14:48 17 Декабр 2017
Эфир
Лола Каримова-Тиллаяева

"Йўқотилган жаннатни излаб...": Лола Каримовадан янги лойиҳа

Фото из Фейсбук
Маданият
Ҳавола олиш
105840

Лола Каримова бугунги кунда йўқолиб кетиш арафасида турган ҳунармандчилик тури ҳақида сўзлади

ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Лола Каримова-Тиллаева Ислом Каримов номидаги Фонднинг унутилиб бораётган ўзбек читгарлиги санъатига бағишланган "Йўқотилган жаннатни излаб…" номли навбатдаги кўргазма лойиҳасини тақдим этди.

Читгарлик — амалий безак санъатининг қадимий турларидан бири бўлиб, ёғоч қолиплар ёрдамида матога гул босиш жараёнидан иборат.

Каримованинг ёзишича, читгарлик мактаби бир асрдан кўпрок тарихга эга бўлиб, ХIХ аср — ХХ аср бошларида Тошкент, Бухоро, Хива, Марғилон ва Наманган шаҳарларида ривож топган ва бугунги кунда ушбу ҳунармандчилик тури йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Ноябрь ойининг сўнгги кунида Тошкент фотосуратлар уйида иш бошлаган кўргазмада ўзбек читгарлиги санъатига мансуб мумтоз ва замонавий услубдаги матолар, шунингдек ёғоч қолипларнинг турли наъмуналари ҳавола этилган.

"XIX асрнинг охири — ХХ асрнинг бошларида Тошкент, Бухоро, Хива, Марғилон ва Наманган шаҳарларида читгарлик санъати кенг тарқалган эди. Ўзининг бежиримлиги, қўлланишда қулайлиги ва арзонлиги туфайли бундай матолар халқ орасида кенг тарқалган эди. Читгар-усталар матони яратиш жараёни мураккаб бўлишига қарамай, ушбу санъатда юқори натижаларга эришдилар.

Халқ ҳунармандчилигининг мазкур тури ХХ асрнинг ўрталарига келиб деярли йўқолиб кетди, ва 1970 йилларнинг охири — 1980 йилларнинг бошида вақтинча қайта тикланди. Афсуски, 2000-йилларнинг бошига келиб читгарлик санъати деярли йўқолиб бораётган санъат турларидан саналиб, Бухоро, Тошкент ва Марғилон шаҳарларида қисман сақланиб қолган. Марғилонда ушбу ҳунармандчилик тури Раҳимжон Мирзааҳмедов, Тошкентда — Абдуҳошим Рахимов ва Юра Пак, Самарқандда — Володя Ахатбеков, Бухорода — Хабиба Маликоваларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли давом этиб келмоқда", — деб ёзган Лола Каримова Фейсбукдаги саҳифасида.

Кўргазма 20 декабрга қадар давом этади.

Ислом Каримов Фондининг илк кўргазма лойиҳаси — ипакчилик санъатига бағишланган "Авлодларни боғловчи ришта" номли кўргазма 2017 йил июнь ойида тақдим этилган эди. Фонд тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ва хорижда тарихий-маданий ўзбек халқи меросини тарғиб этишга йўналтирилган тадбирлар, жумладан, концертлар, тақдимотлар ва кўргазмалар уюштиради, Ўзбекистон илм ва санъат аҳлининг хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашув дастурларини қўллаб-қувватлайди.

Асосий мавзулар