Шов-шувли қайтиш: "Боғларни соқов деб ўйлардик бизлар, Шерали Жўраев куйламаганда..."

© https://www.facebook.com/photo.php?fbid=1313589658700071&set=a.515700351822343.1073741825.100001471495077&type=3&theaterШерали Жўраев мухлислари даврасида
Шерали Жўраев мухлислари даврасида - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Шоир Муҳаммад Исмоил 24 йиллик танаффус ва таъқиқдан сўнг Ўзбекистон халқ артисти, ҳофиз Шерали Жўраев телеэкранларга қайтгани ҳақида маълум қилиб, унга бағишлов эълон қилди

ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. "24 йиллик ихтиёрсиз танаффус ва таъқиқдан сўнг ўзбек мусиқа санъати қироли, Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги мукофот совриндори, севимли ҳофиз Шерали Жўраев телеэкранларга қайтди", — деб хабар қилди ўзининг facebookдаги саҳифасида шоир Муҳаммад Исмоил.

Шоирга кўра, Ўзбекистон миллий каналида Шерали Жўраев ижросидаги клип ва қўшиқ эфирга узатилган.

"Ҳофизнинг минглаб мухлисларини, қўшиқ шайдоларини ушбу хабар билан муборакбод этамиз ва чин юракдан қутлаб қоламиз. Мана ҳақиқий санъат яна катта саҳнага қайтди", — деб ёзган Муҳаммад Исмоил ўз хабарида.

Шоир ўз хабари сўнггида Шерали Жўраевга бағишловни эълон қилган.

Худойим ўзингга беҳисоб шукур,
Куй деган нарсани таратганинг учун.
Ҳофиз Шералини ўзга элдамас,
Айнан ўзбек қилиб яратганинг учун.

Яратдинг боғ деган мўъжизаларни,
Гуллар яшнаб ётар гулзор чаманда.
Боғларни соқов деб ўйлардик бизлар,
Шерали Жўраев куйламаганда.

Аслида сўз айтиб яшайди одам.
Асл қўшиқ эрур сўзнинг зийнати
Айнан Шералини қўшиқчи қилган,
Оллоҳимнинг бизга буюк неъмати.

Ошиқлар гоҳида тополмайди сўз,
Қанча изтироблар дилга келади.
Бир оғиз сўзлолмай лол турганингда,
Шернинг қўшиқлари тилга келади.

Гоҳида Ватанни куйлагинг келар,
Гоҳ онанг пойига ураркансан бош,
Гоҳ узоқ йўлларда юрганда ёлғиз,
Шернинг қўшиқлари бўлади йўлдош.

Мазлумлар, хўрланган, хақоратланган
Йўлсизлар йўл топмай юрганда дайдиб,
Ўзига дўст топар, топади таскин,
Шернинг қўшиқларин пичирлаб айтиб.

Сенга шараф бўлсин, сенга шон бўлсин
Буюк миллатимнинг ўғлонисан сен!
Ўзбекнинг номини дунёга ёйган,
Мусиқа санъатин султонисан сен!

Худойим ўзингга беҳисоб шукур,
Куй деган нарсани таратганинг учун.
Ҳофиз Шералини ўзга элдамас,
Айнан ўзбек қилиб яратганинг учун.

Янгиликлар лентаси
0