16:57 08 Декабр 2016
Эфир
Ўзбекистон ҳаво йўллари самолёти

Латвия Ўзбекистонга авиапарвозларни кўпайтиришни таклиф қилди

© Flickr / Anna Zvereva
Иқтисод
Ҳавола олиш
23910

Ўтган ҳафтада Тошкентда Латвия транспорт вазирлиги делегацияси "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясидан ҳозирда мавжуд икки рейсга қўшимча равишда яна битта рейсни йўлга қўйишни сўради

ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Латвия Ўзбекистонга икки давлат ўртасидаги авиақатновлар миқдорини янада оширишни таклиф қилди, деб хабар берди Sputnik мухбирига Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонасидаги манба.

Унинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтада Тошкентга Латвия транспорт вазири ўринбосари Улдис Рейманис бошчилигидаги вакиллар делегацияси ташриф буюрди. Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан учрашув чоғида юқоридаги мавзу ҳам муҳокама қилинди.

"Латвия томони "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси ҳозирда мавжуд икки рейсга қўшимча равишда яна битта рейсни йўлга қўйишини истайди. Шунинг учун ҳам бу савол Ғаниев билан бўлиб ўтган музокараларда ўртага ташланди. Ўзбекистон томони бизнинг илтимосимизни инобатга олди ва бу масала Ўзбекистон-Латвия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилади. Биз ўз томонимиздан мазкур масаланинг тезроқ ҳал этилиши учун зарур бўлган барча шароитларни яратишга тайёрмиз", — деди манба.

Икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиалоқа 2004 йилда ўрнатилган. Бугунги кунда Ўзбекистон миллий авиакомпанияси жума ва якшанба кунлари "Тошкент-Рига" йўналиши бўйича авиақатновларни амалга оширмоқда. Мазкур рейс "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ва AirBaltic ўртасидаги код-шеринг келишувига киради. Чиптанинг минимал нархи 335 евро бўлишига қарамасдан, унга бўлган талаб юқорилиги боис чипталарни эркин савдода топиш қийин.

Латвия бугунги кунда Ўзбекистоннинг Европадаги учинчи ўринда турувчи савдо ҳамкори ҳисобланиши ўзаро ҳамкорлик улкан салоҳиятга эга эканлигидан дарак беради. Шунинг учун томонлар йўловчи авиаташувларидан ташқари "Навоий" аэропорти замиридаги халқаро интермодал хабдан фойдаланиб авиа юк ташув хизматларини ҳам кенгайтириш имкониятларини фаол муҳокама қилишмоқда.

"Музокаралар чоғида шунингдек ўзбек маҳсулотларини, айниқса мева-сабзавот маҳсулотларини транзит қилишда Латвия портларидаги турли терминаллардан фойдаланиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Бундан ташқари, томонлар эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни ҳам кучайтиришни мақсад қилган", — деди манба.

Асосий мавзулар