17:22 22 Январ 2018
Эфир
Узбекские спортсмены в Баку

Ўзбекистон спорти: 2017 йилнинг ёдда қоларли 17 воқеаси

© НОК Узбекистана
Аналитика
Ҳавола олиш
41310

Ўзбекистон спортида 2017 йил нималар билан ёдда қоладиган бўлди

ТОШКЕНТ, 28 дек – Sputnik, Дилшодбек Асқаров. Янги йил кириб келишига саноқли кунлар қолди. Одатда, янги йил арафасида ўтаётган йил сарҳисоб қилинади, муҳим воқеалар яна бир бор ёдга олинади. Sputnik Ўзбекистон спортида 2017 йилда рўй берган 17 муҳим воқеани ёдга олишга қарор қилди.

1. Ўзбекистон тарихида биринчи марта футбол телеканали ишга туширилди

2017 йилнинг 23 апрель куни ўзбек футбол ишқибозлари учун қувонарли воқеа содир бўлди.  Ўзбекистон тарихида биринчи марта махсус ихтисослаштирилган футбол телеканали — "Футбол ТВ" ишга туширилди.

Каналда биринчи бўлиб Испания чемпионатининг 33 тури — "Реал"-"Барселона" учрашуви намойиш қилинган. Янги телеканал ташаббускори ахборот журналистикасида ихтисослашган Uzreport TV бўлди.

Трансляция футбола по телевизору
© Sputnik/ Владимир Песня
Футбол учрашуви трансляцияси

2. Узоқ танаффусдан сўнг Руслан Чагаев Ўзбекистонга келди

Баҳорнинг сўнгги ойида профессионал бокс бўйича ўта оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев Ўзбекистонга келди. У ўзи туғилиб-ўсган Андижон шаҳрида бўлди, яқинлари ва дўстлари билан учрашди.

Чагаев 1978 йилда Андижонда туғилган бўлиб, ҳаваскор боксчилар ўртасида икки марта жаҳон чемпиони, Осиё чемпиони ҳисобланади. У шунингдек, профессионал боксда ҳам фаолият олиб борган бўлиб, афсонавий боксчи Николай Валуевни мағлубиятга учратиб, WBA йўналишида жаҳон чемпиони бўлган.

Руслан Чагаев в Андижане
Руслан Андижонда бир неча тадбирларда ҳам қатнашди

3. Ўзбекистонлик пара-атлетикачилар жаҳон ва Осиё рекордини янгиладилар

"Лондон-2017 Пара-атлетика" жаҳон чемпионатида Ўзбекистон спортчилари жаҳон ва Осиё рекордларини янгиладилар.

Александр Свечников енгил атлетиканинг найза улоқтириш йўналишида 71,01 метрлик натижани қайд этиб жаҳон рекордини ўрнатди.

Дониёр Солиев эса узунликка сакраш мусобақасида 7,18 метрга сакраб олтин медалга эришди ва илгари хитойлик Чен Мингю томонидан ўрнатилган Осиё рекордини янгилади.

Александр Свечников на чемпионате мира по пара-атлетике в Лондоне
REUTERS / Henry Browne
Рекордчи Александр Свечников

4. “Ҳаммаси учун раҳмат, Саша”: Гейнрих терма жамоа билан хайрлашди

Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Александр Гейнрих терма жамоадаги фаолиятини якунлади. Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан сўнг ҳужумчи терма жамоадаги фаолиятига якун ясашга қарор қилди.

Ўша ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Корея билан дуранг натижага ўйнаб жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолганди.

Футболист Александр Гейнрих
Федерация футбола Узбекистана
Александр Гейнрих

5. Самвел Бабаян истеъфога чиқарилди

Ўзбек футбол ишқибозларининг узоқ вақт давомидаги орзу-истак, ният, қолаверса, талаблари сентябрь бошларида амалга ошди — Самвел Бабаян миллий терма жамоа бош мураббийлиги вазифасидан озод этилди.

“Самвел Бабаян ва унинг штаби жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини уддалай олмади. Шу муносабат билан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штаби бутунлай тарқатиб юборилади”, — дейилди ЎФФ расмий хабарида.

