12:14 28 Июн 2017
Эфир
Курсы русского языка для мигрантов в Новосибирске

Фарғона шаҳрида Россияда ишлашни хоҳловчилар учун марказ очилади

© Sputnik/ Александр Кряжев
Миграция
Ҳавола олиш
35001

Россиянинг меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Уюшмаси Россияда эҳтиёж бўлган қурилиш соҳасидаги 3 мингга яқин мутахассисларни тез орада ишга жойлаштириш имкониятига эга

TOШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Фарғона шаҳрида мигрантларга Россияда ишлаш учун патент олишда лозим бўладиган ҳужжатларни тайёрлаш ва меҳнат мигрантларига ахборот-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази очилади. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда билдирилишича, 11 май куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигида Россиянинг меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Уюшмаси вице-президенти Ю.Слуцкая билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Х.Асамов ва Ташқи ишлар, Ички ишлар, Олий ва ўрта-махсус таълим,  Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъул ходимлари иштирок этдилар.

Меҳнат вазири А.Абдуҳакимов учрашув чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига қилган расмий сафари давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасида "Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукумати ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Россияда вақтинчалик меҳнат қилишга уюшган ҳолда жалб этиш бўйича келишув" ва "Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукумати ўртасида миграция соҳасида мутасадди органлар ваколатхоналарини таъсис этиш бўйича келишув" имзоланганлигини қайд этди.

Меҳнат вазири мазкур келишувда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари акс эттирилганлиги ва ҳозирда келишувлар механизмларини амалга ошириш бўйича кенг кўламдаги ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Россиянинг меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Уюшмаси вице-президенти Ю.Слуцкая иштирокчиларни Уюшма фаолияти билан таништирди ва меҳнат мигрантларини ёллаш борасидаги имкониятларини баён қилди.

Унинг билдиришича, Уюшма Россияда эҳтиёж бўлган қурилиш соҳасидаги  3 мингга яқин мутахассислар – ғишт терувчи, бетончи, пайвандлаш мутахассислари, бўёқчи, чилангар, электр мутахассислари, шунингдек автобус, трамвай/троллейбус, такси ва юк машинаси ҳайдовчиларини тез орада ишга жойлаштириш имкониятига эга. Уюшмада меҳнат мигрантларини ҳуқуқий ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватловчи мутахассислар ҳамда улар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун юқори малакали ҳуқуқшунослар фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, Ю.Слуцкая Фарғона шаҳрида Уюшманинг Марказини очиш ва меҳнат мигрантларига патент олиш учун ҳужжатларни тайёрлаш (рус тили билими бўйича сертификат олиш, ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш, Давлат тиббий суғуртаси полисини расмийлаштириш, дактилоскопия, ИНН, Россия ҳудудига киришга тақиқ бор-йўқлигини текшириш ва бошқалар) тўғрисидаги режалари ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.

Меҳмоннинг ташриф дастурида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлигида учрашув ўтказиш, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятидаги бир қатор касб-ҳунар коллежларига сафар қилиш режалаштирилган.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар