06:25 13 Декабр 2017
Эфир
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев билан бир йил

© ИА "Жахон"
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
2978104

Мирзиёевнинг давлат раҳбари этиб сайланиши билан бир вақтда Тошкент шаҳрида қачонлардир ва нима учундир ёпилган йўллар қайтадан очилди, бузилган кўприк тикланди. Бир қарашда бунинг катта сиёсатга алоқаси йўқдай, гўё! Аслида замирида катта маъно ва рамзийлик бор

Бундан роппа роса бир йил бурун Ўзбекистонда президент сайлови ўтказилган эди. Шавкат Мирзиёев мана бир йилдан буён Ўзбекистонни бошқариб келмоқда. Хўш, шу кичик даврда президент давлат бошқарувида қандай ўзгаришларни амалга ошириб, нималарга эришди-ю, нималарни назардан қочирди?

Айтиш лозим, Мирзиёевнинг давлат бошқарув сиёсати:

ички сиёсатда — халқ манфаатини устувор кўришга ва фуқаро эркинлигини таъминлашга;

ташқи сиёсатда — иноқ қўшничилик ва ўзаро ишонч асосида манфаатли шерикчиликка йўналтирилди.

Йил давомида амалга оширилган барча ҳаракатлар, қилинган ишлар, чиқарилган меъёрий ҳужжатлар, қайсидир маънода, шу икки йўналишни амалга оширишга хизмат қилади.

Авваламбор, давлатчилик сиёсатида мисли кўрилмаган, ҳатто жаҳон миқёсида ҳам анчайин янгилик бўлган халқ билан мулоқот тизими яратилди. Давлат қурилишидаги ўзгаришлар айнан шу мезон асосида амалга оширилмоқда. Яъни давлатнинг халқ олдида ҳисобдорлиги ва унинг манфаатлари йўлида хизмат қилиши. Давлат бошқарувининг маҳаллий ҳокимиятга бўйсунмайдиган алоҳида тизими — халқ қабулхоналари ташкил этилди.

Мамлакат ички сиёсатни юритишда йил давомида амалга оширилган ишларни шартли тарзда тўрт йўналишга бўлиш мумкин. Булар халқнинг:

— жисмоний саломатлигини;

— тинчлиги, эркинлиги ва осойишталигини;

— юксак маънавиятини;

— иқтисодий барқарорлигини таъминлаш.

Президентликнинг дастлабки ойларида дори-дармон соҳасини тартибга солиш тўғрисида ҳужжат қабул қилинди, сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўзгаришлар амалга оширилди, мамлакатда дори-дармон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида бир-неча эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди.

Ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилди. Шу йил 7 январь куни прокуратура органлари ходимлари билан учрашув ўтказилди, 10 апрель куни ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган Фармон имзоланди. Унга асосан ички ишлар тизимини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий база деярли қайтадан ишлаб чиқилди ва эълон қилинди. Соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилди.

Аҳолининг билими, маънавиятини ошириш мақсадида йил бошида китоб савдосини ривожлантириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб этиш борасида ҳужжат имзоланди. Кейинчалик ҳам Президент юксак минбарлардан туриб, бир-неча бор халқни китобхонликка чорлади. Йил ўрталарига келиб, Ёшлар иттифоқи тузилди, унга ёшлар борасидаги сиёсатни амалга оширишда катта имкониятлар ва ваколатлар берилди.

Август ойида эса Президент зиёлилар билан учрашди. Маълум бўлдики, бундан кейин халқ маънавияти орқали тижорат қилишга йўл қўйилмайди, энди қўшиқчилар тўртта лапари билан мамлакат маънавий ҳаётини белгиламайди. Ҳайбаракаллачи римликларнинг анчайин амалда бўлган "нон ва томоша" тамойили урфдан чиқарилади.

Тижорат юритишни эркинлаштириш, уни рўйхатга олишда енгилликлар яратиш, солиқ имтиёзлари бериш, экспорт ва импортга чегараларни кенгроқ очиш, нақд пул муаммосининг ҳал этилиши, валюта савдосидаги эркинлик — буларнинг барчаси халқнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга қаратилди. Шунингдек, бу ўзгаришлар иқтисодиётга зуғумнинг тўхтатилиши, унга эркинлик берилиши, бундан кейин у фақат бозор қонун-қоидалари орқали тартибга солинишини ифодалайди.

