08:15 21 Сентябр 2017
Эфир
Приготовление плова на фестивале традиционной культуры O'zbegim

Ўҳў: сиёсатни енгган гўзаллик, эркинликка чиққан сўм, футбол ва ош ҳақида

© Sputnik/ /Рамиз Бахтияров
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
Ўзбекистонда валюта ислоҳоти амалга оширилмоқда (23)
338460

Хайрлашаётган ҳафтамиз чинданда тарихий воқеаларга бой бўлди. Ҳафта аввалида фуқаролар долларни энди банкларда, ҳатто "қора бозор" нархидан қимматроққа алмаштириш мумкинлигидан хурсанд бўлишган бўлса, Самвел Бабаяннинг мураббийликдан бўшатилгани ҳақидаги хабар ҳатто энг ашаддий футбол ишқибозлари учун узоқ кутилган "кутилмаган" хабар бўлди

ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Душанба кундан рўй бера бошлаган "кутилмаган" янгиликлар ҳафта давомида Ўзбекистон фуқароларига ҳамроҳ бўлди, десак янглишмаймиз.

Аввалига долларнинг эркин конвертацияга чиқарилиши ҳақидаги хушхабар, сўнгра дунёда Шаҳрам Ғиёсовнинг "дунёдаги энг зўр боксчи" деб тан олиниши, сал ўтмай дилларни ранжитган мағлубият — миллий терма жамоанинг ЖЧга чиқиш имкониятини бой бериб қўйиши ҳамда шу муносабат билан Самвел Бабаяннинг истеъфога чиқарилиши, ва ниҳоят, "Ўзбегим" шоусида Гиннеслар рекорди китобига киритилган "Шоҳ-палов"…

"Қора бозор"ни синдираётган президент фармони

5 сентябрдан президент Шавкат Мирзиёев фармони билан мамлакатда чет эл валюталари эркин конвертацияси жорий этилди. Сал ўтмай Марказий банк доллар расмий курсини "қора бозор"дан қимматроқ нархда — 1 доллар учун 8100 сўм қийматида ўрнатди. Ва айни кунларда Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий банкларида валюта айирбошлаш шохобчалари ўз фаолиятини кеч 22.00га қадар амалга оширмоқда. 

Президент фармони билан шунингдек, Ўзбекистонда авиачипталар ва миллий автосаноат маҳсулотлари реализацияси ҳамда мобил операторлар хизматигача мамлакатнинг миллий валютаси — сўмда амалга ошириладиган бўлди.

Айни вақтда "Ўзбекистон ҳаво йўллари", уяли алоқа компаниялари Мирзиёев имзолаган фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда ўз иш услубларини қайта кўриб чиқишмоқда. Нарх-навода, кўпчилик қўрққанидек кескин "сакраш" рўй бермади, аксинча, миллий авиакомпания халқаро йўналишларга чипталар нархи бир оз арзонлаштирилишини эълон қилган бўлса, GM Uzbekistan эса ўз маҳсулотлари нархи ошмаслигини, алоқа компаниялари эса хизматлар нархи 5 сентябргача бўлган даражада қолишини маълум қилишди.

Шу кеча кундузда халқ долларни банкда алмаштиришни маъқул кўраётганини инобатга олсак, ноқонуний валютачилар фаолиятига катта нуқта қўйилишига шубҳа билан қараётганлар адашдилар-ов, деган тахминлар пайдо бўлади. 

Чегарани дарвозага айлантирган ташриф

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга йўл олганини эшитган ўзбекистонликларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда "ишқилиб чегара муаммолари ҳал этилармикин" деган мазмунда саволларни кўп бердилар.

Ўзбекистон президенти эса нафақат чегара, балки халқ ва мамлакат учун манфаатли кўплаб ҳужжатларни имзолади.

Мирзиёевни қучоқ очиб кутиб олган Атамбаев, бу учрашув аввал бошданоқ тарихий бўлишини таъкидлади.

