03:43 14 Декабр 2017
Эфир
Юрист Ботиржон Шерматов

Юрист: бюрократия мигрантларни қонунни бузишга мажбур қилмоқда

Фото из архива Ботирджона Шерматова
Миграция
Ҳавола олиш
Мен - мигрантман. Янги лойиҳа (56)
499 0 0

Эксперт Sputnik мухбири билан суҳбатда мигрантлар Россияда қандай муаммоларга дуч келаётгани ва улар ҳуқуқий муаммоларини қандай ҳал қилишлари мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди

ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik, Антон Курилкин. Ҳужжатлар билан муаммолар, виждонсиз иш берувчилар ва шафқатсиз қонунлар – Sputnik мухбирининг 12 йилдан буён хорижлик ишчиларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган юрист Ботиржон Шерматов билан суҳбатида ана шу бошқа муаммолар хусусида сўз борди

— Сиз 12 йилдан бери мигрантлар билан ишлайсиз, улар асосан қандай муаммоларга дуч келишади?

— Ҳар даврнинг ўз муаммоси бор – улар мунтазам алмашиб туради.

2008 йилгача ҳужжатлар билан қийинчиликлар йўқ эди — уларни расмийлаштириш осон эди, квоталар йўқ эди. ўша пайтда менга иш берувчилар билан низолар борасида мурожаат қилишмасди. Кўпинча милиция билан боғлиқ ҳодисалар бўлиб турарди – уларни тўхтатиб, пул сўрашарди.

2008 йилги молиявий инқироздан кейин менга иш берувчилар билан боғлиқ муаммолар бўйича кўп мурожаат қилишмоқда – маош борасида алдашади, ойлигини беришмайди.

2009 йилдан ҳужжат расмийлаштириш борасидаги шикоятлар қўшилди. Илгари ҳамма ўзи мустақил бориб барча керакли ҳужжатларни расмийлаштириши мумкин эди. Энди эса компаниялар бир йил олдин квота учун буюртма бериши, рухсат олиши, шундан кейин одам ёллаши мумкин. Яъни сиз қайси давлатдан нечта фуқаро қандай мутахассисликлар бўйича кераклигини билишингиз шарт. Лекин бу бизнес, ҳамма нарса тезда ўзгариб кетиши мумкин – бугун сизга 30 киши керак, эртага эса 50 киши керак бўлиши мумкин.

Бунинг устига, ишчининг мамлакатини ҳам кўрсатиш талаба қилинади – масалан сиз тожикистонлик ишчиларни ишга олмоқчисиз, улар ўрнига Арманистон ёки Қирғизистондан малакали ишчилар пайдо бўлиши мумкин.

Бу жуда мураккаб вазият, шунинг учун воситачи компаниялар юзага келди. Улар квоталарни оммавий равишда расмийлаштириб олишди, сўнг ишчиларга муҳтож компанияларга сотишди. Мигрантлар қонунийликдан манффатдорликлари учун бу компанияларга боришди.

Бу ҳолат меҳнат патентлари пайдо бўлгунига қадар давом этди.

Лекин муаммо шундаки, ҳар сафар янги қонун қабул қилинганида амалдорлар Россияда нечта меҳнат мигранти борлигини ҳисобга олишмайди ва ҳар сафар қонун кучга кирганидан кейин давлат органлари барчанинг ҳужжатини зудлик билан қайта расмийлаштиришга имкони кетмайди.

Масалан, Сахаровода марказ қурилди ва патентларни Москвада узайтириш ёки расмийлаштириш имконияти йўқ қилинди.

Москвада ишлаётганлар зудлик билан ҳужжатларини қайта расмийлаштириши керак эди – улкан навбатлар пайдо бўлди – у ерда ҳатто Тожикистон фуқароси вафот ҳам этди.

Бундай қилишнинг нима кераги бор эди? Ахир одамлар ҳужжатларини расмийлаштиради-ку. Бу худди янги паспорт олиш каби – ҳеч ким паспортини бир вақтнинг ўзида алмаштирмайди, бу жараён бир неча йилга чўзилади. Амалдорлар бирданига 145 миллион киши паспорт алмаштиргани борса нима бўлишини билишади. Россияда 10 миллион меҳнат мигранти борлигини эса улар ҳали тушуниб етишмади менимча.

Рўйхатга олувчи органлар ишида ҳам муаммолар бор. Мисол учун, ҳозирда ҳужжатларни миграция органларига почта орқали жўнатиш мумкин. Лекин муаммо шундаки, ходимларнинг вақти йўқми ёки хоҳлашмайдими – жўнатган одамнинг ўзи келиб унинг маълумотларини базага киритишни сўрамагунича почта орқали келган ҳужжатларни кўришмайди.

