02:17 22 Ноябр 2017
Эфир
Женщина выбирает газету

"Тўлка"ли ёшлар, думли ҳарфлар, "Ширчой"да сутчой ичаётганлар ҳақида тўрт оғиз гап

AP Photo
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
2213101

"Семьясига бахт тилаймиз", "вообше йўқ", "тўлка ўзим борибман" (дарвоқе, шу "тўлка" сўзини ёшлар бошқа ўриндаям ишлатади. "Менинг тўлкам", деб мақтаниб қолишади-ку, тўғри талаффузга эса тил зорманда қовушмайди), дейилса кулгимиз қистайдими? Шундай гап-да

21 октябрь — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун!

Тил — Она, Ватан каби тушунчалар билан бир қаторда туради. Муқаддас. Лекин ҳар доим ҳам унинг муқаддаслигини жойига қўёлмаймиз…

Ҳар йили шу сана арафасида матбуотда кўча-кўйдаги реклама ёзувлари, пешлавҳалардаги хатоликлар, тилимизга ёт сўзларнинг кўплаб кириб келаётгани ҳақида мақолалар эълон қилиниб, сўнг яна жим бўлиб кетилади.

Бугунги глобаллашув жараёнида нафақат жонли тилни мусаффо ҳолича сақлаб қолиш, балки чаласаводликни тугатиш ҳам жуда мушкул ишга ўхшаб кўринади. Чунки интернет бор, ундан тўрт-беш постларни ўқиб, ҳаммамиз ўзимизни билимдон санаб юрибмиз. Бировга "бундай эмас, мана бунақа", десанг калтаклашгача бориши мумкин. (Ўзининг ҳақлигига ишонади-да) Ва энг асосий муаммо ҳам шунда — чаласавод инсон бир нимани билиб олса, тамом ўла-ўлгунча шунга содиқ қолади.

Лекин, кейинги пайтларда матбуотда ўзбек тилининг имло қоидалари юзасидан кетаётган баҳс-мунозараларга қараганда, ҳалигача имломизнинг аниқ қоидалари йўқмикан деб ўйланиб қоламан. Чунки кимдир муаллиф гапи ва кўчирма гапларнинг аниқ-тиниқ бўлиши учун тиниш белгиларини кўпроқ ишлатишни, яна кимдир уларни имкон қадар камроқ ишлатиб, «тежаб қолиш»ни таклиф қилади. (Тежаганда нима, бозорга опчиқиб сотармидинг, дейдиган одам йўқ)

Мустақиллик йилларида тилимиз анчайин қаддини тиклаб олди. Лекин у билан боғлиқ барча муаммо ҳам тўлиқ бартараф этилди, деб бўлмайди. Ҳозирда тилимиз билан боғлиқ уч муаммо бор, назаримда.

Булар, барча саводли бўлиб кетган бир вақтдаги чаласаводлик, тилнинг барча учун бирдай тушунарли эмаслиги ва адабий тилимизнинг анчайин расмийлашиб қолгани.

Чаласаводлик масаласи:

Бир қарашда ҳамма ўқимишли, лекин қаерга қарама, ўзбек тилидаги ёзувларга ғиж-ғиж хато. Биргина ҳолат — Тошкент шаҳрида "ҳ" билан "х"нинг адаштирилиши куйдиради одамни. Кирилл ҳарфида бу унчалик кўзга ташланмас эди, "ҳа, думи тушиб қолибди", деб кетиларди-да. Бироқ энди, лотин алифбосида бу чаласаводликни яширишнинг имкони йўқ — муаммо бир "дум" билан ҳал бўлмайди. Отнинг қашқасидай кўзга ташланиб қолмоқда. Агар сал ўйланадиган бўлса, бу ҳарфларнинг ёзилишида хато қилиш имконияти 50/50. Назарий жиҳатдан, адашиб тўғрисини ёзиб ҳам қўйиш мумкин. Йўқ, булар адашишмайди. Албатта нотўғри ёзишади. Шуниси кишини ҳайратга солади.

