00:57 23 Ноябр 2017
Эфир
Книжный магазин в Узбекистане

Мирзиёев китоб дўконлари ва нашриётларга имтиёзлар тақдим этди

Шарк Зиёкори
Маданият
Ҳавола олиш
278 0 0

Савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган тадбиркорлик субъектлари 2020 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади

ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев китоб савдоси билан шуғулланувчи дўконлар, ноширлик ва матбаа корхоналарига имтиёзлар тақдим эди. Бу ҳақдаги қарор матни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида келтирилди.

Ҳужжатга кўра, савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектлари 2020 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади. Бунда уларнинг алоҳида статистик ҳисоби юритилади.

Яна бир муҳим жиҳат — тижорат банклари китоб савдосига ихтисослаштирилган замонавий дўконлар, нашриёт ва матбаа корхоналарига Марказий банкнинг йиллик қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган фоизларда имтиёзли кредитлар ажратади. Бунда ажратилган маблағ уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айланма маблағларини тўлдириш ҳамда янги китоб дўконларини қуриш учун сарфланиши лозим.

Бундан ташқари, қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар бир шаҳар ва туманда, қишлоқ ва овулларда китоб савдосига ихтисослашган дўконларни ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларига давлат мулки объектларини текин фойдаланиш учун берилишини таъминлаши белгилаб қўйилди.

Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, ноширлик ва матбаа соҳаларини янада ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича давлат буюртмалари бериш, уларни кўп нусхада юксак сифат билан нашр этиш ва молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш каби вазифалар белгиланган.

Бундан ташқари, дастурда нашриётлар ва матбаа соҳаси мутахассисларини, бадиий ва техник муҳаррирлар, графикачи рассомлар, ахборот-кутубхона ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш, лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосидаги илмий-техник, адабий-бадиий ва энциклопедик адабиётларни янада кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек, мамлакатда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берадиган eReader электрон ўқув қурилмаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш белгиланган. Уларнинг ахборот базасига умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари учун дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий, илмий-назарий манбаларни жойлаштириш, бундай маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш механизмларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Асосий мавзулар