03:33 14 Декабр 2017
Эфир
Символы закона и правосудия

Ўзбекистон судлари 2017 йилда 191 кишига оқлов ҳукмини чиқарди

© fotolia
Янгиликлар
Ҳавола олиш
260 0 0

Бу жуда кам учрайдиган ҳодиса, бунгача уч йил давомида 7 кишига шундай ҳукм чиқарилган, 2017 йилда эса 191 киши оқланди, деди президент Шавкат Мирзиёев

ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik, Дилшода Раҳматова. 2017 йилда судлар томонидан 191 нафар шахсга оқлов ҳукмлари чиқарилди, деб айтиб ўтди президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган нутқи давомида.

"Жорий йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ҳолбуки, илгари битта оқлов ҳукми чиқариш ҳам судлар фаолиятида ўта кам учрайдиган ҳодиса эди", — деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари, шунингддек, терговнинг сифати яхшиланиб, терговчилар масъулияти оширилганини маълум қилди.

Шу давр мобайнида тергов органлари томонидан 238 та ҳолатда жиноий ҳодиса юз бермагани аниқланди. 302 та ҳолатда жавобгарликка тортиш муддати ўтгани, 370 та ҳолатда айбдорлар қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлгани инобатга олинди. 549 та ҳолатда қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотгани, 1 минг 636 та ҳолатда қилмишда жиноят таркиби йўқлиги исботланди. Ана шундай асосларга таяниб, 3,5 мингдан ортиқ жиноят иши тугатилди.

Ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фикрини инобатга олиш амалиёти йўлга қўйилди, қўшимча қилди Ўзбекистон раҳбари.

Маҳалла фуқаролари йиғинлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида судланувчиларга, айниқса, ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланмоқда. Уларнинг тўғри йўлга қайтишлари учун яна бир бор имконият берилмоқда.

Хусусан, шу йилнинг ўзида маҳалла фуқаролари йиғинлари кафиллиги асосида — 152 нафар, Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида — 18 нафар, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида — 3 нафар, жами 173 нафар фуқарога нисбатан жазо тайинлашда жамоатчилик кафиллиги эътиборга олинди. Бу фуқароларнинг 38 нафарини ёшлар, 18 нафарини вояга етмаганлар, 11 нафарини аёллар ташкил этади. Масалан, биргина Шайхонтоҳур туманида 15 нафар шахсга нисбатан жазо тайинлашда маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафиллиги эътиборга олинди.

Ана шундай ишлар натижасида Ўзбекистон бўйича 63 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди, 11 нафар шахс жавобгарликдан озод қилинди, 97 нафар шахсга нисбатан енгилроқ жазо тури қўлланди.

Мирзиёев, нутқи давомида бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа шафқатсиз зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмаслигини қатъий таъкидлади.

"Бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади", — деди президент.

Мирзиёев жиноят ишлари доирасида ноқонуний усуллар билан олинган ҳар қандай маълумотлардан, жумладан, аудио ва видео материаллардан, ашёвий далиллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланишини, қийноққа солиш, ҳимояга бўлган ҳуқуқни бузиш, инсонни алдаш ва тергов жараёнида бошқа ноқонуний усулларни қўллаш ман этилилишни, далилларни сохталаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий қилининишини айтиб ўтди.

Асосий мавзулар