20:07 23 Октябр 2017
Эфир
Производство мебели на фабрике

ЭИЗлар электр энергияси, табиий газ ва сув билан таъминланади

© Sputnik/ Игорь Зарембо
Иқтисод
Ҳавола олиш
52500

Президент вазирлик ва хўжалик бошқарув органларининг ЭИЗ ва кичик саноат зоналарига оид фаолиятини қониқарсиз деб топди ва ЭИЗларга янада кенгроқ ҳуқуқий имтиёзлар бериш ҳамда инфратузилма билан таъминлашни топширди.

ТОШКЕНТ, 8 окт – Sputnik.  Шавкат Мирзиёев эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Ўзбекистонда “Ҳаракатлар стратегияси”га мувофиқ, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш, давлат мулкини хусусийлаштириш ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида бир неча Эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) ва кичик саноат зоналари ташкил қилинган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 14 та эркин иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда. Улар орасида  «Навоий», «Ангрен», «Жиззах», «Ургут», «Ғиждувон», «Кўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари бор. Ушбу кунга қадар ушбу ЭИЗларда умумий қиймати 486 миллион долларга тенг 62 лойиҳа амалга оширилган, 4,6 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган. 

Мажлисда қайд этилишига кўра, президент ташаббуси билан Тошкент шаҳри ва туманлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўш турган ёки самарасиз иш юритаётган ишлаб чиқариш бинолари асосида, юзга яқин кичик саноат зоналари ташкил этилган ва минглаб иш ўринлари яратилган. Хусусан, айни дамда Ўзбекистонда кичик саноат зоналари сони 96 тага етган ва ушбу ҳудудларда умумий қиймати 535 миллиард сўмга тенг 1021 лойиҳа амалга оширилган, 9,6 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.

Вазирлик ва муассасалар фаолияти танқид қилинди

Шавкат Мирзиёев бош вазир ва унинг ўринбосарлари, президентнинг давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда юқоридаги кўрсаткичлар қониқарли эмаслигини ҳамда ЭИЗлардаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, инвестор ва тадбиркорларни жалб этишни кенгайтириш зарурлиги таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бу соҳадаги фаолиятини танқид қилиб, уларда ташаббускорлик етишмаслиги,эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича ишларни ташкил қилиш даражаси сустлигини таъкидлади. 

ЭИЗ муаммолари

Хусусан, масъул вазирлик ва идоралар томонидан лойиҳаларни кўриб чиқиш ва мувофиқлаштириш жараёни мураккаблигича қолиб, одатда расмий характер касб этмоқда. Эркин иқтисодий зона қатнашчиларига ер участкалари ажратиш масалаларини ҳал этишда ҳануз бюрократизм асоратлари сақланиб қолаётгани таъкидланди

«Ургут», «Кўқон», «Ғиждувон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари, шунингдек, фармацевтика йўналишидаги эркин иқтисодий ҳудудларда янги корхоналар ташкил этиш учун хорижий сармояларни жалб қилиш ишлари суст бораётгани айтиб ўтилди.

Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини электр энергияси, табиий газ, сув ва бошқа коммуникация тармоқлари билан барқарор таъминлашда муаммолар кузатилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналаридаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, инвестор ва тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратишга оид комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди. 

Янги имтиёзлар ва коммуникация қулайликлари

Аввало, ушбу зоналар фаолиятини ривожлантиришга доир меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш, бугунги замон талабларига мослаштириш, барча учун очиқ ва тушунарли механизм яратиш зарурлиги таъкидланди.

Ер участкалари, бўш турган биноларни ажратиш тартибини соддалаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маъмурий кенгаш томонидан кўриб чиқилади. Шу пайтгача бу кенгаш 17 та вазирлик ва идорадан иборат эди. Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ уларнинг сони 4 та этиб белгиланди. 

Шунингдек, иқтисодий зоналарда жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш мезони қайта кўриб чиқилади, эркин иқтисодий зона иштирокчиларини кредитлаш шароитларини яхшилаш ҳамда муҳандислик таъминоти воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади. 

Шу жиҳатдан, йиғилиш давомида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида жойлашган корхоналарни барча зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва инфратузилма билан ўз вақтида таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

 

Асосий мавзулар