14:34 17 Октябр 2017
Эфир
В Ташкенте студент скончался от избиения

Тошкентда коллеж талабаси уриб ўлдирилди: унинг онаси президентдан ёрдам сўради

© Podrobno.uz
Ҳодисалар
Ҳавола олиш
Тошкентда коллеж талабасининг уриб ўлдирилиши (23)
2728133

Боровский номидаги Тошкент шаҳар тиббиёт коллежи талабасини шу коллеж талабалари дўппослашгани оқибатида вафот этди

ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Ижтимоий тармоқдаги ўзбек гуруҳларида бир гуруҳ талабалар томонидан уриб ўлдирилган Боровский номидаги Тошкент шаҳар тиббиёт коллежи талабасининг онаси мурожаати пайдо бўлди. Бу ҳақда "Подробно.уз" хабар берди.

Мурожаатда шундай дейилади:

"Ўғлим, 1999 йил 11 декабрь куни туғилган Иброҳимов Жасурбек Маҳаммаджон ўғли, Боровский номидаги тиббиёт коллежининг 2-курсида, 213-гуруҳда таълим олади. У тўлиқ ижобий бола, яхши ўқийди, ичмайди, чекмайди, спорт билан фаол шуғулланади. Оиламиз тўлиқ. У отаси ва кичик фарзандларимиз билан яхши муносабатда. Мен ва турмуш ўртоғим олий маълумотли ва барча фарзандларимиз соғлом оилада, меҳр ва муҳаббат оғушида вояга етмоқда.

3 май куни соат 8:30 да ишга кетаётганимда, ўғлим уйда қолган эди, шу куни унинг коллеждаги дарслари 13:20 да бошланиши керак эди. Кеч соат 17:08 да ўғлим Жасур менга уй рақамимиздан қўнғироқ қилиб, тезроқ уйга келишимни сўради, у гўёки йиқилиб тушгани ва бурнидан тўхтамай қон оқиб, қорни жуда қаттиқ оғриётганини айтди.

Унинг овози, албатта, мени жуда қўрқитиб юборди, чунки у сўзларни базўр айтар ва унинг гапларини зўрға илғаб қолдим. Уйга қайтарканман, "Тез ёрдам" машинасини чақирдим ва шу заҳоти эрим Маҳаммаджон Турсуновга қўнғироқ қилиб, у ҳам уйга тезроқ етиб келишини, ўғлимиз йиқилиб тушганини айтиб, Жасурнинг ғалатироқ овозда гапирганини тушунтирдим.

Биз эрим билан бир вақтда уйга етиб келдик, подъездда кўришиб, уйга кирарканмиз, кириш эшиги очиқлигини кўрдик, Жасур баланд овозда инграётгани эшитилиб турарди. Югуриб болалар хонасига кирдик ва даҳшатли манзарага гувоҳ бўлдик: ўғлимиз полда ички кийимда букилиб ётар ва қаттиқ инграётган эди. Унинг олдига югуриб бориб, бошини ўзимизга қаратиб, ҳолатидан даҳшатга тушдик: бурни, оғзи ва қулоқларидан қуюқ қон оқар, бутун бели моматалоқ бўлиб кетган, тирсаклари ҳам шилинган, ҳар иккала тиззаси синган, бутун пешонаси ёрилган эди.

Уни шу заҳоти каравотга ётқиздик, бироқ у қорни қаттиқ оғриётганини айтиб, бақиришда давом этарди. Қорнининг ўнг томонига қараб, унда пойабзалнинг яққол изини, томоқ, жағ соҳаларида бармоқларнинг излари борлигини кўрдик. Ундан нима бўлганини сўраганимда, у Вестминстер университети олдидаги лотокка тушиб кетганини айтди.

Каравот қонга беланган, гиламда қон қуйқалари бор эди, бир чеккада Жасурнинг синган телефони ётарди. Ҳўл сочиқ олиш учун ваннахонага кирганимда, ванна, раковина, унитаз, пол қонга белангани, полда унинг кийимлари ётгани, шимининг тиззалари йиртилиб кетгани, улар чанг экани, шими ва кўйлагида қон излари борлигини кўрдим.

17:40 да "Тез ёрдам" машинаси етиб келди ва бизни Юнусободдаги 17-шаҳар касалхонасига олиб борди, йўл бўйи Жасур оғриқдан инграб борди. Шифокорлар УТТ ўтказиб, ўғлимда буйрак ва ошқозоности бези ишдан чиқиши юз берган бўлиши мумкинлигини, рентген маълумотлари эса мия чайқалиши ва бурун қисмида синиш борлигини кўрсатганини айтди. Шифокор бизни 5-болалар касалхонасига юборди, чунки ўғлимиз ҳали 18 ёшга тўлмаган эди.

"Тез ёрдам" машинаси Юнусободдаги 5-болалар касалхонасига етиб келганида, ўғлим қон қуса бошлади. Бироқ 5-болалар касалхонасининг навбатчи шифокори болани бу ерда олиб қола олмаслигини, унда жуда жиддий ички жароҳатлар борлигини айтиб, бизни 14-болалар касалхонасига юборди.

