12:19 23 Сентябр 2017
Эфир
Рабочие на строительной площадке, архивное фото

Россиядаги ўзбек мигрантлари бир ойда ўртача неча пул топиши маълум бўлди

© Sputnik/ Павел Лисицын
Миграция
Ҳавола олиш
Янги лойиҳа: Мен - мигрантман (39)
213102

Россиядаги хорижий ишчиларнинг ўртача даромади россияликларнинг ўртача ойлик маошига (35,8 минг рубл) яқинлашиб қолган

TOШКЕНТ, 15 август — Sputnik. Россияда қонуний асосда ишловчи ўзбекистонлик мигрантлар бир ойда ўртача 29 минг рубл, ноқонуний мигрантлар эса 27,2 минг рубл ишлашади, деб хабар бермоқда РИА Новости "Россия для всех" порталига асосланиб.

Россияда ишлаётган меҳнат мигрантлари орасида энг кам пулга ишловчилар эса тожикистонликлар экан. Қонуний асосда ишга жойлашган тожикистонликлар ойига ўртача 27,9 минг рубл, ноқонуний мигрантлар эса 25,1 минг рубл топишади.

Россияда ишлаш учун рухсатнома талаб қилинмайдиган қирғизистонликлар эса мос равишда 29,3 минг ва 27,2 минг рублга ишлашади.

Айтилишича, Россиядаги хорижий ишчиларнинг ўртача даромади россияликларнинг ўртача ойлик маошига (35,8 минг рубл) яқинлашиб қолган. Тадқиқотчиларнинг қайд этишларича, Россияда қонуний ишловчи озарбойжон ва грузинларнинг ўртача ойлик даромади 35,9 минг рублни ташкил этади.

Бунда мигрантларнинг иш ҳафтаси давомийлиги россияликларникига нисбатан бир ярим баравар кўпроқ – 39,6 соат ўрнига 59 соат.

Россияда ишловчи хорижликларнинг учдан бир қисми улгуржи ва чакана савдо, автотранспорт ва маиший буюмларни таъмирлаш, 13,9%и коммунал, ижтимоий ва хусусий соҳаларда ишлайди. Қурилишда ишлайдиган мигрантлар улуши 2011 йилдаги 23,1%дан 16,4%га қисқарган.

Сўровларда маълум бўлишича, ўзбекистонликларнинг 53,1%и иш жойида рус тилидан асосий тил сифатида фойдаланмайди. Тожикларда бу кўрсаткич 53,8%ни ташкил этади. Дўстлари даврасида эса ўзбекларнинг 13,6%и, қирғизларнинг 13%и ва тожикларнинг 12,9%и русча гаплашади.

Сўровда қатнашган мигрантлардан Россияда бир умрга қолиш ҳақидаги фикрлари ҳам сўралган. Ўзбекистонлик мигрантларнинг 19,9%и, қирғизистонликларнинг 24,8%и ва тожикистонликларнинг 35,2%и Россияда бир умр қолиш ниятидалигини билдиришган.

МДҲ мамлакатларидан Россияга келган мигрантлар орасидаги сўровнома шу йилнинг феврал-март ойларида 8,7 минг киши ўртасида ўтказилган.

Мавзу:
Янги лойиҳа: Мен - мигрантман (39)

Асосий мавзулар