07:15 17 Октябр 2017
Эфир
Американский доллар

Эксперт конвертация очилса доллар курси қандай бўлишини айтди

© Flickr/ 401(K) 2012
Иқтисод
Ҳавола олиш
273844

Эксперт фикрига кўра, конвертация очилган ҳолда долларнинг эркин алмаштириш нархи қора бозор курсидан 10-15 %га ошиши мумкин экан.

ТОШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. Марказий банк раҳбариятининг бутунлай янгиланиши, валюта алмаштириш эркинлашиши ҳақидаги хабарлар ҳамда конвертация очилганда доллар курси қандай бўлиши ҳақида uz24.uz нашрига мустақил молия эксперти Александр Давлетов жавоб берди.

“Ҳозир президентга ишонч даражаси жуда баланд, шунинг учун жамият ҳар қандай ўзгаришларга тайёр, чунки фуқароларнинг ўзи ҳам ислоҳотларни кутишмоқда. Ундан ташқари Марказий банкнинг янги раҳбариятига ҳам кенг эркинлик берилган. Хуллас, ҳозир конвертация очилиши учун шароит қулай.

Мен шахсан ўзим бошида “шок терапияси” тарафдориман. Бундай ҳолда ҳукуматнинг асосий вазифаси мамлакатнинг олтин-валюта  резервларини ҳамда ижобий савдо балансини сақлаб қолишга қаратилган бўлиши керак. Яъни курсни маълум даражада сақлаб туриш учун бир тийин ҳам сарф қилмаслик керак. Шунингдек, валюта курсининг тушиб кетишига аралашмаслик керак. Майли валюта курси ўзининг энг паст нуқтасига етиб борсин. Ана шунда у ўзининг ҳақиқий  нархини топади ва ижобий савдо балансини таъминлайди.

Албатта, бундай  ҳолда умумий макроиқтисодий кўрсаткичлар бироз зарар кўради: ЯИМ ўсиши секинлашади ёки бутунлай тўхтайди, инфляция ва ишсизлик кўрсаткичлари икки хонали сонгача ўсиши мумкин. Лекин шу билан бирга иқтисод соғломланиб кераксиз балластдан озод бўлади. Ушбу жараёнлардан албатта ўтиш керак.

Хўш, конвертация очилса, бошида қандай курс бўлиши мумкин?

Айни дамда Ўзбекистонда аслида 5 хил курсдан фойдаланилмоқда: МБ расмий курси, валюта биржаси курси, тижорат банклари курси, комиссия шартномалари курси ҳамда “қора бозор” курси. Агар сўм "эркин сузишга" чиқарилса, доллар ўзининг энг баланд нархидан  10-15 % юқорига чиқиши мумкин. Бу ҳам жараён бошида юз бериши мумкин бўлган олиб-сотарлик ва бошқа фактлар ҳисобидан.

Шундай қилиб, долларнинг дастлабки курси 10 500 сўм бўлиши ва кейинчалик, бозор тинчланганидан кейин 7500 – 8000 сўмгача тушиши мумкин”, — деди эксперт.

Асосий мавзулар