12:43 13 Декабр 2017
Эфир
Флаг на посольстве Кыргызстана

АҚШ Қирғизистондаги сайловларга ташқаридан аралашмоқда — эксперт

© Sputnik/ Алексей Ничукин
Аналитика
Ҳавола олиш
Қирғизистонда президент сайлови (13)
88810

Экспертнинг фикрича, АҚШ жаҳон сиёсатига, хусусан, Марказий Осиёдек муҳим минтақага таъсир кўрсатиш имкониятидан ҳеч қачон воз кечмайди

ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Қирғизистон ТИВ Дипломатик академиясининг халқаро тадқиқотлар маркази директори Азамат Карагулов АҚШ жаҳон сиёсатига у ёки бу тарзда таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди.

У жамоатчилик фикрини ўрганиш билан шуғулланувчи Франциянинг IFop компанияси ўтказган сўров натижаларига изоҳ берди. Сўров натижаларига кўра, европаликларнинг аксарият қисми бошқа мамлакатлардаги сайловларга Россия эмас, АҚШ аралашади деб ҳисоблайди.

Карагулов сўров натижалари ҳақиқий вазиятни ифодалашини, бунга қўшилиш мумкинлигини билдирди, деб ёзади Sputnik Қирғизистон.

"АҚШ улкан сиёсий, захира ва бошқа салоҳиятларга эга. У албатта жаҳондагиларнинг фикрлашига таъсир кўрсатади ва у ёки бу давлатдаги жараёнларга қандайдир тарзда аралашади. Бу янгилик эмас ва ушбу сиёсат давом этиши тушунарли", — деди Карагулов.

Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг Марказий Осиёдаги фаоллиги сўнгги вақтда сусайган.

"2005 йилдан буён фаоллик сусаймоқда. Ганси авиабазасининг ёпилиши АҚШнинг Қирғизистонга тўғридан-тўғри таъсири сусайишига олиб келди. Кўпчиликда ҳатто америкаликлар биз ҳақимизда унутиб қўйди деган тасаввур ҳосил бўлмоқда", — деди эксперт.

У бундай фикр хато эканлигини айтди – АҚШ жаҳон сиёсатига, хусусан, Марказий Осиёдек муҳим минтақага таъсир кўрсатиш имкониятидан ҳеч қачон воз кечмайди.

"Қирғизистонда президентлик сайловлари арафасида АҚШнинг сиёсий жараёнларга у ёки бу тарзда таъсири мавжуд. Албатта, ҳозирда бу таъсир кўрсатувчи агентлар, ноҳукумат ташкилотлари ва бошқа воситалар орқали қилинмоқда", — деди Карагулов.

Эксперт америкаликлар Европадаги вазиятни ҳам диққат билан кузатишларини таъкидлади.

"Ҳозирда АҚШ Европадаги жараёнларга нисбатан таъсирни пасайтирди деган фикрлар янграётган бўлса-да, аслида бундай эмас. Америкаликлар бармоғи Европа томирида туради ва биринчи бўлиш борасидаги глобал мақсадларидан воз кечишмайди", — деди эксперт.

У Ғарб мамлакатларида Россияни душман сифатида кўриш одати мавжудлигини, Россияни барча гуноҳларда, жумладан АҚШдаги сайловларга аралашишда айблашларини эътироф этди.

"Бу Ғарб манфаатлари йўлида ишлатиладиган тактик усул эканлиги тушунарли. Бунда Кремль айтаётган ташқи сиёсат тамойиллари шунчаки рад этилади. Бу АҚШ ва Россия қарама-қаршилиги натижаси эканлиги аниқ-равшан", — деди эксперт.

Эслатиб ўтамиз, сўровномада  Германия, Буюк Британия ва Польшадан ёши 18дан катта бўлган 3228 нафар киши иштирок этган.

Мавзу:
Қирғизистонда президент сайлови (13)

Асосий мавзулар