19:00 да "Тез ёрдам" машинаси бизни 14-болалар касалхонасига олиб келди, у ерда Тоҳир исмли бош шифокор ўринбосари кўрикдан сўнг боламизни зудлик билан реанимацияга жойлаштирди (бунинг учун унга таъзим қиламан). Шифокор Жасурнинг танасидаги жароҳатлар бир неча шахс томонидан амалга оширилган дўппослаш оқибатида пайдо бўлганини айтди. Врачлар шу заҳоти боладаги барча тан жароҳатларини суратга тушириб олишди.

Кейинги икки кун давомида ўғлимни кўрикдан ўтказишди, бу вақт давомида унга кучли оғриқ қолдирувчи препаратлар юборилди, чунки у оғриқлардан қийналаётган эди. Бироқ ўғлимнинг аҳволи кескин ёмонлашди, 11:30 да бизни МRTга юборишди, натижалар олинганидан сўнг, 19:00 да рентген қилиб, ундан сўнг замбилда операция залига ўтказишди. 5 май куни соат 19:30 да қорин бўшлиғида операцияни бошлашди, операция беш соатдан ортиқ, 24:30 гача давом этди.

Операцияни уч врач — бош шифокор ўринбосари Тоҳир, бош жарроҳ Норбўта ва навбатчи масъул жарроҳ (исмини эслолмадим, рус эркак) ўтказди. Операция тугаганидан сўнг, ўғлимнинг аҳволи оғирлигини, операциянинг ўзи мураккаблигини, Жасурда ўн икки бармоқли ичак зарарлангани, буйрагини тўла гематома қоплаб олгани, ошқозоности бези жиддий лат егани ва бошқа органлари ҳам жароҳатлангани, перитонит (йиринглаш) бошлангани сабаб қорин бўшлиғи тўқимасининг бир қисми олиб ташланганини маълум қилишди.

Шунингдек, шифокорлар ўғлим бир неча киши иштирокида ҳар томондан калтаклангани ҳақидаги тахминимни тасдиқлади, ўғлимнинг ўзи ҳам ҳушига келганидан сўнг биринчи зарбадан сўнг йиқилгани, сўнг туришга уринган вақтида, тиззалаб тургани ҳолда турли томонидан тепкилангани, кейин ҳушидан кетганини айтиб берди.

6-8 май кунлари ўғлимнинг аҳволи оғирлигича қолди, 8 май куни соат 21:00 да уни яна операция қилишди. 18 май куни аҳволи оғирлиги сабабли, ўғлимни 16-шаҳар касалхонасига ўтказишди, 19 май куни бўлган операцияда эса, аҳвол оғирлиги сабаб, ўт пуфагини олиб ташлашди. 20 май куни такроран операция қилишди. Кеча, 28 май куни қон кетиши бошлангани сабаб, соат 23:00 да операция қилишга мажбур бўлишди. Ҳозир ўғлим жуда оғир аҳволда реанимацияда ётибди.

5 май куни соат 10:00 да, мен касалхонага келган вақтим, реанимация олдида турган Исломнинг отасини кўрдим. Кейинроқ реанимация мудири Маҳфуза Тўлқиновна эрталаб соат 7:30 да Жасурни кўргани бобоси келганини ва у билан гаплашганини айтиб, Исломнинг отасини кўрсатди. Лекин у ҳеч қанақасига ўғлимнинг бобоси эмас — у менинг ўғлимни урган Исломнинг отаси!

Ўғлим касалхонада ётган ўтган кунлар давомида нима бўлганини ўзим аниқлашга ҳаракат қилиб кўрдим.

Мана, ўғлимнинг гуруҳ бўлиб дўппосланганига алоқадорларнинг исмлари рўйхати.

Ислом, 2-курс, Ўлмас, 2-курс, Темур, 3-курс, Ҳурмат, 3-курс, Темур, 2-курс, Бекзод, 2-курс.

Бунинг устига, уларнинг икки нафари безори сифатида рўйхатда ҳам туради, айнан:
Темур, 3-курс, Ҳурмат, 3-курс.

Шунингдек, муштлашувда иштирок этгани билан мақтанган Боровскийнинг бошқа ўқувчилари айтган гапларга кўра, Исломнинг отаси ва онаси адвокат, у милицияни сотиб олган ва бу иш, аввал ҳам бўлганидек, ёпди-ёпди бўлиб кетади.

Муштлашув тафсилотини айтиб берганлар Ўлмас орқадан келиб куч билан ўғлимни тепганини, сўнг ўғлим йиқилгани, қолганлар эса уни ҳар томондан тепкилашни бошлагани, охирида эса Ўлмас ерда ётган жабрланувчининг аҳволини суратга туширганини айтиб берди.

2-3 ой аввал ҳам Боровский ўқувчилари ўртасида шунга ўхшаш муштлашув бўлган, Ислом ва Ўлмас 2-курсда ўқийдиган Темурни дўппослаган, у юзидан жароҳатлар олган (юзига бир неча чок тушган), шундан сўнг уни суратга олиб, ҳаммага кўрсатишган, болани эса узоқ вақт масхара қилиб юришган.

