02:39 20 Ноябр 2017
Эфир
Бозордаги расталар

Экспортга йўл очилиши нарх-навога таъсир кўрсатадими? - эксперт фикри

© Pixabay
Аналитика
Ҳавола олиш
164150

Ўзбекистон президенти яқинда фермерларга жаҳон бозорларига йўл очди. Бу хабарни кимдир хурсандчилик билан қарши олган бўлса, "нарх-наво яна ошаркан-да", деб фикр билдирганлар ҳам топилди

ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. "Бозорда мева-сабзавот қимматлашиши мумкинми?", деган савол бугун барчани ўйлантирмоқда.

Маҳаллий иқтисодчилардан бири Мирзо Субханов янги қарор мамлакат иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

"Бу қарор биринчи навбатда монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантиришга қаратилганлигини алоҳида айтиб ўтиш керак", — деб таъкидлади у. Мутахассис ҳар қандай иктисодий тизимда бозордаги рақобат — маҳсулотлар хилма-хиллиги, улар сифатининг ошиши ҳамда умумий нархларнинг пасайишига олиб келишини қўшимча қилди.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги ишга лаёқатли аҳолининг 60 %и қишлоқ хўжалигида фаолият олиб боради. Шу боис, бу қарор, биринчи навбатда қишлок хўжалигида банд аҳоли даромадларини ошишини назарда тутади.

Бундан ташқари бундан буёғига янги иш ўринларининг яратилиши ва қишлоқ хўжалиги инфратузилмасининг янада ривожланишини кутиш мумкин.

"Ўтган йилларда қишлок хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга мавжуд бўлган таъқиқ ва фермер хўжаликларнинг бир турдаги маҳсулотни кўп миқдорда етиштиришлари туфайли баъзи қишлок хўжалик махсулотларининг нархи кескин пасайганлиги ҳамда уларнинг сотилмасдан ташлаб юборилганига ҳам гувоҳ бўлдик. Албатта, нархларнинг кескин паст даражада бўлишининг салбий томонлари жуда кўп. Паст нархлар эвазига маҳсулот етиштирувчилар катта миқдорда зарар билан чиқадилар. Бу эса маҳсулот келажакда бозордан йўқ бўлишига ва нархнинг аксинча кескин ўсиб кетишига олиб келади", — деди Субханов.

Эксперт, бунга шу кечаю-кундуздаги аҳволни мисол келтирди. "Бугунги кунда ички бозордаги картошка нархининг кескин ошиб кетишига сабаб ҳам икки-уч йил олдин картошка нархининг 250 сўмгача (ҳозирги бозор нархидан 10 баравар паст) кескин тушиб кетгани сабаб бўлган. Нархларнинг пасайиб кетиши туфайли кўпгина фермерлар картошка етиштиришдан воз кечди ва бу маҳсулотнинг кескин камайиши ва қимматлашишига олиб келди", — деди у.

Иқтисодчи шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган бошқа Давлат қарор ва фармонларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. У ўтган йили катта фермерларнинг сувли ерлари, 5-10 гектарлик, нисбатан кичик фермер хўжаликларга бўлинганлиги, ерлардан янада унумли фойдаланилишига олиб келганини таъкидлади.

"Қишлоқ хўжалик махсулотлари экспортининг кенгайтирилиши қишлоқ хўжалиги янада ривожланишида, янги иш ўринларининг пайдо бўлишида ва ички бозордаги нархларнинг меъёрий даражада туришида жуда катта ахамиятга эга", — деб ўз фикрига якун ясади Субханов.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар