ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Тошкент шаҳрида улуғ туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Ўзбекистон маданият вазири М.Муродов, Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Туркманистон Республикасининг мамлакатимиздаги Муваққат ишлари вакили О.Хуммиев ва бошқалар ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, аҳиллик, қалб ва маданият яқинлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлаётганини, Махтумқулининг икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашдаги хизматлари беқиёс эканини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганининг яққол исботи бўлди.
Мазкур ташриф давомида Амударёда қурилган Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприклари, ушбу шаҳарда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов номидаги марказий кўча ва ёдгорлик мажмуаси очилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан шу йилнинг 19-20 май кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлиши мазкур олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давомидир. Ушбу ташриф олдидан Тошкент шаҳрида атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилиши Ўзбекистоннинг қардош ва биродар туркман халқига юксак ҳурмат ва эътиборининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Монументал ёдгорлик муаллифи — хоразмлик ёш ҳайкалтарош Жасванд Анназаров.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ўзбек ва туркман халқларининг дўстлиги тараннум этилган "Ўзбек-туркман манзумаси" шеърини ўқиб берди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари Махтумқули шеърларидан намуналар ўқиди, шоир шеърлари билан айтилган қўшиқлар ижро этилди.
Махтумқули ёдгорлиги пойи гулларга бурканди.