04:18 22 Ноябр 2017
Эфир
Просмотр сериала Oltin Davrim

Олтин даврнинг кумуш сериали ёхуд шу акамга шу янгам ҳам бўлаверади

Sputnik
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
82640

"Олтин даврим" ёшларга жуда яқин, уларнинг ташвиш-ўйларини самимий акс эттирган, ақлли нарсалар ҳақида айтилади, лекин ақллилик қилиб, томошабининг жиғига тегмайди. Лекин у ҳам хатолардан ҳоли эмас

Мана, ниҳоят "Олтин даврим" миллий сериалининг такрорий намойиши ҳам якунига етди. Энди кўнгилда йиғилиб қолган айрим фикр-мулоҳазаларни баён этсак ҳам бўлади. Ҳа-да, 63 қисмлик сериалга бир кўришнинг ўзидаёқ баҳо бериш нохолисликка олиб келиши мумкин эди.

"Олтин даврим" ўзбек миллий сериалчилигини янги поғонага олиб чиқди. Ҳар ҳолда, унгача яратилган ҳеч бир асарда воқеаларнинг бунчалар уйғун ва тезкорлиги, образларнинг аниқ ва ўзига хослиги, актёрларнинг ўз ролларига самимий ёндашиши кўзга ташланмаган. Актёрлар ансамбли ҳам ажойиб.

Шу пайтгача "Каминанинг оиласи", "Жиблажибон", "Қайнона-келин"га ўхшаш анчайин сийқа, носамимий ҳажвий сериаллардан кейин бу асар комедия жанрига ўзгача жозиба ва йўналиш олиб кирди. Ҳажвий сериал — китобий, совуқ, ҳиссиз ёки бачкана сўзлар, артистларнинг масхарабозникига ўхшаш қилиқлари ва ҳаддан ортиқ чўзилган танқидбоп воқеадан иборат деган қарашга, догмага чек қўйди.

"Олтин даврим"гача воқеанинг ўзи кулгили ёки танқидий бўлса бас, ўткир ҳазиллар, ҳозиржавоблик эса қизиқчиларнинг чиқишларида, ҚВЗда бўлади, деб ҳисоблашарди. "Олтин даврим" бу қарашга чек қўйди — воқеалар қизиқ ва кулгили, улар атрофидаги гап-сўзлар, диалоглар янада қизиқарли, ўткир, кутилмаган. Ўзбек миллий сериалчилигида ҳали бунақаси бўлмаган.

Ёшлар мавзусига бағишланган "Ҳаёт жилғалари", "Чемпионлик орзуси" каби асарлардан фарқли ўлароқ, "Олтин даврим" ёшларга жуда яқин, уларнинг ташвиш-ўйларини самимий акс эттирган, ақлли нарсалар ҳақида айтилади, лекин ақллилик қилиб, томошабининг жиғига тегмайди.

Энг асосийси, ушбу асарда бошқа барча сериалларда учрайдиган ва томошабиннинг жиғига тегадиган — вақтни атай чўзиш, қаҳрамонларнинг беҳуда ва ортиқча ўй-хаёллар суриши, у ёндан бу ёнга мақсадсиз, сандироқлаб юриши каби лавҳалар умуман йўқ. Асар жўшқин ва шиддатли кечади.

"Олдин даврим"да илк бор бировларни танқид қилмай, устидан кулмай, илм-фан, қизиқишлар йўналишида ҳам кулгили асар ишлаш мумкинлиги исботланди.

Бир сўз билан айтганда "Олдин даврим", агар улкан юки халақит бермаса (тарих улкан нарсаларни ортмоқлаб юришни ёқтирмайди), бора-бора балки классик ҳажвий асарлар қаторидан жой олар.

Ҳар тўкисда бир айб, ушбу сериалнинг ютуқларига қарамай, хатолари ҳам ғиж-ғиж.

Аввало, мутахассисларимизда бу даражадаги катта лойиҳалар билан ишлашда тажриба етмаслиги кўзга ташланган.

Дейлик, фильмнинг 58-60-қисмларига келиб, Муса ва Гули йўқолиб қолади. Лекин сериалда уларнинг йўқолишини асослайдиган ҳолат йўқ. Бўлмаганиям майли, негадир Муса йўқолиши билан унинг ўрнига Олмос шундай ҳаракат қилади. Унга ўхшаб фикрлайди, унинг услубида гапиради, хонасида яшайди.

Бундан ташқари, ўша қисмда Ўтабек телевизор кўриб, имтиҳон топшириши лозим. Ҳолбуки у фалсафа факультетида ўқийди. Телевизор кўриб, имтиҳонни журналистикада ўқийдиган Муса топшириши мумкин аслида.

Ўша жойда Носир ака Ўтабекнинг отасига қўнғироқ қилиб, уни Тошкентга чақиради. Бир сафар фалсафадан аза бўп турганини эшитиб, Тошкентга жўнаб қолган, ҳар икки гапнинг бирида пойтахтга бормоқчи бўлаверадиган, ўғлининг ўқиши учун жон куйдирадиган Норбўта ака бу сафар ўзига хос бўлмаган ҳолатда, тўсатдан "бормайман" дейди.

Худди шу вазиятда негадир Олмос отаси келмаётганини ўйлаб, ташвишга тушади.

Бундан ташқари, ёдингизда бўлса, ким кўркамлигини аниқлаш мусобақасида айнан Муса иштирок этмайди. Бироқ кейинги қисмларда танловни ташкиллаштиргани ва унда иштирок этгани учун ҳамма Мусани айблайди. Нега?!

Мазкур ҳолатлар назаримизда чуқур ўйланиб, мулоҳаза қилиниб асар сюжети доирасида, унга хизмат қилиш учун топилган воқеалар эмас, балки, ушбу қисм лавҳаларини суратга олиш вақтида Муса ролини ижро этаётган актёр (Шаҳбоз Бобоқулов) ё таътилга чиққан ёки тўй-пўйга жавоб сўраб кетворган. Унинг ролидаги гап-сўзлар, ҳаракатлар томошабинни менсимаган ҳолда унга-бунга бўлиб берилган. Ҳар ҳолда, ушбу воқеалардаги чалкашликлардан шундай хулоса чиқариш мумкин.

Павильонда ва табиатда суратга олинган кўплаб лавҳаларда ҳам уйғунлик йўқ. Айниқса, биринчи мавсумида. Хонада Муса сочи ўсган, бироз улғайган йигит, чопиб кўчага чиқиши билан сочи калтариб, ёш болага айланиб қолади. Кийимлари ҳам бирдан ўзгаради.

Алишер қишлоққа қайтиб кетаётганда таксичи билан гаплашади. Таксичи унга ақлли гапларни айтади. Кейинроқ худди шу сўзлар бирга бир кўчирилиб, эшак-арава ҳайдаб кетаётган аравакашнинг тилига туширилади. Яхши топилмани такрор қўллаш асарни сийқалаштириб юборади.

Алишер қишлоққа борганда оиладагилари базм қилиб, негадир рақсга тушади. Ўзбекнинг оиласида қариндош-уруғлар йиғилганда рақсга тушишадими? Бунинг устига қишлоқда. Ҳаётда учрамайдиган нарса-ҳодисани кинода кўрсатишни тўхтатсак фильмларимиз ҳаётийроқ чиқармиди?

Чеховнинг деворда осилган милтиқнинг албатта отилиши тўғрисидаги ўгитига амал қилинмаган ҳолатлар ҳам бор.

Масалан, Тойир бир-неча қисмда велосипед кўтариб юради.

Бунга алоҳида урғу берилади. Шунгача нимагадир урғу берилса, кейинги қисмларда у билан боғлиқ воқеа юз берарди. Велосипед билан эса бундай бўлмади. У шу ҳолича, устига бўз ёпилганча сериал охиригача хонада тураверди, ҳеч бир вазифани бажармади.

Сериалда Зокир Очилдиев талқинидаги домла образи тўлиқ очилмаган. Авваламбор, фақат "нима" деган сўзни ишлатадиган ролга З.Очилдиевдай оғир-вазмин актёрнинг танланиши ғалати. Режиссёрнинг хатоси шундаки, образни тўлиқ англаб, етмаган. Домла нима учун "нима" сўзини кўп ишлатади? Сўз бойлиги камлиги учунми? Йўқ. У "Матбуот назарияси" фанидан дарс беради. Ўқимишли, сўзгаям бой.

Мантиқан хулоса қилсак, "нима" сўзининг кўп ишлатиши сабаби шундаки, у тез гапириши лозим. Ақли тилининг ортидан ҳар доим ҳам улгуриб боролмайди. Шунинг учун шошилиб ҳар қандай сўзнинг ўрнига "нима" сўзини қўйиб кетаверади. У бир умр шошиб яшайдиган одам. Назаримизда образга шундай баҳо берилиши ва шунга асосан тез гапирадиган, бироз шошқалоқ актёр танланиши лозим эди. Бу ҳолда эса домла қуп қуруқ аҳмоққа чиқиб қолган.

Ушбу ҳолатдан яна бир хулоса: қизиқчиларнинг кинода образ яратишлари қийин, чамаси. Улар томошаларда бир хилда ўйнайвериб, қолипга тушиб қолган. Образга киришолмайди. Қизиқчилар ижро этган аксарият ролларга эътибор қаратсангиз, шунга гувоҳ бўласиз. 

Лекин, Мирза Азизов ва Боир Хомирзаевлар яратган образлар ўзига хос ва жонли чиққан. Тоҳир Саидовгаям сериал давомида кўникишга улгурасиз.

"Шу акамга шу янгам ҳам бўлаверади", дейди халқимиз. Телесериалчиларнинг ҳам шунга ўхшаш фикрдалиги кишини бироз асабийлаштиради. Юқорида айтилган ва айтилмаган хатолар телесериал ижодкорларининг томошабинлар фикрига эътиборсизлигини кўрсатади.

Ҳа, хатолар кўп. Улар фақат иш йўқ жойда бўлмаслиги мумкин. Мақсад эса, уларни имкон қадар камайтириш.

Шунга қарамай, сериалнинг ютуқларини яна бир бор тан олиш лозим. У ҳақиқий талабалик романтикасини яратган, ёшларнинг кўнглида энтикиш, орзу-ўйлар уйғотган асар. Энг асосийси, бачканалик, масхарабозлик қилмай, миллий ўзига хослик, менталитет доирасидан чиқмай кулгили асар яратиш мумкинлиги исботланди.

Асосий мавзулар