Икки президентнинг салом-алиги акс этган видеони томоша қилган интернет фойдаланувчилари эса Атамбаев Мирзиёевни қандай кутиб олганини эмас, Ўзбекистоннинг Биринчи хоними гўзаллигини эътироф этдилар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилган музокаралардан сўнг, ҳатто экспертларни ҳайратга солган баёнотлар билан чиқиш қилишди.

Икки мамлакат "Қамбар-ота" ГЭСини биргаликда қуриши, чегаралар очилиши, чегара олди ҳамкорлиги кучайтирилиши, товар алмашуви йўлга қўйилиши эълон қилинди. Ўзбек-қирғиз муносабатларида ҳақиқатда янги саҳифа очилди.

"Кет, Бабаян, кет"

Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги учрашувнинг "0:0" натижаси туфайли терманинг Жаҳон Чемпионатида қатнаша олмаслигини салкам "инсульт" билан ҳазм қилган ашаддий футбол ишқибозлари дастидан Фейсбук ижтимоий тармоғи маълум муддатга Бабаянни қарғаш учун ташкил қилинган кенг майдонга айлангани, айни ҳақиқат. Сал ўтмай, Гейнрих миллий терма жамоа сафини тарк этаётганини маълум қилди. Бу хабарни эшитган фойдаланувчилар "қолганлар-чи?" дея савол беришди.

Ўзбек футболининг тарихи ва бугунги куни ҳақида "жазавага тушиб" баҳс юритаётганларнинг истаги битта эди — Самвел Бабаян мураббийликдан кетсин. Шундай бўлди ҳам. ЎФФ "Жаҳон чемпионатига чиқишни уддалай олмагани учун" мураббийлар таркибини тарқатиб юборди.

Бабаян ўз истеъфосидан сўнг футбол мухлисларига мурожаат қилишга ўзида куч топди ва "ишончни оқлай олмагани" учун ҳаммадан узр сўради. Собиқ мураббий терма жамоа узоқ кутилган ғалабаларга эришолмагани сабабини — омад уларга боқмаётганида, дея тушунтиргандай бўлди.

2017 йил 12 сентябр куни янги президентни сайлаш бўйича ЎФФ конференциясини ўтказиш режалаштирилган. Хуллас, ўзбек футболини катта ислоҳотлар кутяпти.

Гиннеслар рекордидан жой олган "Шоҳ-палов" 

Тошкентда "O‘zbegim" миллий қадриятлар фестивали доирасида ўзбекистонлик ошпазлар томонидан тайёрланган 7 360 килограммлик палов Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олди.

Айни вақтда Фейсбук ижтимоий тармоғи тадбир ташкилотчиларига ажойиб шоу ва рекорд учун миннатдорчилик билдирилган постларга тўлиб кетган. Бироқ…

Маданий тадбирни томоша қилишга келиб, "ош йўқ" деган милиция ходимларини еб қўйишга тайёр турган фуқароларнинг ҳатти-ҳаракатлари кескин қораланмоқда: жамоатчилик кўз ўнгида ош ва меваларни талашиб бир-бири билан муштлашишгача бораёзган, ҳатто стол устига оёғи билан чиққан номаълум аёлларнинг ҳатти-ҳаракатларидан ҳайратга тушганлар "бир майизни қирқ бўлиб еган ўзбегим наҳотки урушда ўлиб кетган бўлса?", деган мазмундаги изоҳларни қолдиришмоқда.

Ош тайёр бўлиши билан бошланиб кетган тартибсизликлар туфайли "Шоҳ-палов" меҳрибонлик уйларига тарқатилади, дея эълон қилинди. Тўпланганлар ошдан қуруқ қолишди.

Юз берган кўнгилсизликлар афсусга арзигулик бўлса-да, ташкилотчиларни рекорд билан табриклаб қоламиз!

Мавзу:
Ўзбекистонда валюта ислоҳоти амалга оширилмоқда (23)

Асосий мавзулар