14:33 17 Октябр 2017
Эфир
Ўзбек милициячилари

Талаба Ибрагимовнинг ўлимида ким айбдор: тергов мужмал аҳволда

AP Photo / Mikhail Metzel
Ҳодисалар
Ҳавола олиш
Тошкентда коллеж талабасининг уриб ўлдирилиши (23)
3416191

Тошкент ИИББ бу ишни алоҳида назоратга олган бўлсада, можаро иштирокчилари бир-бирини айблашда давом этмоқда

ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Тошкент шаҳридаги Боровский номли коллежда юз берган фожиа тафсилотлари борган сари чигаллашмоқда. Эслатиб ўтамиз, ушбу коллеж талабаси Жасурбек Ибрагимов аёвсиз калтакланиш оқибатида ҳалок бўлган эди. Sputnik Ўзбекистон мухбири содир этилган мудҳиш ҳодисага аниқлик киритишга ҳаракат қилди.

Мухбирга кўра, "калаванинг учи топилмаётганига" бир томондан можаро иштирокчилари, иккинчи томондан эса ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ўзлари сабабчи. Шу тариқа, якшанба куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган матбуот-анжуманида ҳодиса қатнашчилари ва милиция ходимлари ўз позицияларини баён этишган.

Анжуман аввалида сўзга чиққан Абдужамил Расулов (асосий гумонланувчи — Исломбек Тўлагановнинг отаси) ўз фарзандини ҳеч қачон бировни калтаклашга ўргатмаганини айтиб, ўғли ақлли ва одобли болалигини таъкидлаган. Отанинг айтишича, икки йигит ўртасидаги можаро бир кун аввал қиз бола туфайли рўй берган.

"Менинг ўғлим муштлашувдан бир кун аввал коллеж яқинида Жасурбек Ибрагимов ва шу коллежнинг яна бир талабаси Дилшод Абдуллаевни учратиб қолган. Улар қаттиқ овозда суришаётган бўлган. Ўғлим улар билан саломлашиб, нима гаплигини сўраган. Абдуллаев Жасур унинг синглисига илтифот кўрсатаётганини ва бу ҳолат унга маъқул эмаслигини айтган. Ўшанда ўғлим Дилшод Абдуллаевга Жасур билан тортишмаслик кераклигини, унинг боши лат еганини эслатган", — деб айтган Абдужамил Расулов.

Отанинг сўзларига кўра, айнан шу воқеа келаси кун жанжал келиб чиқишига сабаб бўлган. Ва бу можаро илгари кураш билан шуғулланган Ибрагимов туфайли юзага келган.

"У ўғлимни даст кўтариб ерга ағдарган ва оқибатда унинг қўлини синдирган. Шундан сўнг уларни ажратишган. Ўғлим сал чеккароқ ўтиб турганида, бир курсдошининг Жасур у томон югуриб келаётгани ҳақидаги қичқириғини эшитган. Шунда у қўл ва оёқларини кўтарган, Жасурбек Ибрагимов эса шу тарзда унга келиб урилган ва шикастланган. Шундан сўнг қўшни стоматологиядаги ҳамширалар Ибрагимовга ёрдам кўрсатишган ва ҳамма тарқалган", — деб таъкидлаган ота.

Шу тариқа, отанинг сўзларига кўра, ҳалок бўлган болани бир мартагина урганини тан олган бош гумондор аслида айбдор эмас, уни шунчаги шунга мажбур қилишган. Ота шунингдек, жабрланувчи можародан сўнг уйга якка ўзи йўл олганлиги ва оғир жароҳатларни йўлда, яъни жанжалдан кейин олган бўлиши мумкинлигига шаъма қилган.

Бундан ташқари, Абдужамил Расулов Ибрагимовнинг ота-онасига дағдаға қилганлиги тўғрисидаги маълумотни ҳам инкор этган. Унинг сўзларига кўра, у Жасурбекнинг ота-онасига ўғилларини даволатишлари учун пул берган ва малакали шифокорларни чақиртириб, жабрланувчини МРТга олиб борган.

