17:26 18 Август 2017
Эфир
Диджей

"Етиволсам еб қўяман": ўзбек эстрадасидаги тумтароқ оҳанглар ва бемаъни шеърлар

© Flickr/ Marcus Stoltze
Маданият
Ҳавола олиш
3307183

Самарқанд давлат университети ўқитувчиси Бахтиёр Болтаев бугунги кундаги ўзбек эстрадасида янграётган қўшиқларни таҳлил қилди

ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. "Ҳар бир инсон ўзига ёққан таомни ҳузур қилиб ейди. Дейлик, ўша таом айниб қолган бўлса, оқибати инсон организми учун хавфли бўлиши мумкин. Бу инсоннинг жисмоний ҳолати билан боғлиқ бўлган хунук ҳолат. Агар унинг маънавий дунёси заҳарланса-чи?", деб ёзади Бахтиёр Болтаев "Зарафшон" газетасида эълон қилинган "Қандай мусиқани "истеъмол қилаяпмиз" номли мақоласида. 

"Диджей"нинг қўшиғи

Қизимни сайрга олиб чиқдим. Истироҳат боғида байрам, хурсандчилик, куй-қўшиқлар авжида. Овоз кучайтиргич орқали қўшиқ янграётган майдонга яқинлашдик. Болажонлар қувнаб рақсга тушаяпти… Бироқ қўшиқ сўзларини эшитиб, кайфиятим тушиб кетди:

"Хей-я, тўхта, етиволсам
еб қўяман…
Юрагимни ёндирма,
Ҳазиллашмадим, еб қўяман…"

Такрор айтилаётган бу сўзлардан қанча уринмай, ҳеч қандай маъно топмадим. Болажонлар эса қўшиқни жўр бўлиб айтишяпти, менинг қизим ҳам. Атрофга қарасам, ўша қўшиққа ўйнаётган болаларини кўриб ота-оналар ҳам хурсанд. Ёш хонанда Зуҳриддин Баҳриддиновнинг "Қизил шапкача" қўшиғи экан бу.

Тингловчилар бу қўшиқдан қандай маънавий озуқа олиши мумкин? Кўчада, истироҳат боғида хоҳлаганини қўйишади-да, деб ўйладим (ваҳоланки, истироҳат боғларида, мусиқали фаввораларда ва бошқа маданий жойларда қўйиладиган мусиқалар назорат қилиниши лозим). Кечга яқин худди "Мана, кўриб қўйинг", дегандек, бояги "Қизил шапкача" "Наво" телеканали орқали янграётгани, унга яна клип ҳам ишланганини кўриб, ҳайратдан донг қотдим. Сўнг яна мулоҳаза қилдим: эҳтимол, мен бу қўшиқлар моҳиятини тушунмаётгандирман.

Поп-мусиқа нима?

Бугунги кунда айрим савиясиз қўшиқлару мазмунсиз шеърсифат сўзлар (уларни шеър деб ҳам бўлмайди) ҳақида кўплаб танқидий фикрлар билдирилмоқда. Шунинг баробарида асл санъат, мусиқа ва оҳангни мактабларда ва бошқа таълим даргоҳларида ҳам ўргатишмоқда. Шундай бўлса-да, бу борада танловда адашаётган томошабин ва қўшиқ шинавандалари ҳам йўқ эмас.

Улуғ бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний мусиқа, оҳанг, шеър ва уларнинг уйғунлиги борасида шундай сўзларни билдирган: "Оҳанглар руҳга (қалбга) тартибга туширилган, шаклга киритилган бўлгандагина кучли таъсир қилади: чунки руҳ (қалб) тартибга кирган нарсани тезроқ қабул қилади ва шунинг учун ҳам у шеърга туширилган нарсани осон илғайди ва шеърга кўпроқ интилади.

Аммо у мусиқа билан оҳанглаштирилган шеърларга янада кўпроқ майл қўяди, негаки (бунда) шеърнинг тартиби оҳанг мутаносиблиги (гармонияси) билан уйғунлашган бўлади". Афсуски, бугун бу ҳақиқатни англамаётган, аксинча, пул ёки бирор манфаат учун енгил-елпи қўшиқлар куйлаётган хонандалар кўп.

