18:41 20 Ноябр 2017
Эфир
Швециядаги TeliaSonera офиси, архив сурат

Гулнорага берилган пора, ёхуд нега TeliaSonera Ўзбекистондан кетмаяпти

© Kārlis Dambrāns
Аналитика
Ҳавола олиш
Гулнора Каримова иши (15)
261312

TeliaSonera компанияси ўзбек бозорига кириб келгач йирик коррупция билан боғлиқ можаро иштирокчисига айланди. Европа ва Америка ОАВлари операторни ўзбек мансабдорларига, хусусан мамлакатнинг биринчи президенти қизи Гулнора Каримовага пора берганликда айблади

ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. TeliaSonera швед-фин телекоммуникация гуруҳи ўзининг Ўзбекистондаги активи — Ucell бренди остида фаолият юритаётган Coscom компаниясини сотишга ҳаракатини қўйгани йўқ, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Скандинавлар ўтган йилнинг январ ойидан бошлаб Ўзбекистон билан хайрлашишга ҳаракат қилиб келмоқда. Ўшанда компания — таркибида Ўзбекистон ҳам бўлган ривожланаётган бозорларни тарк этиши тўғрисида хабар қилган эди. TeliaSonera — Ўзбекистондаги активини тўлиқ сотишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди.

Компания нега бу қарорга келгани ҳақида турли сабаблар айтилган бўлса-да, асосий важ сифатида TeliaSonera республика бозорига кириб келиши билан боғлиқ йирик коррупцион жанжал кўрсатилган эди. Европа ва Америка ОАВлари операторни ўзбек мансабдорларига, хусусан, биринчи президентнинг қизи — Гулнора Каримовага пора берганликда айблашди.

Мисол учун, швед телевидениеси TeliaSonera 2007 йилда Ўзбекистонда лицензия олаётган вақтда Гибралтарнинг ошфор Takilant компаниясига 330 миллион доллар миқдорда порани тўлагани ҳақида сюжет намойиш этди. Ҳаммаси ҳам майли, аммо ушбу компания расман — Гаяне Авакян, Гулнора Каримованинг яқин дугонаси ва ишончли вакилига тегишли бўлгани боис, оқибатда, ўтказилган пуллар кимнинг чўнтагига бориб тушгани аниқ ва равшан эди…

ОАВларда ушбу маълумотлар чоп этилгач, АҚШ ва Европа давлатларининг қатор тергов органлари коррупция фактлари бўйича ўз текширувларини бошлашди. Юзага келаётган жанжал арафасида TeliaSonera ички текширув ўтказилиши ҳақида эълон қилди ва сўнгра тўрт нафар топ-менежерларнинг ишдан бўшатилгани ҳақида маълумот берди. Сал ўтмай ТeliaSonera ўз номини Telia Company этиб ўзгартирди. Экспертларнинг аксарияти ўшанда бу ребрендинг кўпроқ ўз номини юқоридаги можародан "тозалаш" учун амалга оширилганини айтишган эди.

Гаяне Авакянга тўхталадиган бўлсак, 2014-йилнинг февралида Ўзбекистон Бош прокуратураси унга ва Гулнора Каримованинг яна бир нечта яқин ёрдамчиларига чет элда сохта компанияларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, чет эл валютасини яшириш ва республика сарҳадидан ташқарига олиб чиқиб кетиш бўйича айбловлар эълон қилган эди. Май ойи охирида Ўзбекистон Ҳарбий суди Гаяне Авакян ва яна 14 кишига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича айблов эълон қилди. Суд ушбу иш бўйича барча фигурантларни криминаллашган жиноятларда айбдор деб топди ва барчасига узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Швед-фин гуруҳига тўхталадиган бўлсак, у бир ярим йилдан буён Ўзбекистондаги активини сотиши ҳақида гапириб келади, аммо арава ҳамон жойида. Куни кеча ўтказилган Халқаро пресс-клуб йиғилиши ҳам ҳеч нарсага ойдинлик киритгани йўқ. Йиғилиш давомида Ucell бош директори Тону Грюнберг сотув жараёнига қуйидагича изоҳ берди:

"Бу жараён икки йилдан бери давом этмоқда. Компания ҳали сотилгани йўқ, балки сотилиб қолар. Бу иш билан Стокгольмдаги таъсисчилар шуғулланишмоқда. Эҳтимол янги соҳиблар пайдо бўлар, аммо ким ва қачон деган саволларга изоҳ бера олмайман. Мен шунчаки бехабарман", — деган Грюнберг.

Ўзбек ва чет эл аналитикларининг аксарияти эса сўнгги вақтларда активлар савдоси жараёни иккинчи планга ўтганини гапиришмоқда. Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг иқтисод ҳамда бошқа соҳадаги либерализация жараёнлари бошлангач, эҳтимол компания Ўзбекистонда бизнес учун шароитлар қанчалик ўзгаришини кутишга қарор қилгандир.

"Бугун Ўзбекистон бозори шиддат билан ўзгармоқда. Илгарилари скандинавлар конвертацияси йўқлигидан нолишарди, эндиликда бу муаммо деярли ўз ечимини топди. Бундан ташқари, компания 9 миллион абонентлари билан республика мобил операторлар бозорида иккинчи ўринни эгаллаб турган келажаги истиқболли активларга эга. Компания бош рақиби — "Билайн" — республика ҳукумати ва куч тизимларида қатор амалдорларнинг қўллаб-қувватлаши эвазига энг қулай шарт-шароитларга эга эди. Эндиликда у шахслар қарор қабул қилиш дастакларидан четлаштирилган. Шу боис операторлар бозори эндиликда янада рақобатбардош бўлади", — деб тушунтирди вазиятни Sputnik Ўзбекистонга экспертлардан бири.

Бошқа мутахассисларнинг сўзларига кўра, TeliaSonera бўлиб ўтган йирик коррупцияга оид жанжалдан сўнг ўзбек операторига мос мижозларни топа олмаяпти, холос. Шу боис ҳам у шошилмаяпти, арзон сотиб қўймаслик учун.

Мавзу:
Гулнора Каримова иши (15)

Асосий мавзулар