Бу жараённи онлайн амалга оширишни йўлга қўйиш орқали соддалаштириш мумкин. Лекин бундай имконият йўқ. Мана, солиқ тизимини олайлик, барча жараёнлар сайт орқали бажарилади. Давлатга ҳужжатлар тизимини соддалаштириш фойдали – коррупция учун камроқ имконият яратилади. Аммо бу ҳеқда ҳеч ким ўйламаяпти.

— Нима учун мигрантлар воситачи компанияларга мурожаат қилишади?

— Бу кўпинча рўйхатга олиш ва ишга қабул қилиш тартибининг мураккаблиги билан боғлиқ, миграцион рўйхат билан боғлиқ муаммолар ҳам етарлича. Масалан, хорижлик фуқаро етти иш куни ичида рўйхатга туриши шарт, лекин ўзи мустақил равишда рўйхатдан ўтиш имконияти йўқ. Бу билан таклиф қилган томон шуғулланиши керак, одамларнинг эса бунга вақти йўқ.

Иш берувчи ҳам бу билан шуғулланишни истамайди ва ишчига муаммони ўзи ҳал қилиши кераклигини айтади. Ва одамлар воситачиларга мурожаат қилишига тўғри келади. Зеро патент ва регистрацияни ҳар ойда узайтириш зарур.

Компаниялар қонун талабларига риоя қилишлари учун кадрлар бўлимига ҳар куни ишчиларнинг қайси бирининг патент муддати ўтиб кетганини, қайси бирининг рўйхат муддати тугаганини текшириб ўтирадиган махсус ходим олишлари керак бўлади ва муддати бир кун ўтиб кетган ходимни ҳам ишдан бўшатишлари лозим бўлади – акс ҳолда бир миллион руб жарима тўлашга тўғри келади.

Ишчи воситачиларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Миграция масаласи муҳокама қилинаётганда ҳеч ким иш берувчиларга мурожаат қилмайди, уларнинг муаммолари ҳақида ҳеч ким билмайди. Шундай экан, ишчиларни расмийлаштириш жуда мураккаб – жарима тўлаш эҳтимоли, ҳужжатлар билан бўладиган доимий бошоғриқлар.

Давлат қонун бузилишларга қарши қонунчиликни кучайтириш орқали курашишга уринмоқда ва бу муаммони янада чуқурлаштирмоқда.

— Сизни одамлар қандай топишади?

Дастлаб юрист ёрдамчиси бўлиб иш бошлаганимда асосан танишлар орқали келишарди.

Вақт ўтгач, ижтимоий тармоқларда бир нечта гуруҳлар ташкил қилдик, 2015 йилда "Мигрант" иловасини ишга туширдик. Илова оддий бўлиб, учта тилда ишлайди. У орқали ФМХ сайтига кириб керакли маълумотларни олиш мумкин.

— Илова яратиш фикри қандай пайдо бўлди?

— Бунинг тарихи узун ва қанчалар ғалати туюлмасин, таксилар билан боғлиқ.

Илгари иловаларга қизиқмасдим ва ижтимоий тармоқларда ҳам ўтирмасдим, энди билсам, бекор қилган эканман.

Ўша пайтларда бизга таксичилар маслаҳат сўраб тез-тез мурожаат қилишарди.

Ноқонуний таксичилар жуда кўп бўлиб, на давлат, на шаҳар ҳукумати бу муаммони еча олди. Кейин онлайн буюртмалар учун иловалар пайдо бўлди ва тез орада кўплаб таксичилар ўша иловалар орқали ишлай бошлашди.

Шундан сўнг биз ҳам оддий ва тушунарли илова яратиш қарорига келдик.

— Келгусида иловани янада ривожлантириш ёки мигрантлар учун мулоқот қиладиган турли дастурлар яратиш режаси борми?

— Иловани ишга туширганимиздан кейин уни такомиллаштириш ишлари тўхтаб қолди – вақтимиз етишмаяпти. Ҳозирда асосан ижтимоий тармоқлар билан шуғулланяпмиз. migrant.mobi сайтини юритамиз — мақолалар, видеолавҳалар жойлаймиз.

Ҳозирда иловани сайт билан бирлаштирмоқчимиз, янги фойдали қўшимчалар киритмоқчимиз.

Ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш устида бош қотиряпмиз. Одамлар иш, яшашга жой қидиришади. Уларга шу йўналишда ёрдам беришни кўзламоқдамиз. Умид қиламанки, бу кўпчиликка енгиллик яратади ва пайдо бўлган муаммоларини тезроқ ҳал қилишларига ёрдам беради.

Мавзу:
Мен - мигрантман. Янги лойиҳа (56)

Асосий мавзулар