12:18 28 Июн 2017
Эфир
Лола Каримова

Лола Каримова ноёб асарлар яратган ижодкор - Шамсрўй Ҳасанова ҳақида пост чоп этди

© Istagram
Маданият
Ҳавола олиш
22300

Шамсрўй Ҳасанованинг турмуш ўртоғи ХХ асрнинг йирик рассоми Чингиз Ахмаров шарқ гўзаллари портретларини яратишда ўз рафиқасининг сиймосини акс эттирган, дейишади

ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Ўзбек рассом аёлларидан бири, ҳаётини санъатга бағишлаб, ноёб асарларни яратган ижодкор аёл Шамсрўй Ҳасанова Ўзбекистон тасвирий санъати тарихида муносиб ўрнини эгаллаган. У ўзининг ажойиб санъат асарлари билан ҳалқаро кўргазмаларида иштирок этган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Биринчи президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

Шамсрўй Ҳасанова 1917 йил Тошкентда ҳунармандлар оиласида дунёга келди. Отаси моҳир дурадгор, онаси эса каштачилик санъати билан шуғулланар эди. 1933 йилда Шамсрўй Ҳасанова Тошкентдаги рассомлик билим юртига ўқишга кирди. Бу таълим даргоҳида у машҳур рассомлар А. Волков, П. Беньков ва П. Ган кабилардан тасвирий санъат асосларини чуқур ўрганди. Кейинроқ таниқли рассом В. Рождественский ва М. Шемякинлардан шу соҳа бўйича катта билимга эга бўлди.

1938 йилда Шамсрўй Ҳасанова Ўзбекистон Давлат санъат музейига ишга кирди ва бу маданий масканда экскурсовод вазифасидан раҳбар лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди.

Айнан музейдаги фаолияти Ш. Ҳасановага тасвирий санъат дурдоналари билан яқиндан танишиш имконини яратиб берди. У шарқ миниатюраси санъатини ўргана бошлади. Тарихий портретларни яратишга алоҳида эътибор қаратиб, ўрта асрлар маданияти ва адабиёти соҳасида фаолият юритган бир қатор шарқ аёлларининг суратини акс эттирди. Зебунисо, Нодирабегим, Увайсий, Мутриба сингари шоираларнинг образи орқали Шарқ аёлининг руҳий эркинлигини ифода этишга ҳаракат қилди. Бу мавзу рассомлик билим юртида ўз яқинларидан пинҳона таълим олган Шамсрўй учун жуда яқин эди.

Шамсрўй Ҳасанованинг турмуш ўртоғи ХХ асрнинг йирик рассоми Чингиз Ахмаров шарқ гўзаллари портретларини яратишда ўз рафиқасининг сиймосини акс эттирган, дейишади.

Шамсрўй Ҳасанова 39 йил умр кўрди. Шу қисқа умр давомида у тасвирий санъатнинг тарихий портрет йўналиши ривожига катта ҳисса қўшди, замонавий ўзбек санъатида биринчилардан бўлиб натюрморт жанрига қўл урди. Унинг асарлари халқаро майдонда намойиш этилган.

Жумладан, 1947 йилда Москва ва Прагада, 1948 йилда Париждаги кўргазмаларда намойиш этилган.

Шамсирўй Ҳасанова томонидан яратилган санъат асарлари Ўзбекистон тасвирий санъати тарихида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар