17:54 22 Август 2017
Эфир
Юлдуз Усмонова

Юлдуз Усмонова Тожикистонда концерт беради

© Instagram
Маданият
Ҳавола олиш
693 0 0

Хонанданинг 24-25 май кунлари ўтказиладиган концертига чипталар 128 минг сўмгача нархда сотилиши хабар қилинмоқда

ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Таниқли ўзбек хонандаси Юлдуз Усмонова Душанбе, Хўжанд ва Турсунзода шаҳарларида май ойи охирларида концерт беради, деб хабар қилмоқда Sputnik Тожикистон.

Концерт ташкилотчиси Мавлуда Раҳматованинг сўзларига кўра, хонанда Ўзбекистонда тақдим этган 14 кунлик концертидан сўнг Тожикистонга таклиф этилган.

"У 14 кун давомида Тошкентда концерт берди. Энди эса хонанда Тожикистонга таклиф этилди", — дея изоҳ берган Раҳматова нашрга берган интервьюсида.

Таъкидланишича, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Душанбе шаҳрида иккита яккахон концерт дастурини тақдим этади. Шунингдек, Хўжанд ва Турсунзода шаҳарларида ҳам чиқиш қилиши кутилмоқда.

Коҳи Борбад ижараси ўта қиммат бўлгани учун хонанданинг концерти Душанбедаги Амфитеатрда ўтказилиши маълум қилинди.

"Тошкентда у тожикча қўшиқни чакан кийган ҳолда ижро этди. Ва бу бизга жуда манзур бўлди", — дея тушунтирган ташкилотчи.

Қайд этилишича, Юлдуз Усмонова Тожикистонда янги концерт дастурини тақдим этади. Дастурдан тожик тилида куйланадиган бир нечта қўшиқлар ўрин олган. Тожик тилида куйланадиган қўшиқлар шеъри тожик шоири Орзу Исоевга тегишли.

"Охирги йилларда Ўзбекистонлик хонандалардан ҳеч ким Тожикистонда чиқиш қилмаган, икки мамлакат ўртасида алоқалар тиклангач, биз ўзимизнинг яқин дўстимизни таклиф қилишга қарор қилдик ва концертни "Дўстнинг қайтиши" деб номладик", — деб айтган Раҳматова.

Юлдуз Усмонованинг концерт дастурига чипталар 128 минг сўмгача нархда сотилаётгани қўшимча қилинган.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар