14:48 24 Май 2017
Эфир
Центральный банк Китая

Хитойнинг Марказий Осиё инфратузилмасига сармоя киритишдан мақсади нима

© REUTERS/ Kim Kyung-Hoon
Аналитика
Ҳавола олиш
Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи (30)
93830

Хитой пойтахтида Осиё, Европа ва Африкани боғлайдиган ва жаҳон савдосининг ривожланишига сабаб бўлувчи улкан Ипак йўли лойиҳасига бағишланган "Бир камар - бир йўл" форуми бўлиб ўтади

TOШКЕНТ, 13 май — Sputnik, Алексей Стефанов. Пекинда 14-15 май кунлари Осиё, Европа ва Африкани боғлайдиган ва жаҳон савдосининг ривожланишига сабаб бўлувчи улкан Ипак йўли лойиҳасига бағишланган "Бир камар — бир йўл" форуми бўлиб ўтади.

Ўша кунлари Хитойда 28 мамлакат раҳбарлари, жумладан Россия президенти Владимир Путин ҳам иштирок этади. Форумда 60дан ортиқ давлат вакиллари қатнашишади, дейишди экспертлар "Россия сегодня" ахборот агентлиги матбуот марказида бўлиб ўтган Москва – Пекин видеокўпригида.

Хитой Халқ университети халқаро ишлар институти директори, профессор Ван Ивэйнинг айтишича, "Бир камар — бир йўл" лойиҳаси аллақачон дастлаб ўйланган миқёсдан ошиб кетди. Лойиҳа жаҳон миқёсига кўтарилди ва бутун сайёра миқёсидаги платформага айланмоқда.

РФА Узоқ Шарқ институти директори ўринбосари Андрей Островскийнинг фикрича, Хитойга жаҳон миқёсига чиқиш ушбу мамлакат иқтисодиёти имкониятларини ошириш, ташқи савдо ҳажмини кенгайтириш учун керак.

Хитой бир неча йил аввал жаҳон молиявий инқирози билан тўқнаш келди, ташқи савдо ҳажми мунтазам равишда пасая бошлади ва Ипак йўли лойиҳаси инқироздан чиқишнинг деярли ягона йўлидир. Хитой айнан шу сабабли Марказий Осиё мамлакатларига анчадан буён йирик маблағ киритмоқда. Островскийнинг айтишича, хорижга киритилаётган инвестициялар умумий миқдорининг 20%га яқини ушбу мамлакатларга тўғри келади.

Экспертнинг фикрича, географик жойлашув ҳисобига Хитой инвестицияларининг катта қисми Қозоғистонга тўғри келади.

"Хитой бежизга Қозоғистон инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратмади, бу ерда "Нурли жол" лойиҳаси яратилган. У алоҳида, лекин Ипак йўли лойиҳаси билан боғлиқ бўлади. Бунинг устига, бу ерда Каспий денгизидаги портлар, автомобиль ва темир йўллари, чегара ўтказув масканлари ривожланмоқда. Бу эса Қозоғистон иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади", — дейди Островский.

"Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, у Марказий Осиё учун йирик боғловчи тугун, Тошкент ва Самарқанд эса таянч шаҳарлардир. Бу нимани англатади? Бу биринчи навбатда, мазкур ҳудуднинг ривожланишини англатади. Йирик шаҳар яратиш учун ишни инфратузилмани ривожлантиришдан бошлаш керак. Бу ерда Осиёни Европа мамлакатлари билан боғлайдиган темир йўл тармоғи қурилади, иқтисодиёт ривожланади. Масалан, Хива шаҳрини олайлик — у қудратли Хива хонлигининг пойтахти бўлган. Бугун эса кўзга унчалик ташланмайди, чунки у орқали ҳеч қандай йирик транспорт йўналиши ўтмаган. Бухоро ва Самарқанд ҳам барча транспорт йўллари марказида жойлашган Тошкентдан ажралиб туради. Бошқача айтганда, ушбу камар қайси шаҳар орқали ўтса, улар таянч шаҳарга айланади, иқтисодий ривожланишда устунликка эга бўлади, бу ерга одамлар оқиб кела бошлайди", — дейди Андрей Островский.

У Марказий Осиё икки лойиҳа — ЕОИК ва "Ипак йўли иқтисодий камари"ни бирлаштириш учун муҳим ҳудуд ҳисобланишини билдирди.

"Инфратузилма яратиш масаласи Тожикистонга ҳам тегишли, лекин бу ердаги вазият Ўзбекистондагига нисбатан анча мураккаб. Чунки мамлакат иқтисодий жиҳатдан заиф. Хитой тамойилига кўра, бу ерда фақат Душанбе таянч шаҳар бўлиши мумкин. Энг катта муаммо эса тоғли ҳудудлар боис автомобиль ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантиришдир. Тожик-хитой чегарасини олайлик — у катта, лекин чегара ўтказув масканлари бор йўғи бир-иккита. Йўлларсиз эса икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш қийин кечади", — изоҳлайди Островский.

Экспертнинг айтишича, Қирғизистон билан ҳам вазият шундай — чегара катта, чегара ўтказув масканлари эса кам ва ўтказувчанлик салоҳияти жуда паст. Темир йўл эса умуман йўқ.

"Бу савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига тўсиқ бўлади. Хитой шу сабабли Қирғизистонда автомобиль йўлларини ривожлантиришни молиялаштирмоқда", — дея қайд этди Островский.

Экспертнинг эътирофича, Хитой Марказий Осиё мамлакатларига камида ўн беш йилдан буён маблағ киритмоқда, чунки улкан лойиҳаларни нимадан бошлашни билади, деб ёзади  Sputnik Қозоғистон.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Мавзу:
Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи (30)

Асосий мавзулар