14:03 20 Октябр 2017
Эфир
Прокуратура завела уголовное дело на руководство Ташкентского юридического колледжа

Тошкент юридик коллежининг собиқ директорига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

© Foto: Наталья Темирова / minjust.uz
Янгиликлар
Ҳавола олиш
148030

6 октябр куни мазкур коллежда ўқувчилар жанжаллаши оқибатида бир ўқувчи коллежнинг икки ўқувчисига пичоқ билан тан жароҳати етказган, ўқувчилардан бири шифохонада кўз юмганди

ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Тошкент юридик коллежининг собиқ директори Наталья Темирова ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ да "Профилактика куни" муносабати билан ўтказилган брифинг давомида Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи адлия катта маслаҳатчиси Б.А.Деҳқонов маълум қилди.

"Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Тошкент юридик коллежи директори лавозимида хизмат қилган Темирова ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда", деб хабар қилди Sputnik мухбири прокуратура вакилига асосланиб.

Эслатиб ўтамиз, 6 октябр куни мазкур коллежда ўқувчилар жанжаллаши оқибатида бир ўқувчи коллежнинг икки ўқувчисига пичоқ билан тан жароҳати етказган, ўқувчилардан бири шифохонада кўз юмганди.

Ушбу воқеадан сўнг Ўзбекистон адлия вазирлиги матбуот хизмати Тошкент юридик коллежи директори Наталья Темирова "2-даражали адлия маслаҳатчиси" махсус унвон-мартаба даражасидан маҳрум қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар қилди.

Хабарда билдирилишича, адлия вазирининг буйруғига асосан Тошкент юридик коллежи ўқитувчиларининг мурожаати юзасидан хизмат текшируви ўтказилди.

Хизмат текшируви давомида Тошкент юридик коллежи фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширишда Н.Темирова томонидан кадрларни ишга қабул қилишда қариндош-уруғчиликка йўл қўйилганлиги, ходимларни ишга қабул қилиш, ишда қолдиришда таъмагирлик ва қонунбузилишлар мавжудлиги, ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари асоссиз қўлланилганлиги, кадрлар қўнимсизлиги йилдан-йилга ошиб борганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, ўқув жараёнида ҳамда битирувчиларга диплом беришда қонунчилик талаблари бузилган, иш юритиш ва ижро интизоми масаласига масъулиятсизлик билан ёндашилган, топшириқ ва кўрсатмаларнинг тизимли равишда бажарилмаган ҳамда бошқа бир қатор қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Асосий мавзулар