Главный тренер сборной Узбекистана Самвел Бабаян
Федерация футбола Узбекистана
Бабаян Ўзбекистон термасининг жаҳон чемпионатига чиқа олмаганида бош айбдор деб топилди

6. ЎФФга янги президент сайланди

12 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси раиси ўринбосари ва "Пахтакор" клуби вице-президенти лавозимида ишлаб келган Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги президенти сифатида эълон қилинди.

ЎФФ президентлигига Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан биргина Умид Аҳмаджонов номзоди илгари сурилганди.

Президент Федерации футбола Узбекистана Умид Ахмаджанов
Федерация футбола Узбекистана
Умид Аҳмаджонов ўзбек футболида ислоҳотлар қилишга ваъда берди

7. Мираброр Усмоновнинг армони

Ўзбекистон футбол федерацияси собиқ президенти Мираброр Усмонов ЎФФ ҳисобот-конференциясида сўзга чиқиб, Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқишга ваъда бермаганлигини айтди.

"Мен 2006 йилда келганимда айтган эдим: "Мендан ҳеч нарса кутманглар. Мендан жаҳон чемпионатига олиб чиқишни сўраманглар. Буни ваъда бера олмайман. Саккиз, ўн йилдан сўнг жаҳон чемпионатига чиқиб, нимадир кўрсатишимиз мумкин. Бизда пойдевор йўқ", деган эдим", деди.

Усмонов шунингдек, сўзи якунида "Албатта ҳар бир одамнинг ўзига яраша армони бўлади. Мен ҳам бир армон билан кетяпман. Шу жаҳон чемпионатига чиқсак ҳам ёмон бўлмас эди. Ўйлайманки кейинги 4 йилда албатта Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқади ва у ерга борганда бизни уялтириб қўймайди", дея фикр билдирди.

Глава Узбекистана Шавкат Мирзиёев в день празднования 70-летия президента Федерации футбола Узбекистана Мираброра Усманова указом от 4 июля наградил орденом Дустлик
ЎФФни узоқ йиллар бошқарган Мираброр Усмонов

8. Қарздорлик ва шубҳали натижалар: "Обод" Олий лигадан четлатилди

Тошкентнинг "Обод" футбол клуби Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Ижроия Қўмитасининг ЎФФ билан бирга келишилган қарорига кўра, футбол бўйича 2017 йилги Ўзбекистон чемпионати қатнашчилари сафидан чиқарилди.

Бунга клубнинг ЎзПФЛ олдидаги қарзлари борлиги, бир неча марта огоҳлантириш берилганига қарамасдан лицензиялаш бўйича бирорта ҳам ҳужжатни расмийлаштирмаганлиги ва "Обод" — "Сўғдиёна" (2:4) ҳамда "Обод" — "Насаф" (0:6) ўйинларида қайд этилган натижаларнинг шубҳали эканлиги айтилган "Federbet" халқаро нотижорат федерациясининг ЎФФга ёзган хати асос бўлди.

Главный судья во время футбольного матча
© Sputnik/ Александр Вильф
"Обод"нинг Олий лигадаги иштирокига финал ҳуштаги чалинди

9. Дунёдаги энг ёш гроссмейстерлардан бири ўзбекистонлик

Ўзбекистонлик 13 ёшли Нодирбек Абдусатторов Санкт —Петербургда ўтган халқаро шахмат турниридаги ғалабаси туфайли жаҳондаги энг ёш иккинчи гроссмейстер мақомига эга бўлди.

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани 152-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Нодирбек Ўзбекистон шахмат тарихига кўплаб ғалабаларни муҳрлашга муваффақ бўлди.

У беш ёшида Ўзбекистонда ўтказилган турнирларда илк олтин медални қўлга киритган. Нодирбек 7 ёшида Словениянинг Марибор шаҳрида ўтказилган мусобақада жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган, 8 ёшида ФИДЕ устаси, 12 ёшида халқаро спорт устаси унвонларига эришган.

Нодирбек Абдусатторов
Жжаҳоннинг энг ёш шахмат устаси Нодирбек Абдусатторов

10. Боксда ўзбек аёллари ҳам чемпион бўлишмоқда

Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси Гўзал Исматова Вьетнамда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Чемпионатда қитъанинг 20 мамлакатидан юздан ортиқ чарм қўлқоп усталари беллашдилар.

