07:39 22 Июл 2017
Эфир
Журналист

ОАВ: Ўзбекистонда журналистика соҳаси ислоҳга муҳтож

© Sputnik/ Ekaterina Chesnokova
Янгиликлар
Ҳавола олиш
27921

Ўзбекистондаги ОАВ ходимлари журналистика соҳаси ислоҳга муҳтож, деган фикрни билдиришмоқда

ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида "Сўз масъулияти, гражданлик позицияси, маънавий жасорат-журналист фаолиятининг бош мезони" мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтган. Тадбирда Ўзбекистондаги ОАВ тизими муҳокама қилинган. Бу ҳақда Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари хабар қилмоқда.

Жумладан, Воҳид Луқмон тадбир иштирокчилари "Журналист кадрлар тайёрлаш тизими жиддий ислоҳга муҳтож" деган тўхтамга келишганини ёзиб қолдирган.

"Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда иштирок этган барча журналистлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган ОАВ раҳбарларининг хулосаси шундай. Журналистика соҳасини, журналистларни ўзгартириш учун кадрлар тайёрлаш тизимини ўзгартириш керак. Журналистика соҳасининг барча йўналишларини қамраб олган, замонавий, мустаҳкам моддидий-техник базага эга институт ёки университет керак бизга, дейишди иштирокчилар", деб қўшимча қилган ФБ фойдаланувчиси.

Фейсбукда фаол бўлмаган журналист фаолияти давр билан ҳамнафас эмас! — тадбир хулосаларидан бири шундай бўлган.

Халқаро пресс клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев эса янги институт ташкил қилиш керак, деган фикрни билдириб ўтган.

"Журналистика институтини ташкил қилиш керак! Бакалавр, магистратурадан ташқари, малака ошириш институти ҳам ичида бўлсин, деб айтди Қудратхўжаев", деб изоҳ қолдирган Дилфуза Собирова.

Мақсуд Жонихонов Қудратхўжаевнинг таклифини қўллаб-қувватлаган.

"Шерзод Қудратхўжаев журналист тайёрлайдиган алоҳида академияни ташкил қилиш ҳақида фикр билдирди. Яхши таклиф… Чунки журналистларни тайёрлайдиган университет ёки академия ташкил этилса, аввало Миллий университет ва Жаҳон тиллари университетидаги журналистика факультетлари ёпилиб, марказлашади.

Қолаверса, журналистикага қабул такомиллашади, ҳақиқий интилувчан, дилида дарди, қўлида қалами борлар бу даргоҳга интилади.

Адашиб ўқишга кириб қолишларга йўл қўйилмайди, профессионал, газета ва журналлардан катта мактаб яратган устозлар бу даргоҳга киришни истовчилар билан суҳбатлашади, иншо олади. Шу тариқа саводсизликка ҳам барҳам берилади. ТВда юлдуз бўламан деганларга эса журналистикада ўқиш шарт эмас. Улар санъат институтида ўқиса ҳам бўлаверади. Бир сўз билан айтганда, журналистика ислоҳга муҳтож", деб изоҳ қолдирган Мақсуд Жонихонов.

Асосий мавзулар