Аммо фактлар бу гапларни тасдиқламаяпти. Жасурбек Ибрагимовнинг ўлимидан сўнг берилган маълумотномада унинг қорин бўшлиғидаги аъзолари жиддий шикастлангани, ўн икки бармоқли ичагида кўп сонли ёрилишлар борлиги, ўнг буйраги лат егани ва бошқа органлари ҳам жароҳатлангани, перитонит (йиринглаш) бошлангани айтилган. Бундай ҳолат эса тасодифий зарбалар ёхуд полга йиқилиш туфайли юз бермаслиги аниқ.

Буни матбуот-анжуманида иштирок этган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам тасдиқлашган.

Миробод ИИББ тергов бўлими раҳбари Музаффар Асқаровга кўра, айни вақтда милиция ушбу иш бўйича гумонланаётган олти талабани сўроқ қилмоқда. Шулар орасида фақат Исломбек Тўлаганов ўз айбига иқрор бўлган ва рақибини бир марта урганлигини тан олган, қолганлари муштлашувда иштирок этганликларини рад этишмоқда.

Асқаровнинг сўзларига кўра, олти нафар талабаларнинг ҳаммаси айни вақтда Тошкентда. Ва улар, айрим сайтлар хабар берганидек, ҳеч қаерга чиқиб кетмаган.

Ҳалок бўлган талаба томондан ушбу учрашувда Жасурбекнинг қиз бола курсдошининг онаси иштирок этган. Аёл умуман бошқача ҳикояни сўзлаб берган. Унинг сўзларига кўра, икки йигит ўртасидаги можаро бир йилдан буён давом этиб келмоқда. Ҳаммаси эса Жасурбек Ислобек Тўлаганов тинч қўймаётган қизнинг ёнини олгач бошланган.

Можаро куни Исломбек ўз рақибини алдов билан ахлатхона ёнига чақириб олган. У ерда иккисини Исломбекнинг дўстлари пойлаб туришган. Аввалига йигитлар бирга-бир уруш қилганлар, аммо сал кейин кимдир Жасурбекка зарба берган, у йиқилиб ҳушидан кетган. Шундан сўнг йигитлар уни оёқлари билан тепа бошлаганлар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бу ҳодиса юзасидан жиноий иш фақатгина 31 майга келиб очилганини маълум қилиб, журналистларни бир оз каловлантириб қўйдилар. Айтиб ўтиш лозимки, ҳодиса 3 май куни юз берган, йигитнинг онаси эса ички ишларга 5 май куни мурожаат қилган. Милиция ходимларининг сўзларига кўра, 5 майдан 31 майга қадар "терговдан олдинги ҳаракатлар" олиб борилган, аммо ҳалок бўлган боланинг онаси ўз мактубида ушбу масалада туман ИИББ ҳаракатсизлик кўрсатаётганини маълум қилган.

Қизиқарли ва терговни тўхтатиб турган фактлардан яна бири шуки — шифохонада Жасурбекни кўздан кечиришгач, унга олган жароҳатлари ўртача оғирликдан паст деб ёзилган маълумотнома беришган. Тергов айни вақтда бу шифокор хатоси ёхуд ишга коррупция аралашганини аниқлашга уринишмоқда.

Ушбу иш айни вақтда Тошкент ИИББ томонидан алоҳида назоратга олинган ва умид қиламизки, айбдорлар жазосиз қолмайди. Ва айбдорлар деганда нафақат урганлар, балки ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатмаганлар, қолаверса, ўз талабаларини назоратсиз қолдирган педагоглар ва энг асосийси, фарзандларига мана шундай тарбия берган ота-оналарни назарда тутмоқдамиз.

Спутник Ўзбекистон мухбири воқеа ривожини кузатишда давом этади.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Мавзу:
Тошкентда коллеж талабасининг уриб ўлдирилиши (23)

Асосий мавзулар