ЙТҲ қурбони бўлган 10 яшар қизалоқ, Cobalt ва Sparkни урган Captiva

© nuz.uzПойтахт кўчалари
Пойтахт кўчалари - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси "Тошкент" телерадиоканали орқали эфирга узатиладиган "Пойтахт йўлларида" кўрсатувининг 15 декабрда намойиш этилган сонида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик оқибатида содир этилган оғир оқибатли йўл транспорт ҳодисалари ҳақида сўз юритилди

ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси "Тошкент" телерадиоканали орқали эфирга узатиладиган "Пойтахт йўлларида" кўрсатуви йўллардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракат иштирокчиларининг ҳаётини, саломатлигини, мол-мулкини асрашга қаратилган тадбирларни фаол ёритиб келади, деб ёзади маҳаллий ОАВларга асосланган ҳолда "Даракчи" нашри.

Хабарда айтилишича, кўрсатувнинг 15 декабрда намойиш этилган сонида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик оқибатида содир этилган оғир оқибатли йўл транспорт ҳодисалари ҳақида сўз юритилган.

1-воқеа

2016 йил 7 июль соат 24:30 ларда Миробод тумани Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган Epica русумли автомобиль ҳайдовчиси тезликни белгиланганидан оширгани учун бошқарувни йўқотган. Натижада оғир оқибатли йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Аниқланишича, ҳайдовчи маст бўлган. Устига-устак, 1993 йилда туғилган ҳайдовчи ҳатто машина бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳам эга бўлмаган.

Тошкентда юз берган даҳшатли авария - Sputnik Ўзбекистон
ТАТУ талабаси даҳшатли ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди

Суриштирув-тергов ишларидан:

Диёр Рўзиев, Тошкент шаҳар ИИББ TB катта терговчиси: "Автомашинани неча тезликда бошқариб келаётгандингиз?" Ҳайдовчи: "Билмадим. 100 бўлса керак".

Алишер Абдуқодиров, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори: "Тошкент шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётган омиллар таҳлил қилинганда, 75 %ига ҳайдовчиларнинг тезликни меъёридан ошириши сабаб бўлган. Тезлик қанчалик юқори бўлса, йўл-транспорт ҳодисалари шунчалик оғир оқибат келтириб чиқаради".

2-воқеа

2016 йил 22 март куни Юнусобод тумани Бодомзор кўчасида ҳам оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, ички кўчада катта тезликда ҳаракатланиб келган Captiva русумли автомашина йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, аввал Cobalt, сўнг Spark автомашинасига урилди.

Тошкентда ЙҲТ оқибатида маршрутка ағанаб кетди - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда ЙТҲ оқибатида маршрутка ағанаб кетди
Хайрулла Дадақўзиев, гувоҳ: "Ҳайдовчи машинани ташлаб қочиб кетди. Катта тезликда келганига тўсиққа урилиб, машинани кўтариб юборган".

Дадамурод Муҳаммадалиев, Тошкент шаҳар ИИББ TB терговчиси: "Тўқнашув сабабли бошқарувини йўқотган Captiva русумли автомобиль йўл четида кетаётган пиёдани уриб юборган. Жабрланган пиёдага ёрдам бериш ўрнига ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетган. Олган оғир тан жароҳатлари оқибатида пиёда ҳаётдан кўз юмган. Ҳали 40 ёшга етмаган аёлнинг уч нафар норасида фарзанди етим қолган".

3-воқеа

2016 йилнинг 1 сентябрида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Нурафшон кўчасида ҳам тезлик меъёрларига амал қилмаслик, спиртли ичимлик ичиб автомашина бошқариш оқибатида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Суриштирув-тергов ишларидан. Ҳайдовчи: "Malibu йўл бермаганига тезликни оширдим. Машинани четга олди. Менга йўл беряпти деб пиёдалар йўлагига келиб қолганимни сезмабман"

Ўткирбек Чиналиев, Тошкент шаҳар ИИББ TB катта терговчиси: "Жиноят иши юзасидан ўтказилган техник экспертиза хулосасига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган жойдаги тормоз изларига кўра, Matiz автомашинасининг ҳаракатланиш тезлиги соатига 113 километр ва ундан ҳам юқори бўлган".

Афсуски, ҳайдовчилик масъулиятини унутган, айтиш жоиз бўлса, инсонийлик қиёфасини йўқотган ҳайдовчи маст ҳолатда катта тезликда ҳаракатланиб келиб, пиёдалар йўлкасидан йўлни кесиб ўтаётган ёш қизалоқни уриб юборган. Кучли зарба натижасида 10 яшар қизалоқ воқеа жойида вафот этган.

Умид Муҳаммедов, жабрланувчининг отаси: "Ҳеч кимнинг боласи ўлмасин. Тўғри, менинг яна фарзандларим бор. Лекин ўнта бўлса, ўрни бошқа экан. Бу қизим бошқача эди".

Тошкент шаҳар ИИББ TB иш юритувида бўлган тергов материаллари асосида тайёрланган кўрсатувнинг мақсади кимнидир айблаш ёки содир этган қилмишини элга ёйиш эмас, балки бу мудҳиш ҳолатлардан бошқа фуқароларнинг тегишли хулосаларни чиқариб олишларига имкон беришдир. Сир эмаски, спиртли ичимлик ичиб маст ҳолатда автомобиль бошқарадиган ёки тезлик меъёрларини писанд қилмайдиган ҳайдовчилар йўқ эмас. Ана шундай, кам бўлса-да, ҳеч қандай меъёрларга тўғри келмайдиган қилғиликни содир этувчилар бор экан, йўлларимизни хавф-хатардан холи деб айтолмаймиз.

"Пойтахт йўлларида" ана шундай ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Янгиликлар лентаси
0