Бироқ бу ишни ими-жимида тинчитилган, Ислом ва Ўлмас жабрланувчига 200 доллардан пул берган. Коллеж ўқувчиларининг айтишича, Ислом ва Ўлмас нисбатан кучсиз ўқувчиларни уради, буни суратга туширади, сўнг уларнинг ота-оналари жабрланувчиларга пул тўлаб, ишни тинчитади, бу ўсмирлар эса уриб, жабрланувчини суратга туширишдан ва, албатта, жазога тортилмаслигидан завқ олади.

Юз берган воқеа ҳақида декан Мариэлла Туленовнадан сўраганимда, у «ҳеч қандай қўрқинчли нарса бўлмаган»ини айтди. Модомики шундай экан, унда нега 2-курсда ўқийдиган Темур ўзи билан бўлган ҳодиса ҳақида айтишдан ва уни ҳам ўғлим, Жасурнинг кўйига солишларидан қўрқади?

3 майдаги тепкилаш қаерда юз берганини аниқладик — ҳаммаси соат тахминан 12:00-16:00 оралиғида Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси ва 145-мактаб ҳудудларига туташ жойда юз берган. Ҳарбий прокуратура биносида видеокузатув камералари бор ва ҳодиса юз берган лаҳза видеокузатув камераларига ёзиб олинган бўлиши мумкин. Гаражлар ёнида стоматология клиникаси жойлашган (Истиқбол кўчаси, 25-уй), клиника ходимлари Нигина ва Лена оқ кўйлакдаги етти ўқувчини кўрганини, улардан бири қонга ботганини, қолганлар унга нимадир деб кетаётганини тасдиқлади. Ўқувчилар Нигинага қонга ботган бола ўзи йиқилиб тушганини айтган, Нигина ва Лена ўғлимни ювинтирган ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган.

Бироқ, сизга йўллаётган мурожаатимга қадар на биз, на мазкур ўсмирлар «тўда»си сўроқ қилинди, видеоёзувни олишга ҳам қизиқиб кўришмади. Нима учун бу вазиятга на Боровский коллежининг педагогик жамоаси, на бу ўсмирларнинг ота-оналари, на туман ички ишлар бошқармаси муносабат билдирмаётгани биз учун тушунарсиз. Айнан шундай ярамаслар вояга етгач, ўз Ватанини сотади ва турли жиноий гуруҳларга, хусусан, ИШИД сафига қўшилади.

Мен дўппослашга алоқадор олти ўқувчининг фамилияларини ўқитувчилардан сўраганимда, улар бу ўқувчиларнинг фамилияларини билмасликларини айтишди.
4 май куни Ислом ҳақида декан Мариэлла Туленовнадан сўраганимда, у бу ўқувчи дарсда бўлганини айтди, орадан бир неча кун ўтиб эса Исломнинг ўқитувчиси Жанна Воротникова Шуҳратовна ўз дарсини ташлаб, очиқ дарсда қатнашиш учун бошқа синфга чиққанини, қайтиб келганида Ислом дарсда бўлганини айтди.

Бироқ 19 май куни декан ўқувчилар танаффус вақтида ташқарига чиққанини, Ўлмас (2-курс, 226-гуруҳ ўқувчиси) муштлашувда умуман қатнашмаганини айтишни бошлади. Агар Жанна Воротникова Шуҳратовна, шунингдек, «Шахс ва жамият» фани ўқитувчиси ва декан Мариэлла Туленовна ёлғон гапириб, безори ўқувчиларни яшираётган экан, коллеж маъмурияти (директори) Лутфи Йўлдошевна Юсупова қаерга қараяпти?

Умид қиламанки, адолат қарор топиб, барча айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилади", деб ёзган она.

Бундан ташқари, Жасурбекнинг онаси Ўзбекистон президентига ҳам мурожаат қилди:

"Бевосита сизга ариза билан мурожаат қилиш имконияти борлиги учун миннатдорлик билдириб, бошқа органларга, айнан — Бош прокуратура, ИИВ, Таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, Омбудсманга мурожаат қилиб, ҳеч қандай натижага эришмаганимизни маълум қилмоқчиман…
2017 йилнинг 1 июнь куни олган жароҳатлари сабабли бешинчи марта операцияни ўғлимнинг юраги кўтара олмади ва Жасурбек Иброҳимов вафот этди! Ушбу ваҳшиёна таҳқирлаш учун эса ҳеч ким жазоланмаяпти ва бизни ҳамма инкор этмоқда. Тўлаганов Исломнинг ота-онаси юрист эканлиги ва ўз мансабларидан фойдаланаётганлиги бунга сабаб бўлмоқда.

Бизнинг ҳолатимизни ҳис қилиб кўринг — ардоқли ўғилсиз қолиш дарди тасвирлаб бўлмас даражада оғир, энди қандоқ яшайлик?".

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Мавзу:
Тошкентда коллеж талабасининг уриб ўлдирилиши (23)

Асосий мавзулар