Айтиш жоизки, кўпчилик ҳаваскор хонандалар ўзлари билмаган ҳолда поп мусиқани, унинг замирида "оммавий маданият"ни тарғиб қилишмоқда. Манбаларга кўра, "Оммавий маданият"да "поп (оммавий)-музика" алоҳида ўрин тутади.

"Поп-музика"ни "янги рок" белгилайди. "Янги рок", таъбир жоиз бўлса, кучайтирилган ритмик тузилмали мусиқадир. Яъни, жазавали ритм, зарб, шовқин бу мусиқанинг асл қиёфасидир. У тинглашга, қалбдан ҳузурланишга эмас, балки вужуд ҳаракатига, талвасали рақсга йўналтирилган. Умуман айтганда, "поп-музика" ижрочилиги кўнгилочар мусиқа ниқоби остида оммавий васвасали, шайтоний талвасали, бадахлоқ рақслар, кўпинча охири жанжал, ур-йиқит, ваҳшийликларга бориб тақаладиган агрессив дискотека шоуларини уюштириш билан ажралиб туради.

"Поп-музика" намояндалари ўз "оммавий"ликларини таъкидлаш учун саҳнадаги хатти-ҳаракатлари ва кийим-либослари намойишида ҳам одоб-ахлоқ, жамиятга эҳтиром туйғуларини рад этиб, асосан кўча, оломончилик қонун-қоидаларига амал қиладилар. Ва ўзларининг кулгили даражада ажралиб турадиган шундай рафторларидан фахрланадилар. Афсусланарли томони шундаки, бундай ҳолатларни "поп-музика"чилар санъатдаги демократизмнинг, халқчилликнинг тантанаси, деб билишади.

Ваҳоланки, бундай жараён фақат маънавий қашшоқлик, ахлоқий таназзулга, шунингдек, инсоннинг ўзлигидан бегоналашувига, руҳиятининг бузилишига хизмат қилади.

Тумтароқ оҳанглар ва бемаъни шеърлар

Ўзимизга хос санъат йўналишимизга "эскирган" йўналиш деб қараб, ўзини замонавий деб тутиб, қолипга сиғмас қўшиқларни куйлаётган баъзи бир ёш хонандалар бугун менимча, мусиқа сабоқларига муҳтож.

"Уммон" гуруҳи томонидан ижро этилган қўшиқ матнига диққатингизни қаратинг:

"Мани муҳаббатим севгингга зор,
Кўзларим кўзингга интизор.
Нега кўйлагинг кенг эмас, тор,
Менимча бугун байрам бор".
Яна бир хонанда Жасур Умировнинг "Вай-вай" қўшиғидаги сўзларга эътибор қаратсак:
"Баҳорда ёмғир сочилиб,
Қара, кетибсан очилиб,
Сани кўра олмаганлар,
Доим юради гапириб.
Дугоналаринг жим ўтирсин,
Ундан кўра эрга тегсин.
Улар соддалигинг билар
Кўрасан бизни айирар".

Бу каби мисоллар бугунги шоу-бизнес оламида кам эмас. Ачинарлиси, юқорида айтилган қўшиқларнинг баъзилари телевидение орқали намойиш этилади.

Бундай хатти-ҳаракат маънавият қуёшига худди соябон тутгандек. Бошқача айтганда, ўсиб келаётган навниҳолни маънавият ва маърифат қуёшидан тўсиб қўйгандек гап. Бугун ҳар бир хонанда сўз санъати ва масъулиятини билиши, куйлаётган қўшиғи қандай руҳий-маънавий озуқа беришини англаб етиши керак.

Инсон маънавий салоҳиятининг шаклланишида ўзидаги интилиш, билиш ва англаш баробарида теварак-атрофнинг муносабати, ахборот оқими ва таъсири жуда катта рол ўйнайди.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар