12:41 13 Декабр 2017
Эфир
Ҳибсга олинган шахс

Диний оқимларга қўшилган 19 ёшли ўзбекистонлик 7 йилга қамалди

© Flickr/ Bread for the World
Ҳодисалар
Ҳавола олиш
67020

Инсон тирикчилик, ҳаёт учун курашиш илинжида баъзан ўз ватанидан узоқда яшашга мажбур бўлади. Меҳрсиз қолаётган болалар-чи, уларнинг тақдирига бу ҳолат қандай таъсир кўрсатади?..

ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Оиладаги носоғлом муҳит 19 ёшли йигитни диний оқимларга бошлади, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.

"Чет элга бориб, ишлаб пул топишни мақсад қилган айрим ёшлар бировларнинг ёлғон ваъдаларига учиб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши ҳолатларини таҳлил қилганимизда нарпайлик Худойқул Маҳаммадиевники каби оиладаги нобоп тарбия, ота-онанинг бир-бирига меҳрсизлиги, рўзғордаги етишмовчилик каби сабабларни топгандек бўламиз", — дейилган мақолада.

Бошсиз қолган оила…

Нашрда ёзилишича, Худойқулнинг онаси Олия Раҳимова эндигина 40 ёшдан ошган, уч фарзанднинг онаси. Худойқул оилада тўнғич фарзанд. Оила бошлиғи — Толиб Омонов 10 йиллар бурун Россияга кетиб, оиласидан хабар олмай қўйган. Дастлаб рўзғорига пул юбориб турган бўлса-да, кейинчалик турли сабабларни рўкач қилиб, телефон ҳам қилмаган, анча йиллар ундан дарак бўлмаган.

Аёл эри ўзга юртда бошқа аёлга уйланганини эшитгач, пул топишим, болаларни боқишим керак, деган қарорга келади.

Бир-икки таниши "Туркияга борсангиз, аёлларга яхшигина ҳақ тўлайди", деб маслаҳат бергач, Олия уч фарзандини эрининг синглисига ишониб топшириб, хорижга йўл олади. Дугоналаридан бири ёрдами билан турк фуқароларининг уйига энага бўлиб ишга жойлашади.

Онанинг қатъиятсизлиги

Худойқул улғайди, укалари ҳам мактабга қатнай бошлади. У Каттақўрғон шаҳридаги академик лицейни битириб, Навоий давлат университетига ҳужжат топширди. Аммо тест синовларидан ўта олмагач, онасига қўнғироқ қилиб, унинг ёнига – Туркияга боришга қарор қилди. 

"Дастлаб онам ёрдамида қурилиш ташкилотида ишлай бошладим, – дейди Х.Маҳаммадиев. – У киши ишлаб, истиқомат қиладиган хонадонда менинг яшашим мумкин эмас эди. Негаки, хонадонда ҳамма нарса, жиҳоз ҳам кераклича бўлинган, онамнинг ижарада яшаши хонадон болаларига энагалиги ҳақидан чегириб қолинарди. Шу сабаб нарпайлик жўраларим билан ижарада турдим. Уч йиллар ишладим, тайинли иш ҳақи берилмасди. Уйга ҳар замонда пул юборардим. Кейинчалик пойабзал фабрикасидан иш топдим. Нарпайлик танишларим уйларига кетгач, 2014 йилда ижара уйда бир ўзим қолиб, ижара тўлови оғирлик қилди".

Экстремистлар учун "тайёр ўлжа"

Худойқул пойабзал фабрикасида ўзи билан бирга ишлайдиган диний экстремистик ташкилот вакили туркманистонлик Хамроз деган йигит билан танишди. Унинг "ғамхўрлиги" ва таклифи билан Хамроз, Нормўмин, Муҳриддин тўрталаси бирга яшай бошлади.

Эътиқоди мўрт Худойқул янги танишлари даврасида Хамрознинг даъвати билан ислом дини амалларини ўрганди. "Жиҳодчилар" диний экстремистик оқимининг ғоявий раҳнамоси ҳисобланган Абдували қори Мирзаев ва бошқа қориларнинг экстремистик, ақидапарастлик мазмундаги аудио маърузалари, видеолавҳаларини кўриб, эшитади, ёт ғоялар таъсирида кўнглида "ҳузур-ҳаловат" топгандек бўлди.

Экстремистик ва террористик ташкилотларни дунёнинг барча мусулмон давлатларида, хусусан, Ўзбекистонда ҳам шариат қонун-қоидаларига асосланган ягона "халифалик" давлатини барпо этиш, ушбу ғояларга қарши чиққанларни "ислом душмани" деб эълон қилиб, уларга қарши сиёсий ва қуролли кураш олиб бориш тўғрисидаги қарашлари Худойқулнинг онгу тафаккурини буткул заҳарлади.

Институт ўрнига ақидапарастлардан олинган таълим

Хамрознинг ёрдамида Истанбул шаҳрида хуфиёна фаолият юритиб келаётган "Жиҳодчилар" диний экстремистик оқими вакили, андижонлик Нажмиддин ва Баҳодир билан танишди. Андижонлик йигитлар даъвати билан Истанбулдаги масжидларга диний таълим олиш мақсадида қатнай бошлади.

Ушбу масжидларда ғўр ва эътиқоди суст кишиларга таълим берадиган экстремистик оқимлар ғоявий раҳнамоларининг ақидапарастлик мазмундаги маърузаларидан сабоқ олди. Сурияда жанговар ҳаракатлар олиб бораётган "Ислом давлати" террорчилик ташкилоти жангарилари сафига қўшилиш борасидаги маърузаларни тинглади.

Ҳатто у 2014 йилнинг охири, 2015 йилнинг бошларида жиҳодга, ҳижратга қизиқиб, Сурияга кетмоқчи, мусулмонларга ёрдам бермоқчи(!) бўлди.

Сўнгги пушаймон

"Онгу тафаккурим буткул заҳарланиб бўлганди, – дейди Худойқул. – Бундай қарорга келишимга ижара уйдаги ҳамхоналарим, диний экстремистларнинг жирканч даъватлари, уйдирмалари сабаб бўлди. Бугун эса қаттиқ пушаймондаман. Мен сингари ўнлаб ўзбекистонлик йигитлар ана шундай таъсирга тушиб қолишди". 

Худойқул беш йилдан кўпроқ муддат диний экстремистик ташкилотлар фаолиятида иштирок этган. 2015 йил декабрь ойида унинг фаолиятига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан нуқта қўйилди. Оқибатда у суд ҳукми билан етти йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Асосий мавзулар