ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Тошкент шаҳрида энг йирик бозорлардан бири бўлган "Кадышева" бозорида реконструкция ишлари бошланди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Ҳозирги кунда бино ташқи фасад қисми бўлакларга ажратилди. Иншоот каркасида замонавий гипермаркет қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳа ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Бир оз аввал туман ҳокимияти бозорни, айниқса деҳқон бозорини бутунлай қайта қуришга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот берган эди. Бундан ташқари замонавий автотураргоҳ жойлари ва бозор олдидан ўтадиган йўллар кенгайтирилиши қўшимча қилинганди.
Бир неча йил аввал ушбу бозорда таъмирлаш ишлари олиб борилган эди. Аммо амалга оширилган ишлар натижасида бозорда шарт-шароитлар яхшиланмади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти томонидан Ўзбекистонда гипер ва супермаркетларни қурилиши бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланган эди. Хусусан, 2019 йил якунига қадар деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдонинг барча талабларига жавоб берадиган 3 қаватли гипермаркетлар (9), 2 қаватли супермаркетлар (28), 1 қаватли супермаркетлар (126) ва минимаркетлар (79), шунингдек, уларга туташ ҳудудларда автомобилларга мўлжалланган автотураргоҳлар барпо этиш режалаштирилган. Савдо мажмуалари автомашиналар тўхташ жойлари билан таъминланади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.