Самарқандда "Микрокредитбанк"нинг бир гуруҳ ходимлари судланди

© Sputnik / Максим Богодвид / Медиабанкка ўтишСуд рамзи
Суд рамзи - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Сохта ҳужжатлар асосида бир нечта фермер хўжаликлари ҳисоб рақамларидан 400 миллион сўмга яқин маблағ ўзлаштирилган. Банкнинг бошқа мижозлари ҳисоб рақамларидаги 104 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳам худди шу йўл билан ўзлаштирилган.

ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани судида ўта йирик миқдордаги маблағни ўзлаштириш ва сарфлаб юборишда айбланган “Микрокредитбанк” АКБ Жума филиалининг беш нафар раҳбар-ходимлари устидан ҳукм чиқарилди.

Суд вакилининг Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилишича, “Микрокредитбанк” Жума филиалининг собиқ бьшқарувчиси Акмал Шарипов қўл остидаги ходимлар билан келишиб жиноий гуруҳ тузган ҳамда ноқонуний молиявий операциялар ўтказиб, банк мижозлари ҳисобидаги маблағларни ўзлаштирган.

Сохта ҳужжатлар асосида бир нечта фермер хўжаликлари ҳисоб рақамларидан 400 миллион сўмга яқин маблағ ўзлаштирилган. Банкнинг бошқа мижозлари ҳисоб рақамларидаги 104 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳам худди шу йўл билан ўзлаштирилган.

"Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор суриштирув тадбирлари натижасида банк муассасидаги масъул шахсларнинг жиноий фаолияти тўлиқ фош этилди. Оператив ходимлар 2014 йилдан 2015 йилга қадар бўлган муддат оралиғида 188,8 миллион сўм ва 74,9 минг доллардан ортиқ миқдорда камомадни аниқладилар. Бу маблағни Шарипов ва унинг шериклари молиявий ҳужжатларни сохталаштириш орқали ўзлаштириб юборган", — деди суд вакили Sputnik мухбирига.

Бундан ташқари, тергов давомида 251та фермер хўжалигига тегишли пул маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари ва бунинг натижасида уларга 435 миллион сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилганлиги аниқланди.

Суд мажлисида барча айбланувчилар айбларига иқрор бўлишди. Суд А.Шарипов ва унинг шериклари тергов давомида етказилган барча зарарни тўлиқ қоплаганликларини ҳисобга олган ҳолда ҳукм чиқарди.

Банк бошқарувчиси Шарипов ва бош ҳисобчиси С.Хаитова энг кам ойлик иш ҳақининг 305 баравари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди, банкнинг бошқа масъул ходимлари — А.Тошмуродова, Н.Дамирова ва М.Қўчқаровалар шартли равишда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

Уларнинг барчаси 1 йил ва 6 ойгача раҳбарлик ва моддий-жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Янгиликлар лентаси
0