Вазни 81 килограммдан ортиқ бўлган боксчи қизлар ўртасидаги финал жангида Гўзал Исматова мезбонлар спортчиси Ти Тран Нига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Просмотр бокса на компьютере
Sputnik
Гўзал Исматова

11. “Барселона” юлдузига Ўзбекистоннинг ширин мевалари ёқди

"Барселона" клубининг собиқ ҳимоячиси Карлес Пуйоль 9 ноябрь куни Тошкентга келди. ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов таклифи билан келган машҳур футболчи “келажакда таклиф бўлса балки Ўзбекистонда ҳам ишларман. Барча нарса бўлиши мумкин", деди матбуот анжуманида.

У Ўзбекистонга қисқа вақтга келганлигини айтиб, дунёнинг ҳеч қайси давлатида бунчалик ширин меваларни емаганлигини қўшимча қилди.

Карлес Пуйоль
JOSEP LAGO / AFP
Карлес Пуйоль

12. Номзодлар кўп, лекин ким келиши номаълум

Ўзбекистон Футбол федерацияси мамлакат миллий терма жамоасига бош мураббий жалб этиш бўйича бир неча хорижлик мутахассислар билан музокаралар олиб бораётганлигини маълум қилди.

ЎФФнинг билдиришича, улар руминиялик Дан Петреску, сербиялик Славолюб Муслин, черногориялик Миодраг Радулович, италиялик Анжелио Алессио, германиялик Бернд Шторк, хорватиялик Бранко Иванкович, Славен Билич, италиялик Вальтер Маццари, голландиялик Берт ван Марвейк.

Улар сафига яна бир мутахассис қўшилганлиги ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди, лекин унинг кимлиги ҳозирча аниқ эмас.

Сборная Узбекистана по футболу в товарищеском матче с командой ОАЭ
Федерация футбола Узбекистана
Терма жамоа футболчилари қачондан хорижлик мураббий қўл остида шуғулланишлари ҳозирча аниқ эмас

13. Ўзбек хоккейчилари канадаликларга “дарс беришди”

Ўзбекистоннинг "Бинокор" хоккей клуби шайбали хоккей бўйича БАА президенти Кубоги халқаро турнирида ғолиб бўлди. "Бинокор" тўртта учрашув ўтказди ва барчасида йирик ҳисоб билан ғалаба қозонди.

Мусобақалар тугаганидан сўнг ўзбек жамоаси БААнинг EHL лигасида иштирок этувчи Канаданинг Mighty Camels клуби билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Ўйин 10:2 ҳисобида "Бинокор" фойдасига ҳал бўлди.

"Канадаликлар ўзбекистонлик хоккейчилар ўйинидан шу даражада ҳайратда қолишдики, улар Google орқали Ўзбекистонни қидиришга тушишди. Хоккей бизда атиги 5 йил олдин пайдо бўлганини билишгач эса ҳайратлари янада ошди", — деди "Бинокор" хоккей клуби бош мураббийи Алишер Азимов.

Столичный хоккейный клуб Бинокор
Sputnik / Стрингер
Ўзбекистон хоккейчилари КХЛ мусобақаларида иштирок этишлари кутилмоқда

14. Бокс оламининг Роналдуси

Халқаро ҳаваскорлик бокс ассоциациясининг Twitter аккаунтида Гамбургда ниҳоясига етган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчиси номини аниқлаш бўйича ўтказилган сўровда

Ғалабасини машҳур футболчи Роналду услубида нишонлайдиган ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов чемпионатнинг энг яхши боксчиси деб эътироф этилди.

У шунингдек, Осиё бокс конфедерациясининг The Best of the Asians—2017 лойиҳасида йилнинг энг яхши эркак боксчиси сифатида эътироф этилди.

Йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш жараёнида овоз берганларнинг 57,2 фоизи Шаҳрам Ғиёсовни 1-ўринга муносиб деб топди.

Ўзбекистон бокс федерацияси эса Осиёда 2017 йилнинг энг яхши миллий бокс федерацияси деб топилди.

Шахрам Гиясов, золотая медаль
Шаҳрам Ғиёсов

15. Бикмаев – энг яхши футболчи, Арвеладзе – энг яхши хорижлик мураббий

14 декабрь куни футбол бўйича 2017 йилнинг "Энг яхшилари"ни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Йил якунларига кўра, "Пахтакор"нинг грузиялик мураббийи Шота Арвеладзе "Ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшаётган энг яхши чет эллик мураббий" деб топилди.