Ш.Мирзиёев томонидан мамлакат ички сиёсатида амалга оширилган жиддий ўзгаришлардан бири — шахсий жавобгарлик, ҳар бир раҳбарнинг халқ олдида ўзи жавоб бериши.

Президент шу пайтга қадар анчайин эътиборга олинмаган шахсни биринчи даражага олиб чиқди. Шунга қадар фақат артист ва қўшиқчилар эгаллаб олган телевидение мамлакатда улардан бошқалар ҳам борлигини эслаб қолди. Вазирлик ва муассасалар раҳбарлари матбуот анжуманлари ўтказмоқда, бадавлат инсонлар пулни қандай топганини телевидениеда очиқ-ойдин гапирмоқда, деҳқондан тортиб кимёгарчага — турли мутахассислар ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.

Мирзиёевнинг давлат раҳбари этиб сайланиши билан бир вақтда Тошкент шаҳрида қачонлардир ва нима учундир ёпилган йўллар қайтадан очилди, бузилган кўприк тикланди. Бир қарашда бунинг катта сиёсатга алоқаси йўқдай, гўё! Аслида замирида катта маъно ва рамзийлик бор.

Бу мамлакатда ҳар хил тақиқлар олиб ташлангани, фуқарога эркинлик берилганини кўрсатади.

Дастлабки бир йиллик улкан бунёдкорликлари билан ҳам кўпчиликнинг ёдида қолди. Сайловолди дастурида айтилганидай, кам таъминланган оилалар учун уйлар барпо этиш бошланди, Тошкент атрофида метро қурилиши йўлга қўйилди, туризмни ривожлантириш асосий вазифалардан бирига айлантирилди, эркин иқтисодий зоналар кўпаймоқда, тижоратга эркинликлар берилди.

Кейинги бир йил Ўзбекистонда ҳаяжонли ва янгиликларга бой ўтди. Халқ кунда, кун аро улкан ўзгаришга, янгиликка гувоҳ бўлиб турди. Бу эса унда келажакка ишонч туйғусини ошириб, ҳаётига мазмун олиб кирди. Ҳатто бу ўзгаришларга шунчалар берилиб кетдики, гоҳида бўлаётан ўзгаришлар камдай туюла бошлади ҳам.

Бироқ, ноябрь ойида бензин нархининг ошиши завқ-шавқ билан яшаётган халқ иштиёқини сўндириб, шаштини сусайтирди (демак, халқнинг иқтисодий ҳолати яхши, машина кўп, шундан бензиннинг ташвиши халқ муаммосига айланган).

Ой охирига келиб энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг оширилиши эса унга илгариги шавқни қайтаргандай бўлди.

Айтиш лозим, Мирзиёевнинг сайловоди маърузаларини ҳар бир фуқаро энтикиб, берилиб тинглаган эди.

Албатта, президентнинг ўзгаларни ишонтириш ва ўз фикрини уқтира олиш қобилиятига шубҳа билдирмасак ҳам бўлади, бироқ маърузаларда халқ кутган, орзу қилган ҳаётнинг ифода қилиниши, унга эришиш йўллари аниқ-равшан кўрсатиб берилгани фуқарони мафтун қилган эди.

Бугун, орадан бир йил ўтиб, сайловолди дастурида кўрсатилган тадбирлар ижро этилмоқда.

Бунинг учун эса мамлакат давлат органларида ижро интизомини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Вазирликлар, муассасаларнинг тузилишидаги ўзгаришлар, оптималлаштириш, хусусан яқинда Вазирлар Маҳкамасининг ижроия аппаратидаги ўзгаришлар ҳам шу мақсадни кўзлаб амалга оширилди.

Албатта, бир йиллик ишларга боқиб, барча ўзгаришларнинг ҳақиқий кўламига баҳо бериб бўлмайди. "Умид билан суқилган таёқ, бир кун берар мева ва япроқ", деган эди улуғлардан бири. Шубҳасиз, кейинги бир йил давомида тамал тоши қўйилган барча ишлар ўзининг мевасини беради, яратилган меъёрий-ҳуқуқий база охир-оқибат мамлакатни иқтисодий жиҳатдан бақувват давлатлар қаторига қўшиб, фуқаронинг фаровонлигини таъминлайди.

Асосий мавзулар