Ўзи бугун ўзбек тилида хато ёзиш одатий тусга кириб қолди ҳеч ким эътибор бермайди, берган тақдирда ҳам уят саналмайди. Ҳа, ёзибди-ёзибди, тўғриласа бўлар, тўғриламаса ҳам тураверади, бировнинг бошини ёрармиди, дегандай муносабатда бўлинади. Бунинг сабаби нимада, биласизми? Кўпгина шу соҳага мутасадди раҳбарларнинг ўзи саводсиз. Шу сабабли уларга хато қилиш катта айбдай кўринмайди.

Иккинчи ҳолат, назаримда, биз тилимиздаги сўзларни бир хил маънода тушунавермаймиз. Шунинг учун ҳам ўз сўзимиз, гапимизни бировларга уқтириш учун кўпроқ ўзга тиллардан кириб келган сўзлардан фойдаланамиз. Қолаверса, бугун оғзаки сўз бойлигимиз ўта қашшоқлашиб кетган. Ўз она тилимизда дўндириб, фикримизни ифодалаб беролмаймиз.

Бунинг учун гапимизнинг ярми ўзга стил сўзларидан иборат бўлиши керак. Гоҳида олифтачилик учун ҳам шундай қиламиз — кўринглар, мен маданиятлиман, тил биламан, жаҳон кезганман, деган маънода-да. Бирор ҳолатга юз фоиз ишонишингиз мумкин — тилни бузиб гапириш ўта хунук ҳолат.

"Семьяга бахт тилаймиз", "вообше йўқ", "тўлка ўзим борибман" (дарвоқе, шу "тўлка" сўзини ёшлар бошқа ўриндаям ишлатади. "Менинг тўлкам", деб мақтаниб қолишади-ку, тўғри талаффузга эса тил зорманда қовушмайди), дейилса кулгимиз қистайдими? Шундай гап-да.

Глобаллашув жараёнида гоҳида тилимизни йўқотиб қўяётгандекмиз. Шаҳарга чиқинг, атрофга боқинг. Ҳаммаёқда ўзга тилларда битилган номлар. Ҳатто хусусий телеканалларга боқинг, ўзбекча ном топа оласизми? Дейлик, "Зўр-ТВ"да фақат битта кўрсатувнинг номи ўзбекча бўлса керак — "Наҳори нашта", қайсики уям ўзбекча эмас. Ўз номи билан "Миллий" бўлган телеканал кўрсатувлари-чи? "МТV-show", "М-news", "Ширчой"…

Нега шунақа қиламиз? Назаримда биз миллат сифатида ҳалигача ўзимизга тўлиқ ишонмаймиз. Бўлмаса тилимиздан, ундаги сўзлардан фахрланмасмидик? Кўрсатувларимизга, фирма-дўконларимизга ундаги чиройли, гўзал сўзлардан қўймасмидик? Тан олайлик, ўзбек тилида гўзал сўзла хоҳлаганча топилади.

Адабий тилимизнинг ҳис-туйғудан йироқлашиб қолаётгани ҳам бор гап. Чунки бу тилда ёзилган бадиий асарлар деярли ўқилмайди. Бу тилда яратилаётган кино ва телемаҳсулотлар эса ўта иқтидорсизлик билан, ҳиссизлик ва совуқлик билан ишланадики, уларда ҳаяжон бўлмайди. Халқимизнинг адабий тилда эшитаётгани эса шу — телеянгиликлар ва кўрсатувлар, холос.

Бугун ўз фаолиятини фақат тил орқали амалга ошираётган касблар сони ниҳоятда ортди, тил тижорат қуролига айланди.

Лекин тилни сотиб, кун кўрадиганлар кўпайгани сари, у қашшоқлашиб бормоқда. Йўқ, сотилиб кетаётгани учун эмас, пул қилиш имкони пайдо бўлган жойга ўртамиёна кишилар ғужғон ўйнаб қолишида…

Асосий мавзулар