“Локомотив” ҳужумчиси Марат Бикмаев эса "Йилнинг энг яхши футболчиси" деб эътироф этилди.

Шота Арвеладзе
AP Photo / Dmitri Lovetsky
"Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзени келгуси йилда катта синов кутиб турибди

16. “Отни тилимга боғланг” — Вадим Абрамов лицензиясидан маҳрум бўлди

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроия қўмитасининг 16 декабрдаги қарори билан “Нефтчи” футбол клуби бош мураббийи Вадим Абрамов “футболга алоқадор ҳар қандай фаолиятдан” номаълум муддатга четлатилди.

У “ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамда уларнинг расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдирганлиги, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги учун” четлатилганлиги маълум қилинди.

Аввалроқ у футболга оид нашр мухбири билан суҳбатда "Ўтган 9 йил ичида 9та янги стадион барпо этилди. Бу стадионлар кимлар учун қурилди? Ҳамма нарсани яхши ва ёмон тарафлари бўлади. Буни яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Аҳмоқона ишларни қилмаслик керак. Ҳамма нарсани яхши томонларини олиш керак. Биз ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз. Буни бир стол атрофида ўтириб, маслаҳатлашиш керак. Тўғрими? Балки биз ҳам бирор нарсаларни билармиз. Ёрдамлашармиз", — деган эди.

Вадим Абрамов
Мухлислар ҳали-ҳамон Абрамов даридаги терма жамоани қўмсашади

17. Оксана йил давомида ғолиб бўлишдан чарчамади

Шу йилнинг май ойида Озарбайжоннинг  Боку шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамжиҳатлик ўйинларида ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина таяниб сакраш мусобақаларида олтин медални кўлга киритишга муваффақ бўлди.

Ўтган ҳафтада эса Чусовитина Москвада Михаил Воронин кубоги учун йигирманчи бор ўтказилган гимнастика халқаро мусобақасида ғолиб бўлди.

У таяниб сакрашда рақибаларига имконият қолдирмади ва олтин медал соҳибаси бўлди.

Гимнастика бўйича еттита Олимпиадада иштирок этган спортчи сифатида Гиннеснинг Рекордлар китобига кирган Оксана Sputnik мухбири билан суҳбатда саккизинчи Олимпиадада иштирок этишга тайёргарлик кўраётганини айтганди.

Оксана Чусовитина
Оксана саккизинчи Олимпиадага тайёргарлик кўрмоқда

Бу эса бонус

4 декабрь куни Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида "Бунёдкор" ва "Локомотив" жамоалари ўртасида Ўзбекистон Кубоги финал ўйини бўлиб ўтди.

Баҳсдан сўнг эса кутилмаган воқеа юз берди: майдонга юзлаб футбол ишқибозлари тушиб келишди. Бунга ишқибозлар учун текин тўп тарқалиши сабаб бўлди, дейишди воқеа гувоҳлари.

Ўзбекистон Футбол федерацияси ушбу ҳолат бўйича баёнот берди.

Церемония награждения Кубка Узбекистана после окончания финального матча между ташкентскими Бунёдкором и Локомотивом
Церемония награждения Кубка Узбекистана после окончания финального матча между ташкентскими "Бунёдкором" и "Локомотивом"

"Учрашув пайтида 34 минг мухлисга мўлжалланган "Бунёдкор" стадиони ишқибозлар билан тўлиб-тошди. Бу ҳолат юртимизда ўзбек футболига мухлислар томонидан бўлган қизиқишнинг яна ошаётганидан дарак беради. “Мухлисларни стадионда хурсанд қилиш мақсадида Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан копток ва шарфлар совға тариқасида тарқатилди. Мухлисларнинг эмоцияларга берилиб, ўйин якунига етганидан сўнг "Локомотив" клуби футболчиларини табриклаш мақсадида майдонга чиқиб кетиши каби вазиятлар футболи ривожланган давлатларда ҳам учраб турадиган ҳолат ҳисобланади", дейилди ЎФФ баёнотида.

Асосий мавзулар