернет нашрларга ҳам бирдек дахлдорлиги билан аҳамиятли. Жаҳонда информацион хуруж авжида бўлган бир вақтда оммага ҳаққоний воқеликни тўлиқ акс эттира оладиган тезкор ахборот жуда зарур. Ва бу ОАВ ходимларининг бош вазифаси бўлмоғи, улар эса ўз навбатида ҳар бир воқеани холис нуқтаи назар билан ёритмоғи шарт.

Лекин, айни вақтда, Ўзбекистондаги барча матбуот нашрларида чоп этилаётган, телерадио тизимида эфирга узатилаётган материалларда, жамиятнинг оғриқларисиз, силлиққина, ҳеч кимнинг хайриҳоҳлиги ёки ғазабига сабаб бўлмайдиган юмшоққина материаллар эълон қилимоқдаки, бу ҳақли равишда оммани ўйлантиради. Бошқа матбуотга мурожаат қилишига сабабчи бўлади.

2017 йилда Ўзбекистонда 800дан зиёд даврий нашрлар рўйхатга олинган. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг моддий техника базасини янгилаш, дастурлар сифатини тубдан яхшилашга йўналтирилган ислоҳот давом этмоқда.

Яқинда Ўзбекистон МТРК раиси янгиланди ва телерадиомаҳсулотлар сифатининг тубдан яхшиланиши кутилмоқда. Янгиланишлар арафасида мамлакат раҳбарининг бу танқидий фикрлари МТРК фаолиятини тубдан яхшилашга хизмат қилса ажаб эмас. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?

Назаримизда, бунинг учун "маҳаллийлик"ка ружу қилмай кадрлар сиёсатини жой-жойига қўйиш, "ура-урачилик", "ўзибўларлик" ва "лоқайдлик"ка барҳам бериш керак. Акс ҳолда ўзбек томошабинининг "жаннат"дан тайёрланаётган бирёқлама теледастурларга, информацион кўрсатувларига эътиборини қаратиш осон бўлмайди.

Ўзбекистон президентининг бундай кескин норозилигига нима сабаб бўлган? Ўз.МРТКда "ура-урачилик"нинг юзага келишининг ички сабаблари нималардан иборат?

Ўзбекистон МТРКда бир неча йилдан буён фаолият юритаётган, тажрибали журналистлардан бири бу саволга қуйидагича жавоб берди: "…бунга Ўз.МРТК дастурларида тайёрлаб эфирга узатилаётган кўрсатувлар ва информацион дастурлар сифатининг бўшлиги, уларда кўтарилаётган мавзуларнинг томошабин учун қизиқарсиз ва бир ёқлама экани ҳам сабаб бўлмоқда".

Суҳбатдошнинг айтишича, "Ўзбекистон" телеканали "Ахборот" информацион дастурининг барча сонидан ўрин оладиган лавҳа ва репортажлар тегишли идора мутахассислари кўригидан сўнг, идора маъқул топган тарзда эфирга узатилади. Барча ҳуқуқ-тартибот органлари: суд, прокуратура, ИИВ, Адлия вазирлиги, Давлат Божхона қўмитаси ва шу каби аҳамиятга молик ташкилотлар мухбирлар тайёрлаган лавҳаларда танқид ўтиб кетмаслигини текшириб, "тепадан гап эшитмайдиган" қилганидан кейин эфирга узатилади. Журналист ўз сўзига эга бўлмаган жойда холис материал тайёрлашнинг имкони бўлмайди!"

"Соҳадаги бу "ура-урачилик"дан қандай қутулса бўлади? Нима қилса ёки қандай ёндашилса, эскича фикрлаш барҳам топади?", — деган саволга манба: "Бунинг учун биринчи навбатда ҳар бир кўрсатув ва эшиттиришнинг форматини ўзгартириш керак. Унга қўйиладиган талабларда эркин фикрни қўллаб-қувватлаш, халқ ва Ватан манфаатларига, инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик, муросасизлик каби хусусиятлар устуворлик қилиши керак", — дея жавоб қилди.

Манбанинг сўзларига қараганда, журналист кадрларни ишга қабул қилишда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик каби иллатлар ҳам телекўрсатувларнинг сифатсиз, хом-хатала тарзда тайёрланишига, шу ҳолда эфирга узатилишига сабаб бўлмоқда.

"Қалам эгаси бўлмаган, таниш-билиш орқасидан ўрнашиб қолган, аслида журналистикадан жудаям йироқ бўлганлардан воз кечиш керак. Ҳар бир лавҳа қандай мазмунда кўринишидан қатъий назар шаклан бир хил, ғоявий жиҳати жуда бўш. Бу ҳол информацион кўрсатувларда яққолроқ гавдаланади. Информацион кўрсатувлардаги лавҳаларни содда тилда, халқ учун ёки юқори учун манфаатли материалларга ажратиш мумкин. Корхона ва ташкилотлардан тайёрланаётган репортажларда ҳисобот ва "шу тадбирни ўтказишдан мақсад…" деган жумладан бошқа ҳеч нарса йўқ…

Бу каби зерикарли, 10-15 минут ичида бошланиб-тугайдиган, уч пулга арзимас мажлисларда оғиз кўпиртириб мақтанишдан бошқа нарсани билмайдиган ташкилотчиларнинг узуқ-юлуқ гапларини уёқ-буёғини бежаб, эфирга беришни бас қилиш лозим. Кадрларни ишга олиш ва касбий маҳоратига кўра кўрсатувлар жой-жойига қўйишда ички муаммолар мавжуд", — дея қўшимча қилди суҳбатдош.

"Ўзбекистон ОАВида тўрачилик, юқоридан туриб журналистга босим ўтказишга, ҳақиқатпараст журналистларнинг таъқиб қилинишига, айрим ҳолларда эса суднинг айблов ҳукмисиз — қарорисиз мухбирни "айбсиз — айбдор" қилиб ишдан ҳайдаш ҳолатларига барҳам берилмас экан, ёш мутахассислар ҳам мақола ва репортажларини "пилигини кўтариб ёзиш" ўрнига милтираб — мўлтираб ёзишдан нарига ўтмайди.

Бу эса ўз навбатида, юқоридаги фикрларнинг шаклланишига, халқнинг эса ўз матбуотидан юз ўгириб, бошқа каналларни кўришига сабаб бўлади", — дея ўз фикрига якун ясади суҳбатдош.

Асосий мавзулар