04:19 22 Ноябр 2017
Эфир
Президент Республики Узбекистан Шавкат Мирзиёев по время осмотра Сардобского водохранилища

Орзу мамлакати

Пресс-служба президента РУз
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
197991

"Ўтган бир йил ичида рўй берган ўзгаришларни сездингизми?" - ҳамкасбим кутилмаганда шу савол билан мурожаат қилиб қолди. Кўпчиликни қизиқтирадиган, шу билан бирга ҳамма янгиликдан хабардор журналистлар ҳам гоҳида ўз-ўзига ёки ҳамкасбига бериб турадиган бу саволга албатта, жавоб бор. Меники қуйидагича...

…Бугун Ўзбекистон улкан қурилишлар, ўзгаришлар майдонига ўхшайди. Лекин булардан ҳам муҳимроғи инсонлар руҳияти, ички оламидаги ўзгаришлар — Ўзбекистон орзулар мамлакатига айланди.

Одамларга орзу қайтарилди.

Жамиятнинг кам таъминланган табақаси мавжудлиги, улар ҳам муносиб ҳаётга лойиқлиги тан олинди ва арзон уй-жойлар қурилиши бошланди. Балки бу уйлар ҳаммага етмаслиги мумкиндир, лекин "қўрада кўрсам кўнглим тўқ", дейди халқимиз. Шундай уйлар қурилаётганининг ўзиёқ кўпчиликка умид бағишлайди.

Жамиятдаги яна бир муҳим ўзгариш, халққа орзуни, умидни қайтариб берган ўзгариш — олий таълимдаги янгиликлар. Сиртқи ўқишни тикланиши кўплар учун аҳамиятсиздай, жамият ҳаётида билинар-билинмас ўтиб кетгандай. Аслида бундай эмас — у кишиларга умидни, эртанги кунга ишончни қайтарди.

Ҳамманинг ҳам кундузги ўқишда таълим олишга имкони мавжуд эмас. Кимнингдир ота-онаси йўқ, кимнингдир яқинлари имконсиз — мактабни тугатиши билан ишлайди, ўзи, яқинларини боқади. Энди улар ҳам таълим, муҳими диплом олишига имкон яратилди. Шунга умид уйғонди.

Белгиланган квотадан ортиқ, қўшимча тўлов ҳисобига ўқишга қабул қилиш борасидаги ўзгариш ҳам айни муддао бўлди. Энди бойлар пулини қўлтиқлаб, "танка", "х" вариант қидириб, "бункер" ёллаб юрмайди. Ҳаммаси очиқ, ҳаммаси ҳаққоний ва одилона. Асосийси, улар ўқимишлиларнинг ўрнига суқилиб кириб олишга уринмайди. Унинг ўз ўрни бўлади.

Ишсизлик бўғма илондай бўйингга ёпишиб, бир умр қўйиб юбормайдигандай туюлган пайтда мамлакат бўйлаб янги иш ўринларининг яратиш, заводлар, эркин иқтисодий зоналар қуришга бўлаётган уринишлар…

Бозорларда нарх-навонинг ошиши ҳақида кўп гапирамиз, нолишлар ҳам кўп. Аслида бу ҳам деҳқонларга умид бағишлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 6 ноябрдаги маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган Қарори йил давомида ишлаб, топган-тутганини қоқи баҳосига сотиб, тўрт-беш сўм пул топиш мақсадида ўзга мамлакатларда хор-у зорликда юрган деҳқонда ўз ерида ишлаб, пул топиш, оила боқиш, рўзғор тебратиш умидини пайдо қилди.

Кўпчилик, албатта, деҳқоннинг бой бўлишига ишонмайди. "Ўн икки ой бели букилиб, тер тўкиб ишлайди-да, тўй қилиб, бор пулини кимсан фалончи қўшиқчига бериб юборади", дейишади. Зарари йўқ. Бора-бора деҳқонлар ҳам ўзлигини намоён қилишнинг бошқа мақбулроқ йўллари, усулларини топишар.

Давлат пул топишга имкон яратиб бермоқда, ақл топиш эса ҳар кимнинг ўз иши.

Асосий мавзулар