Ўзбекистонда Корея Республикаси фестивали бошланди

Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда бу йил ўтказилаётган Корея Республикаси фестивали ранг-баранг дастурлар, тақдимот маросимлари, модалар намойиши, концертлар, кино санъати байрамлари, театрлаштирилган томошаларга бой

ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Пойтахтимиздаги "Зарқайнар" мажмуасида анъанавий корейс миллий либослари намойишининг очилишига турли вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, дизайнер ва рассомлар, ўқувчи-ёшлар таклиф этилди, деб хабар қилмоқда Тошкент ҳокимлиги матбуот-хизмати.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори Фарҳод Жўраев, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ва бошқалар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстликдан қувват олишини таъкидлади.

Ўзбекистонда Корея маданияти фестивали бўлиб ўтади
Юртимизда бу йил ўтказилаётган Корея Республикаси фестивали ранг-баранг дастурлар, тақдимот маросимлари, модалар намойиши, концертлар, кино санъати байрамлари, театрлаштирилган томошаларга бой. Фестиваль доирасида Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси кубоги учун ўсмирлар иштирокида таэквондо бўйича мусобақа бўлиб ўтади. "Туркистон" саройида мусиқа ихлосмандлари ушбу мамлакатнинг нафис мусиқасидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлади. Бундай мусиқий концерт дастурлари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳам ташкил этилади. Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ўтадиган Жанубий Корея фильмлари фестивалида "Отамга бағишлов", "Ҳимолай", "Детектив К" сингари фильмлар намойиши режалаштирилган. 21-22 октябрь кунлари Ўзбекистон ёшлар театрида таниқли рассом Ли Джонг Соп фаолиятига бағишланган театрлаштирилган-мусиқий томоша намойиш этилади.

Корея Республикаси фестивали дизайнер Ли Ёнг Хи томонидан яратилган анъанавий либослар намойиши билан бошланди.

Янгиликлар лентаси
0